Линклар

“Голден телеком” “Вимпелком” ихтиёрига ўтади

  • Ҳасанжон

Ўзбекистоннинг антимонополия қўмитаси “Вимпелком” ширкатига “Голден телеком” компаниясини сотиб олишга рухсат берди. Бу эса “Вимпелком”га Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтириш имконини беради.

“Голден телеком” вакили “Вимпелком” бу ширкатни сотиб олаётгани тасдиқлади, аммо бу ҳақда қўшимча маълумот бера олмаслигини билдирди.

“Вимпелком”нинг Москвадаги идораси вакили Екатерина Осадчая компания “Голден телеком”нинг нафақат Ўзбекистондаги, балки МДҲнинг бошқа мамлакатларидаги активларини ҳам сотиб олаётганини маълум қилди.

“Бу ширкат Ўзбекистондан ташқари Украина, Қозоғистон ва Россияда фаолият юритади. Биз “Голден телеком”нинг битта ширкатини эмас, балки бутун ширкатлар гуруҳини сотиб оляпмиз. Ҳозир жараён давом этаётгани учун бу ҳақда ахборот воситаларига шарҳ бера олмаймиз”, – деди Екатерина Осадчая.

“Голден телеком” ширкати Тошкентдаги “Бузтон” қўшма корхонасининг 54 фоиз акцияси эгасидир. “Бузтон” “Ўзбектелеком” ва АҚШнинг NCI Projects International Inc. компанияси ҳамкорлигида 1995 йилда ташкил этилган. Компания маҳаллий ва халқаро сўзлашувлар бўйича хизмат кўрсатади.

“Бузтон” вакили “Вимпелком” ва “Голден телеком” ўртасида ҳозирча якуний келишувга эришилмаганини таъкидлади.

“Ҳозирча расман келишувга эришилгани йўқ. “Голден телеком” ширкати фаолият юритаётган ҳар бир давлатдаги монополияга қарши қўмиталар келишув имзолаш ҳақида рухсат бериши керак. Бу масала компанияларимиз таъсисчилари даражасида муҳокама қилиняпти. Шу боис, мен бу ҳақда маълумотга эга эмасман”, – деди “Бузтон” вакили.

Россиянинг “Вимпелком” компанияси Ўзбекистондаги “Юнител” мобил алоқа операторини сотиб олган бўлиб, “Билайн” савдо белгиси остида фаолият юритади. Шунингдек, у Ўзбекистондаги “Бузтел” компаниясини ҳам харид қилган.

“Вимпелком”нинг “Голден телеком” гуруҳини, жумладан, унинг Ўзбекистондаги активини сотиб олиши мамлакат ички бозорига қандай таъсир этиши мумкин?

Мустақил иқтисодчи Дмитрий Поваров фикрича, бу Ўзбекистон бозорига жиддий таъсир этмайдиган, балки мазкур икки ширкат манфаатларига хизмат қиладиган савдодир.

Шунингдек, Д.Поваров ҳозир Ўзбекистон бозорида МДҲ ҳудудида фаолият юритаётган барча йирик компаниялар ишлаётгани, “Вимпелком”нинг “Голден телеком”ни сотиб олиши Ўзбекистонда мобил алоқа хизмати нархи ошиб келишига олиб келмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG