Линклар

logo-print

Ҳукумат сиёсатдаги бумерангни эсдан чиқардимикин?


Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистон ҳукуматининг терроризм ёки экстремизмга алоқаси бўлмаган инсонларни бесабаб таъқиб қилиши ҳукуматнинг ўзи учун ёмон оқибатларга олиб келиши эҳтимолини эътироф этмоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси Олмаота ваколатхонаси вакили Денис Живагонинг “Озодлик”ка айтишича, сўнгги йиллар давомида Қозоғистонга бошпана излаб келган ўзбек қочқинларининг аксарини диндорлар ташкил этади.

“Андижонда содир бўлган воқеалардан сўнг Қозоғистонга қочишга мажбур бўлганлар, асосан, ўша воқеаларда иштирок этганлар ёки уларни ёритганлар, яъни кўпроқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва ҳуқуқшунослар эди. Ҳозир бошпана сўраб мурожаат қилаётганлар орасида ҳуқуқ ҳимоячилари деярли йўқ. Бугунги кунда бошпана изловчиларнинг аксари диний мотивлар асосида таъқиб қилинаётганлардир. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда намоз ўқигани, масжидга боргани ва соқол қўйгани учун таъқибга олинган, террорчиликда айбланган. Баъзида эса инсонга бирор террорчилик ҳаракати уюштириш мақсадидагина спорт билан шуғулланаётгани борасида маразм даражасига етадиган айблов билдирилган”,- дейди Д.Живаго.

Ўзбекистонда диний эътиқоди учун таъқиб қилингани ортидан Қозоғистонга бошпана излаб келган ўзбек қочқинларидан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ҳукуматга қарши ҳеч қандай сиёсат билан шуғулланмаганини билдирди.

“Диний билим олинадиган дарсларда бундай гаплар бўлмаслигини ҳукуматдагилар ҳам яхши билади. Ҳукуматни ағдариш, халифатчилик каби мавзуларда суҳбат бўлмаган. “Ҳизб ут-таҳрир” бўлса, ундай гаплар бўлган бўлиши мумкин. Лекин мен бу ердаги қочқинлар орасида ҳизбчилар борлигини эшитганим йўқ. Бу ердагилар, асосан, дарс бергани, дарс олгани, Обид қори акага таниш бўлгани ёки унинг масжидига қатнагани учун жиноятчига чиқарилган. Мен билганларимнинг кўпчилиги шундай”,- дейди суҳбатдош ўзбек қочқини.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов мамлакатда нафақат диндорлар, балки уларнинг яқинларини ҳам таъқиб этиш авжига чиққанини, шунинг учун уларнинг аксарияти юртини тарк этаётгани кузатилаётганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати ҳатто суд томонидан террорчилик ёки экстремизмда алоқадорлиги тўлиқ исботланмаган 8 мингга яқин маҳбусни қамоқхоналарда сақламоқда, уларни қийноққа солиш ҳолатлари ҳам мавжуд.

“Бу тазйиқлар кейинчалик ҳукуматнинг ўзи учун салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин. Масалан, Ўзбекистон исломий ҳаракатини олсак, 90- йиллар бошида уларга нисбатан таъқиб ва зўравонлик бошлангач, улар четга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Ўша пайтда умуман террорчи бўлмаган бу шахслар оиласи билан хорижга кетган. Таъқиблар бошланмаганда бундай бўлмаган бўларди. Табиийки, ЎИҲ террорчи ташкилот эмас, балки исломий давлат қуриш ғоясидаги бир партия эди. Энди бутун дунё унинг террорчи ташкилот эканини тан оляпти. Худди шунга ўхшаш сценарий яна такрорланиши мумкин”,- деди Суръат Икромов.

Хельсинки инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Олмаота ваколатхонаси раҳбари Нинель Фокина ҳам Ўзбекистонда кишиларни эътиқоди учун тазйиққа олиш оммавий тус олаётгани акс садо бериши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмаслигини таъкидлади.

“Ҳар қандай кучга босим ўтказиб, уни яширин фаолиятга мажбурлаш тегишли қаршиликни туғдиради. Бу қаршиликнинг кўриниши эса кутилмаган ва ёқимсиз бўлиши мумкин”,- дейди Н.Фокина.

Унинг сўзларига кўра, сиёсий, диний, умуман ҳар қандай плюрализм одатий ҳолат бўлиб, ҳукуматнинг жамиятда униб чиқаётган радикал ғояларга қарши репрессив курашаётгани унинг ўз ғояси йўқлиги ёки ўта заиф эканини тан олиши билан баробардир.
XS
SM
MD
LG