Линклар

logo-print

Улар сони юздан ошди

  • Барно Анвар

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:7oijpDNoTEozDM:http://kiyany.obozrevatel.com/files/19/_News_image_large_19495.jpg Сўнгги икки йил ичида МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистонга яширинча ёки ошкора экстрадиция қилинган фуқаролар сони юздан ошди. Уларнинг деярли ҳаммаси диний ва сиёсий мотивларда айбланаётган фуқаролардир.

Бу ҳақда хабар тарқатган мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг билдиришича, шу кунларда ана шу фуқаролар сафига Тулада ҳибсда сақланаётган қаршилик Дилшод Қурбонов ҳам қўшилиши мумкин.

22 январь куни Россия Бош прокуратураси диний сабабларга кўра бошпана излаб Россияга келган ўзбекистонлик қочқин Д.Қурбоновни ватанига экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган эди. 37 ёшли Д.Қурбонов ўтган йилнинг 30 майидан буён Тула вилояти ҳуқуқ-тартибот идораси ҳибсхонасида экстрадиция хавфи остида сақланаётганди.

Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳукуматлари томонидан қонунларга зид равишда ошкора ёки яширин тарзда Ўзбекистонга бериб юборилаётган бу фуқароларнинг кейинги тақдири аксар ҳолларда номаълум қолмоқда.

Мустақил манбалардан олинган маълумотларга кўра, диний ва сиёсий мотивларда айбланган фуқаролар ҳибсхонадан нари қамоққа юборилади ва аксар ҳолларда яқинлари уларнинг устидан суд ҳукми ўқилгандан сўнггина воқеадан хабар топади.

Жумладан, ноябрь ойида Ўзбекистонга яширин тарзда бериб юборилган Абдуғани Камалиевнинг яқинлари дастлаб унинг қаерда эканини ва қачон Ўзбекистонга олиб келингани ва умуман, нега ҳибсга олинганидан бехабар эди.

“Абдуғани Наманган вилояти ички ишлар бошқармасида сақланаётган экан. Хотини ва фарзандлари билан кўришишга рухсат беришди. Аммо нега ҳибсда сақлашяпти, қачон суд бўлади — бу ҳақда маълумот беришгани йўқ. Унинг нимага айбланаётганини ҳам билмаймиз”,- дейди аввал ўғирланиб, кейин эса яширин тарзда Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилиб юборилган Абдуғани Камалиевнинг яқин қариндоши.

А.Камалиевнинг ҳуқуқий ҳимояси билан шуғулланган россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари унинг конституциявий тузумга тажовуз ва тақиқланган диний ташкилотга аъзоликда айблангани ҳақида хабар берган эди.

Худди шундай айбловлар билан МДҲ мамлакатларидан сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонга экстрадиция қилинган фуқаролар сони юздан ошганини таъкидлаётган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи асл рақамлар бундан кўп бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

“Биз фуқаролар мурожаати ва Россия, Қозоғистон, Қирғизистондаги ҳамкасбларимиздан олган маълумотларга асосланиб шу рақамни йиғдик. Аслида экстрадиция ёки депортация қилинган, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўғирланган фуқаролар сони бундан кўп бўлиши мумкин. Афсуски, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳақда мутлақо ахборот бермайди”,- дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев баъзида экстрадиция қилинган фуқароларнинг озод этилиши ҳоллари ҳам учрашини айтади.

“МДҲ мамлакатларидан Қўқонга олиб келинган бир неча йигит озод қилинган эди. Лекин улар ва яқинлари ҳар қандай мулоқотдан қочади. Эҳтимол жуда қаттиқ босим ва дағдағалар остида озод қилингани боис, сукут сақлашга мажбур бўлар. Аммо аксар ҳолларда диний ва сиёсий мотивларда айбланиб, Ўзбекистонга қайтарилган фуқаролар панжара ортида қолади”,- дейди А.Эргашев.
XS
SM
MD
LG