Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:49

Намоз ўқиш жойи муаммоси


Хондамир Қирғизистон мусулмонлари ҳайит намозларини Бишкек марказий майдонида ўқишга тақиқ қўйилиши эҳтимолидан норозилик билдириб, намоз ўқишга бошқа жой таклиф қилинмаётганидан ташвишга тушмоқда.

“Қирғизистон ва Ўрта Осиё мусулмонлар конгресси” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Бақит Нурдиновнинг “Озодлик” радиосига айтишича, Бишкекдаги масжидлар пойтахт мусулмонлари учун торлик қилади.

“Шу сабабли агар бош майдонда намоз ўқиш юзасидан ҳукумат тарафидан босим бўлса, у ҳолда биз Фрунзе-Шопоков чорраҳасининг жануби-шарқидаги аввал ўзимизга қарашли бўлган Ғалаба майдонини қайтариб беришни талаб қиламиз. Буни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларимиз бор”,- деди Б.Нурдинов.

Қирғизистонлик мусулмонларни ҳайит намозларини Бишкек марказий майдонида ўқиш маън қилинишидан ҳам кўра, ибодатни адо этиш учун яроқли бошқа бир жой таклиф этилмаётгани кўпроқ ташвишга соляпти.

Ҳайит намозларини марказий майдондан бошқа жойга кўчириш таклифи даставвал собиқ ички ишлар вазири Бўлатбек Нўғойбоев томонидан киритилганди. Ҳукумат раҳбари номига йўлланган мактубда у бу таклифини мамлакат ва одамлар хавфсизлиги таъминлаш зарурати билан изоҳлаганди.

“Майдонга йилига 50-60 минг одам келади. Улар сони йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Намоз жойини бошқа ёққа кўчириш бугун ёки эртага ҳал бўлиб қоладиган масала эмас. Келажакда бу одамлар учун алоҳида жой ажратилса, яхши бўларди”,- деди ИИВ ахборот маркази раҳбари Бақит Сейитов.

Ўн йилдан буён Бишкекнинг бош майдонида адо этиб келинадиган ҳайит намозларида Қирғизистон раҳбарлари ва хорижий мамлакатлар элчихоналари вакиллари ҳам иштирок этарди.

Қирғизистон мусулмонлари диний идораси вакили Раҳматулла Эгамбердиев шу пайтгача бош майдонда ўтказилган намоз пайтида нохуш ҳодисалар рўй бермаганига эътиборни қаратди.

“Бунча одамни масжидларга сиғдириш қийин. Ўтган йили президент Қурманбек Бақиев томонидан 6,5 гектар ер ажратилганди. Ҳозир ўша ерда 10 минг кишилик масжид қурилмоқда. Аммо ҳайит намозларига келадиган кишилар у ерга ҳам сиғмайди”,- деди Р.Эгамбердиев.

Айни пайтда Бишкек шаҳрида 27 та масжид бор. Бундан ташқари, шаҳарда яна ўнта масжид қурилмоқда. Диний ишлар масъуллари мазкур масжидлар битса, Ҳайит намозларини ўқиш жойи муаммоси ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлишига умид билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG