Линклар

Икки қочқин тақдири ҳамон ноаниқ


Қозоғистонда бири қўлга олинган, иккинчиси номаълум вазиятда ғойиб бўлган ўзбек қочқинлари айни пайтда Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан сўроқ қилинаётган бўлиши мумкинлиги тахмин этилаётир.

Ўзбекистон фуқароси Маъмуржон Ҳаитбоев ўтган йилнинг 10 декабрида Олмаота шаҳри аэропортида Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганди. Ўшанда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси у тергов изоляторида сақланаётганини инкор этганди. Ўтган йилнинг 23 ноябрида эса Олмаотада яна бир ўзбек қочқини Хуршид Шамсуддинов бедарак йўқолганди. Ҳуқуқ ҳимоячилари у Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан тутилиб, юртига олиб кетилганини тахмин қилганди.

Куни-кеча Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси вакили Денис Живаго М.Ҳаитбоев айни пайтда озодликда экани тўғрисида хабар тарқатди.

“БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси ходимлари сўзларига кўра, М.Ҳаитбоев Олмаотада ҳибсга олингандан сўнг Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Юртида эса унга қўйилган айбловлар бекор қилиниб, у озодликка чиқарилган”,- деди Д.Живаго.

Айтилишича, М.Ҳаитбоев Қўқон шаҳрида яшаган пайтлари “Таблиғ” диний ташкилоти уламолари қўлида сабоқ олган. Мамлакатда диндорларни таъқиб қилиш кучайгандан сўнг бир муддат Қирғизистон ва Тожикистонда яшаган. Кейинчалик “Таблиғ”нинг Покистондаги мадрасасида таълим кўрган, сўнг Бирлашган Араб Амирликларидан бошпана топган. 1997 йилда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан диний экстремистик ташкилотларга аъзоликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.

Москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Виталий Пономарёв юқоридаги фактлар инобатга олинса, М.Ҳаитбоевнинг озодликка чиқарилгани ҳақидаги маълумот катта шубҳа уйғотишини билдирди.

“Унинг Ўзбекистондаги қариндошлари мен билан боғланиб, М.Ҳаитбоевнинг озодликка қўйиб юборилганидан хабари йўқлигини маълум қилди”,- деди В.Пономарёв.

М.Ҳаитбоевнинг ҳибс этилиши ва Х.Шамсуддиновнинг берадак йўқолиши воқеалари ўртасида қарийб бир ойча фарқ бор. Ҳуқуқ ҳимоячилари уларнинг ҳар иккиси ҳозир Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тергов қилинаётгани эҳтимоли катталигини айтмоқда.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” сайти Х.Шамсуддинов Олмаотани ўз ихтиёри билан тарк этиб, Молдовага боргани, сўнг мазкур давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Туркияга депортация қилингани ҳақида хабар тарқатганди.

Д.Живаго Х.Шамсуддиновнинг изини чалғитиш мақсадида ўзбек махсус хизматлари атайин шундай операция ўтказган бўлиши мумкинлиги, бироқ бу қочқин Ўзбекистон ҳукумати учун қанчалик муҳимки, уни юртига олиб кетиш учун мураккаб чоралар кўриш керак бўлганига эътиборни қаратди.

Шунингдек, Д.Живаго БМТ қочқинлар идорасининг Олмаота ваколатхонаси Туркиядаги ҳамкасбларига Х.Шамсуддинов тақдирига аниқлик киритиш мақсадида сўров юборганини билдирди.

“Озодлик” мухбири Х.Шамсуддиновнинг Олмаотадаги яқинлари билан боғланиб, ўзбек махфий хизматлари уни ўғирлашдан қандай манфаатни кўзлаган бўлиши мумкинлиги билан қизиқди.

“Ўзбекистондан Х.Шамсуддинов тўғрисида келаётган хабарларга кўра, у МХХда ушлаб турилибди ва уларга кўп маълумотлар беряпти. Унинг танишларидан ҳам Хуршидга яқин бўлган 8 йигит қамалганини ҳақида маълумотлар келяпти”,- деди ўз исмини ошкор этмаган ўзбек қочқинларидан бири.

В.Пономарёв сўзларига кўра, Қозоғистон расмийлари икки ўзбек қочқини билан содир бўлган воқеада Ўзбекистон томонининг қўли борлигини яхши билади.

“Шунинг учун, менимча, М.Ҳаитбоев Ўзбекистонда озодликка чиқарилгани, Х.Шамсуддинов эса ўз ихтиёри билан бошқа давлатга кетгани ҳақидаги уйдирма хабарлар икки қўшни давлат ўртасида дипломатик ва сиёсий оқибатлар келтириб чиқарилмаслиги учун тарқатилган. Шунингдек, бу Қозоғистон махсус хизматлари ўзбек қочқинларини тутишда ўзбекистонлик ҳамкасбларига ёрдам бераётгани ҳақидаги фаразларни чиппакка чиқариш учун ҳам муҳим”,- дейди В.Пономарёв.
XS
SM
MD
LG