Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:04

ҲРУ Тожикистондаги аҳволдан ташвиш билдирилди


“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти ўзининг йиллик ҳисоботида Тожикистонда инсон ҳуқуқлари бузилишига оид кўплаб далилларга тўхталган ва мамлакатдаги айрим ҳолатлардан ташвиш билдирган.

ҲРУ ҳисоботида расмий ҳукумат терроризмга қарши кураш баҳонасида масжидлар фаолиятини чеклаётгани, фуқаролар диний эътиқоди учун тақиқланган диний ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалаётгани, мустақил нашрлар ҳамон тегишли идоралар томонидан назорат қилинаётгани ҳамда Тожикистон Демократик партияси лидери Маҳмадрўзи Искандаров ўтган йил июнда эълон қилинган амнистияга туширилмагани қайд этилган.

Тожикистон Коммунистик партияси раиси Шоди Шабдолов ҲРУ ҳисоботига муносабат билдирар экан, ҳақиқатан ҳам мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи халқаро меъёрларга жавоб бермаслигини таъкидлади.

“Конституциямиз бошқа қўшни давлатларникига нисбатан камчиликлардан холи. Муаммо амалдаги қонунлар ижроси зиммасида бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг саводсизлиги, кадрларнинг ўз ўрнида эмаслигида. Афсуски, бу идораларда салла ўрнига калла олиб келаётганлар кўплаб топилади”,- деди Ш.Шабдолов.

У ҲРУ ҳисоботидаги ҳамма хулосаларни ҳам ҳақиқатга яқин дейиш хато бўлишини билдирди. Бироқ Тожикистон журналистлари миллий уюшмаси раиси Нуриддин Қаршибоев ҲРУ экспертлари мамлакатдаги вазиятга тўғри баҳо берганини айтди.

“Жиноят кодексига Интернетда туҳмат ва ҳақорат мазмунидаги мақола чоп этган муаллифни озодликдан маҳрум этишга доир киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Журналистик тадқиқот маркази журналистларининг жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлди. Бу эса Тожикистонни халқаро ҳамжамият олдида обрўсизлантирди. Шуни назарга олган ҳолда мен мазкур ташкилот хулосаларига қўшиламан”,- деди Нуриддин Қаршибоев.

ҲРУ Халқаро қизил хоч жамиятига Тожикистон қамоқхоналаридаги вазият билан танишиш имкони берилмаётганидан ҳам ташвиш билдирган.

“БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиза Арбурнинг 2007 йил апрелда Тожикистонга қилган сафаридан мақсад Халқаро қизил хоч жамиятига мамлакат қамоқхоналарига эркин кириш ҳуқуқи масаласини ҳал этиш эди. Бироқ Тожикистон ҳукуматига боғлиқ равишда бу масала ҳамон ечимини топмаган”,- дейилади ҲРУ ҳисоботида.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси вакили Пайём Фуруғий мамлакатда мавжуд 11 та қамоқхона ва 7 та вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланаётган 10 мингдан ортиқ кишининг саломатлиги ва ҳуқуқлари қай аҳволда эканини билиш имконсизлигини билдирди.

“Тожикистон қонунчилиги хорижий экспертлар ва ҳатто адвокатларнинг қамоқхоналарга эркин кириб чиқишини чеклаб қўяётгани жуда ташвишли. Ахир Халқаро қизил хоч Тожикистон қамоқхоналаридаги муҳитни халқаро стандартларга мослаштириш борасида беғараз ёрдам кўрсатмоқчи-ку”,- деди Пайём Фуруғий.

Тожикистон Демократик партияси еаткчиси Мақсуд Собиров ҳисобот муаллифларининг партия собиқ раиси М.Искандаров амнистияга туширилмаганига оид фикрларига муносабат билдириб: “М.Искандаров сиёсий маҳбус ҳисобланмайди. Шунинг учун биз унинг амнистияга туширилиши борасида уруниб кўрмаганимиз сабабли бўлса керак, у авф этилмади. Бироқ тожикистонлик фуқаро сифатида у авф этилишга ҳақли эди”,- деди.

ҲРУ ҳисоботида биргина ўтган йили Тожикистонда 3 та масжид бузиб ташлангани, ўнлаб масжидлар ёпиб қўйилгани, мамлакатда яшовчи ўзбек ва тожик диндорлар сиёсий эътиқоди учун қамоққа ташланаётгани борасида ҳам сўз боради.

Тожикистон Коммунистик партияси раиси Ш.Шабдолов бу асоссиз айблар эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, тожик жамиятида иғво тарқатиш ниятида бўлган ҳар қандай шахс жазо олиши адолатдандир.
XS
SM
MD
LG