Линклар

Андрей Богданов ким?

  • Барно Анвар

Сиёсий давраларда кўп ҳам танилмаган эса-да, яқиндагина Россия президентлигига номзод сифатида рўйхатга олинган 38 ёшли Андрей Богданов жамоатчилик эътиборига тушди.

Россия Марказий сайлов комиссияси 2 мартда бўладиган президент сайловида номзод сифатида рўйхатга олган 4 кишидан учтаси жамоатчиликка яхши таниш ва кутилган шахслар. Улар Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин қувватлаётган Дмитрий Медведев, президентликка азалдан даъвогарлик қилиб келган Коммунистик партия етакчиси Геннадий Зюганов ва ультрамиллатчи Владимир Жириновскийдир.

Тўртинчи номзод – 38 ёшли А.Богданов кўпчилик учун кутилмаган ва танилмаган сиёсатчи. У ўтган ҳафтада берган матбуот анжуманида Россияни Европа Иттифоқи томон бошлаш нияти акс этган дастурини тақдим қилди ва сайловда ҳеч бўлмаганда 25 фоиз овоз йиғиш орзусида эканини айтди.

“Вазият тақозосига кўра, мен демократлардан кўрсатилган ягона номзод бўляпман ва умид қиламанки, Россия думасига сайловдагидек демократлар яна бўлиниб кетмайди. Яъни барча демократлар учун бериладиган овозларни йиғиш ва шу пайтгача демократларни қўллаб келган сайловчиларни сайлов участкасига чақириш имконига эга бўламиз. Ўйлайманки, яхши натижаларга эришамиз”,- деди Андрей Богданов.

Аммо демократик кучлар номидан ўта оптимистик баёнотлар бераётган бу нотаниш номзод қаердан пайдо?

Бу саволга жавоб берар экан, Россиядаги “Ҳеритаж” жамғармаси эксперти Евгений Волк А.Богданов Кремлга тўла қарам номзод эканини билдирди.

“Бу шунчаки Россиядаги президент сайловига демократик тус бериш учун ҳосил қилинган манзара. У рўйхатга олинганининг ўзиёқ А.Богданов Кремлга тўла бўйсунувчи номзод эканини тасдиқлайди”,- деди Евгений Волк.

Россия МСК тақдим қилган маълумотларга қараганда, Андрей Богданов президентликка даъвогар номзод сифатида рўйхатга олиниши учун зарур бўлган 2 миллион имзони жуда осонлик билан қисқа муддатда йиғишга эришган. Ваҳолангки, унинг номзодини илгари сурган Россия Демократик партияси декабрь ойида ўтказилган парламент сайловида атиги 90 минг овоз, яъни жами сайловчилардан 0,13 фоизининг овозини олишга эришган эди.

Россия матбуотида ёзилишича, А.Богданов Кремль мафкураси талқинидаги “суверен демократия” тарафдоридир. Шу вақтгача бирор марта президент В.Путин сиёсатини танқид қилмаган. Бундан ташқари, А.Богданов етакчилигидаги ўзини Демократик партия, деб атаётган сиёсий гуруҳ сентябрь ойидаги миллий конгрессини президент маъмуриятига қарашли Москва ташқарисидаги қароргоҳда ўтказгани ҳам жамоатчилик эътиборини тортган эди.

Евгений Волк фикрича, А.Богдановнинг номзоди 2 март куни ўтадиган президент сайловида Ғарб билдириши муқаррар танқидлар олдини олиш учун ўйлаб топилган сиёсий дастакдир.

“Афсуски, Россиядаги бугунги воқеликни ҳеч ким жиддий қабул қилаётгани йўқ. Аммо бу вазиятни ҳосил қилаётганлар унга имкон қадар демократик тус беришга интилмоқда. Эртага президент сайлови демократик тамойилларга мос эмас, дея танқид қилинганда ҳукумат унда демократлар, коммунистлар, миллатчилардан номзодлар иштирок этганини байроқ қилади”,- дейди Евгений Волк.

Андрей Богданов Демократик партияга 2005 йилда — кейинчалик мухолифат томонига ўтган собиқ бош вазир Михаил Касьянов билан баҳсли курашлардан сўнг етакчи бўлган эди. Ўша вақтдаёқ М.Касьянов А.Богданов Кремль тасарруфидаги сиёсий фигура эканини айтган.

МСК эса М.Касьяновнинг ўзини президентликка номзод сифатида рўйхатга олмади. МСК уни тақдим этилган имзоларни сохталаштиришда айблади.
XS
SM
MD
LG