Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:49

Туркманлар антеннасиз қолдириляпти


Туркманистон ҳукумати пойтахт Ашхободда одамларнинг мустақил ахборот олиши учун ягона манба бўлиб қолаётган шахсий сунъий йўлдош антенналарини олдира бошлади.

Катта кулоқлардек кўп қаватли уйлардан чиқиб турган параболик антенналар Туркманистон ҳукумати мамлакатдаги вазият ҳақида ҳеч қачон айтмайдиган гапларни эшитиш ва кўриш имкони беради.

“Бу антеналар шаҳар ҳуснини бузяпти”, дея президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов бир ой аввал уларни олдириб ташлашга буйруқ берганди.

Лекин Ғарб давлатлари мамлакатда ахборот олиш имконияти чекланмоқда, дея жар солмаслиги учун хорижий телевидение кўрсатувларисиз қолаётган ашхободликларга кабел телевидениесига уланиш тавсия қилинди.

“Озодлик”нинг Ашхободдаги мухбири Холмурод Қиличдурдиев марказий кўчаларни антенналардан тозалаш ишлари тезлик билан амалга оширилаётганини маълум қилди.

Қароргоҳи Венада жойлашган Тукманистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи аслида Қ.Бердимуҳаммедовнинг қарори шаҳар қиёфасини яхшилашга мутлақо боғлиқ бўлмаган чора эканини таъкидламоқда.

“Чунки гап шаҳар қиёфасини яхшилаш ҳақида борса, ҳукумат аввалига жуда абгор ҳолда ётган уйларни оқлашдан бошлаши керак эди. Яъни антенналар бор-йўқлигидан қатъи назар, уйларнинг қиёфаси ўзгармасдан қолаверади. Шунинг учун бу ўринда гап фақатгина одамларнинг ахборот олиш имкониятларини чеклаш ҳақида бораётгани ойдинлашади”, – деди Туркманистон ташаббус гуруҳи раҳбари Фарид Тухватулин.

Туркман халқини мутлақо ахборот қамалида қолдирган собиқ президент С.Ниёзов ҳам сунъий йўлдош антенналарини олдириб ташлашга журъат этмаган эди. Шунинг учун кўпгина туркман оилалари 400 тагача бепул телевизион канални кўриши ва элликка яқин радиони тинглаши мумкин бўлган. Россиянинг ахборот ва кўнгилочар телеканаллари, “Евроньюс”, “Би-би-си” телевидениелари ва “Озодлик” радиосининг Прагадан узатилаётган туркман тилидаги эшиттиришлари шулар жумласидандир. Энди улар тарқатаётган ахборотларнинг аксари туркман ҳукумати назоратидан ўтиб халққа етиб бориши амримаҳол.
XS
SM
MD
LG