Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:02

Бухорода ҳуқуқ ҳимоячиларига куч ишлатилди


Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Абдулло Тожибой ўғли ва Елена Урлаева 30 январь куни Бухорода милиция ходимлари томонидан ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси вакили Аҳтам Шоймардонов маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳуқуқ ҳимоячилари Бухорога 17 мусулмон устидан вилоят судида бошланган судловни кузатиш учун борган. Судда кузатувчи сифатида қатнашишни этишни сўраб, Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсига судланувчиларнинг яқинлари мурожаат қилган. Абдулло Тожибой ўғли Елена Урлаева билан Бухорога 29 январь куни етиб келган ва 30 январь куни суд биноси олдига борган.

Ушбу хабардан сўнг “Озодлик” мухбири Е.Урлаеванинг ўзи билан боғланишга муваффақ бўлди.

Е.Урлаева сўзларига кўра, Бухоро шаҳри ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари подполковник Ҳафизов унга куч ишлатган. Шундан сўнг у тиббий ёрдамга зарурат сезган ва милиция ходимлари тез ёрдам чақиришга мажбур бўлган.

Маълум бўлишича, Е.Урлаева ва у билан ички ишлар бўлимида ушлаб турилган А.Тожибой ўғли Бухоро вилояти судида 17 мусулмон устидан ўтказилаётган судловга киритилмаган. Шундан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари суд биноси олдида пикет ўтказа бошлаган. Норозилик акцияси пайтида улар Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати терговчиси Маъруф Халилов исмли шахс жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилган. Шундан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари ушланиб, ИИБга олиб кетилган.

Е.Урлаеванинг билдиришича, уларнинг қўлида М.Халилов диний мотивлар билан судланаётганларни қийноққа солгани тўғрисида ишончли далиллар бор.

ИИБнинг ўз исмини айтмаган вакили Е.Урлаева ва А.Тожибой ўғли қўлга олинганини рад этди.

“Улар ҳеч ҳам қўлга олингани йўқ. Улар бу ерга таклиф қилинган ва бу ерда улар билан суҳбат ўтказиляпти. Улар “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 201-моддасини бузгани учун бу ерга таклиф қилинган”, – деди ИИБ вакили.

А.Шоймардонов томонидан тақдим этилган энг сўнгги маълумотларга кўра, 30 январда куни бўйи ИИБда ушлаб турилган Абдулло Тожибой ўғли ва Елена Урлаева Тошкент вақти билан 17:50да судга олиб кетилган.
XS
SM
MD
LG