Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:35

Озода Нурсаидова – Ўзбекистонда демократия тарафдори


Ўзбекистонлик хонанда Озода Нурсаидова “Youtube” сайти орқали бутун дунёга ўзининг Ўзбекистонда демократия тарафдори эканини эълон қилди.

“Энди сен хоразмликсан, сен қашқадарёликсан, деб миллат ажратиш яхшимас. Бунақада биз демократик давлат туза олмаймиз”,- деди хонанда.

Озоданинг бу гаплари Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Юлдуз Усмонованинг: “Тошкентни хоразмлик ёш, чиройли раққоса қизлар босиб кетди”, деган иддаосига жавоб тарзида айтилди.

“Ҳозир бир нарсага эътибор қиляпсизми ёки йўқми, катта майдонларда концерт бўлганда Хоразмдан ўйинчи гуруҳ келади. Бир хил лўли бозорига ўхшайди”,- деган эди собиқ депутат ва айни пайтда машҳур хонанда.

Хонанда, собиқ депутат, ҳуқуқшунослик дипломига эга эканини айтаётган Юлдуз Усмонованинг бу гапларига жавобни Озода Нурсаидова берди.

“Ўзбекистон пойтахти Тошкент - нон шаҳри. Бу ерга ҳамма ҳар ердан келиб меҳнат қилади, илм олади, ўқийди. Қайси вилоятдан бўлишидан қатъи назар, Тошкентда хоҳласа илм олсин, хоҳласа яшасин. Агар биз "сен фалон вилоятдансан", деб бир-биримизни камситсак, бир ерга жам бўлмасак, келажаги буюк демократик давлат туза олмаймиз. Мен келажаги буюк Ўзбекистон учун жонимни бераман”,- деди О.Нурсаидова.

Юлдуз Усмонова Хоразм рақсларига ҳам эътироз билдирганди.

“Синиб қолган атиргулга ўхшайди. Ўйиннинг бошидан охиригача икки букланиб шундоқлигича тураверади. Яна кўзи билан узук ҳам олиб қўяди. Бу санъатми ё циркми?”- деганди Ю.Усмонова.

Ўзбекистон халқ артисти, Хоразм рақслари ҳақидаги китоб муаллифи, фалсафа фанлари номзоди, олима ва раққоса Гавҳар Матёқубова Ю.Усмонованинг бу эътирозларига жавобан: “Биз санъаткорлар халқ учун рақс тайёрлаймиз. Халқ қизларнинг икки букилганини, тизза ташлаб ўйнаётганини кўриб турибди. Тизза ташлаб ўйнаш “Авесто” давридан қолган. Кўпинча шунга эътироз билдирилади”,- деди.
XS
SM
MD
LG