Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:29

Жон Маккейннинг президентликка номзод бўлиш имконияти ошиб бормоқда


Аваз Алиев АҚШда мамлакат президентлигига номзодларни саралаш жараёнининг Флорида штатида бўлиб ўтган навбатдаги босқичида республикачи Жон Маккейн ва демократ Ҳиллари Клинтон ғалаба қозонди.

Аризона штатидан сенатор, 71 ёшли Жон Маккейн республикачилар орасидан мамлакат президенти лавозимига номзодларнинг энг ёши улуғи ҳисобланади. У ўз сайлов кампанияси давомида кўп йиллик тажрибага эга эканига урғу бериб, бунга ўзининг ҳарбий соҳадаги хизматларини ҳам илова қилади.

Шу пайтгача Жон Маккейннинг сайлов кампанияси бошқа номзодларникига қараганда оқсаётган эди. Кўпгина кузатувчилар ҳаттоки АҚШ президенти лавозимига номзодларни саралаш пойгасида Жон Маккейннинг соғлиғи ва сабр-тоқати етишига ҳам шубҳа билдираётган эди. Аммо шу кунгача у учта штатда ўтказилган овоз бериш жараёнида ғалаба қозонди.

Флоридадаги пойгада ҳам ғалаба қозонган Жон Маккейн ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилар экан, кейинги ҳафтада бирданига 21 штатда ўтказилиши кутилаётган овоз бериш жараёнида ғолиб бўлишига ишонишини билдирди.

Демократларнинг Флорида штатидаги овоз бериш жараёнида Ҳиллари Клинтон 50 фоиз овоз тўплади. Иллинойс штатидан сенатор Барак Обама эса 33 фоиз овоз билан чекланди.

Бироқ партиядошлар ўртасидаги ўзаро зиддият туфайли демократларнинг президентликка номзодларни кўрсатиш съездида Флорида штатидаги овоз бериш жараёни натижалари инобатга олинмайди.

Демократлардан АҚШ президенти лавозимига яна бир номзод Жон Эдвардс сайлов пойгасидан чиқишини маълум қилди. Энди демократлардан фақат Ҳиллари Клинтон ва Барак Обама президентликка номзод бўлиш учун ўзаро кураш олиб боради.
XS
SM
MD
LG