Линклар

logo-print

“Ижтимоий фикр”га ишонасизми?


Хондамир Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, мамлакат фуқаролари ўз келажагига некбинлик билан қарамоқда.

“Ижтимоий фикр” маркази экспертларининг билдиришича, ўтган йилда ўзбекистонликлар некбинона ҳаёт кечирган, бу эса 2008 йил учун яхши истиқболларни пайдо қилади.

Марказ маълумотларига кўра, аҳоли ўртасида ўтказилган ижтимоий тадқиқот натижалари мамлакат фуқаролари орасида барқарор оптимистик кайфият мавжудлигидан далолат беради.

“Ижтимоий фикр”нинг таъкидлашича, аҳоли ўртасидаги ижтимоий оптимизм кўрсаткичи 88,9 фоизни ташкил қилади.

Бу жумла оддий тилга кўчирилса, “ўзбекистонликлар бугун кечагидан кўра яхшироқ яшаяпти-ю, эртага бугунгидан ҳам кўра яхшироқ яшашга ишоняпти”, деган маъно чиқади.

Яна таъкидланишича, сўровда қатнашганларнинг акарияти, яъни 90,6 фоизи ҳозирги пайтда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол “ЯХШИ ва БАРҚАРОР” эканини билдирган.

Хўш, бу ҳақда ўзбекистонликларнинг ўзи қандай фикрда?

Ўзбекистонликларнинг ижтимоий-иқтисодий характердаги шикоятлари билан анчадан буён шуғулланиб келаётган фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов “Ижтимоий фикр” тадқиқотларининг ҳақиқий аҳволга мутлақо мувофиқ эмаслиги айтади.

“Ҳозирги қиш кунларида одамлар жуда қийналган ҳолда яшамоқда. Айниқса, қишлоқларда яшаётган одамларнинг аҳволи ўта оғир. Бир суткада 16-20 соатлаб чироқ ўчаётгани, газ умуман берилмаётганини бунга асос қилиб айтиш мумкин”,- дейди Ғ.Маматхонов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Исроил Ризаевнинг айтишича, “Ижтимоий фикр” маркази расмийларга қарам бўлгани учун марказ тарқатадиган натижалар бундан бошқача бўлиши мумкин эмас.

“Бизда ахборот олиш ва ахборот тарқатиш ёпиқ бўлгани учун ҳам ҳақиқий аҳволни ёритиш воситасининг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам ҳукуматпараст ташкилотлар 80-90 фоизлик кўрсаткичларни кўрсатади. Агар улар тарқатган маълумотлар бўйича турмуш даражаси яхши бўлса, аҳоли гурра-гурра Россияга, Қозоғистонга мардикор бўлиб, қул бўлиб чиқиб кетмас эди-ку. Ҳозир ҳам кузатяпмиз, Ўзбекистондан чиқиб кетиш жуда ҳам кўп бўляпти”, - деди И.Ризаев.

Исми ошкор қилинишини истамаган ўзбекистонлик таҳлилчи фикрича, Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш марказлари ўтказадиган тадқиқотлар икки босқичдан иборат. Биринчи босқичда жамият кайфиятини ҳаққоний акс эттирган натижалар олиниб, улар ички фойдаланиш учун қолдирилади. Иккинчи босқичда бу натижалар қайта ишланиб, расмийларга мақбул келадиган тарзда ўзгартирилиб, кенг оммага тақдим этилади.

Таҳлилчи сўзларига кўра, “Ижтимоий фикр”нинг Интернетда чоп этилаётган барча маълумотларига сиёсий технология ёки сиёсий ташвиқот воситаси ўлароқ қараш мумкин.

“Аслида Ўзбекистонда ижтимоий табақаланиш жадал суръат билан кетяпти ва бу омил аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатяпти. Аммо бу расман тарқатиладиган сўров натижаларида акс этмайди”,- дейди таҳлилчи.

Бошқа бир таҳлилчи эса “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш эмас, балки ижтимоий фикрни шакллантириш билан шуғулланаётганини айтади.

Бу фикрнинг қанчалик асосли экани ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхонов гаплари билан ҳам тасдиқланади: “Ҳозирги кунда – тинчлик маҳалида – вилоятимизда талон тизими жорий этилгани ҳам иқтисодий қийинчиликнинг бир далили ҳисобланади. Дўконларнинг олдида юзлаб одам навбатда туради. Бир буханка нон учун эрталаб соат беш ярим-олтидан кўчага чиқишиб туради. Мен яқинда бир мониторинг ўтказдим. Маълум бўлишича, 5000 кишига бир кунда 75 та нон берилар экан. Бугун 30 январь бўлишига қарамай, бу ой учун ёғ, ун маҳсулотлари берилгани йўқ. Шу тариқа, аҳолининг эртанги кунга ишончи йўқоляпти”.
XS
SM
MD
LG