Линклар

logo-print

Маҳалла қўмиталари яна бир қарич ўсадиганга ўхшайди


Ўзбекистон президенти фармойишига биноан икки ёшга тўлмаган фарзанди бор оналарга давлат нафақасини маҳалла қўмиталари тўлайдиган бўлди. Илгари бу нафақа онанинг иш жойидан берилар эди.

“Ўзметроном” сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Молия вазирлиги жойлардаги тузилмаларини икки ёшга тўлмаган фарзанди бор оналарга нафақа бериш ёки бермаслик масаласини бундан буён маҳалла қўмиталари ҳал қилиши тўғрисида огоҳлантирган.

Бундан кўзланган мақсад, расмийларга кўра, оналар ва болалар ижтимоий ҳимоясини такомиллаштиришдир. Негаки, авваллари ишсиз бўлган оналар нафақа олишда бир қатор муаммоларга дуч келар эди. Энди эса бу вазифа маҳалла қўмиталарига юклангани барча оналар учун бир xил имтиёз пайдо қилади.

Бундай қарор қабул қилинишига президент Ислом Каримов ўзининг сайловолди дастурида эълон қилган ижтимоий ҳимояни кучайтириш тамойиллари асос бўлгандир.

“Барчамизга маълумки, дунëда “ўзбек модели” номи билан тан олинган мустақил тараққиëт йўлимизнинг негизида турган машҳур беш тамойилдан бири кучли ижтимоий сиëсат юритишдир. Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб амалга оширилаëтган бу сиëсатнинг амалий тасдиғи сифатида шуни таъкидлаш керакки, ижтимоий соҳага йўналтирилаëтган маблағлар давлатимиз бюджетининг умумий харажатларига нисбатан 2006 йилда 51,9 фоизни, 2007 йилда эса 53,8 фоизни ташкил этди. 2008 йилда эса бу кўрсаткич 54,6 фоиз даражасида бўлиши белгилаб қўйилган”, - деган эди Ислом Каримов.

Оналарга нафақа иш жойидан эмас, маҳалла қўмиталари томонидан белгиланиши айрим муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Масалан, бундан буён нафақа олмоқчи бўлган аёл нафақат ўзининг, балки бутун оила аъзоларининг даромадлари тўғрисидаги маълумотларни маҳалла қўмитасига топшириши шарт бўлади. Агар бу даромад оиладаги киши бошига 20 минг сўмдан тўғри келса, маҳалла қўмитаси нафақа белгилашдан бош тортиши мумкин.

Францияда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Отаева бу вазият алаҳсирашни эслатишини таъкидлади.

“Жамоат ташкилоти ҳисобланган маҳалла қўмитаси қандай қилиб бу масала механизмини мувофиқлаштиради? Бунинг учун маҳалла қўмитаси бир қатор соҳалар бўйича доимий ишлайдиган мутахассисларга эга бўлиши лозим. Авваллари нафақани иш жойлари белгилар эди. Ҳукумат ва иш берувчи ўртасида ижтимоий ҳимоя тамойиллари тўғрисида келишув мавжудлиги ва қонунчиликда бу ҳолатлар қайд этилгани учун бу масалада ташвишланмаса бўлар эди. Энди эса ҳукумат ижтимоий ҳимоянинг бир бутоғини маҳалла ихтиёрига ўтказиб, ўзидан бу масъулиятни соқит қилмоқчи ёки бу соҳа учун сарфланаётган маблағ миқдорини камайтиришга интилаётганга ўхшайди”,- деди Н.Отаева.

Айрим кузатувчилар эса нафақа тайинлаш ваколатининг маҳаллага берилиши билан ҳукумат ўз масъулиятининг бир қисмидан воз кечмоқчи эмас, аксинча маҳалла қўмитаси таъсири ва обрўсини янада мустаҳкамламоқчи, деган фикрни билдирмоқда. Ислом Каримовнинг ўзи ҳам чиқишларидан бирида маҳалланинг ўзбек жамиятидаги ўрнини юқори баҳолаб, бу жамоатчилик ташкилоти аҳамиятини ошириш зарурлиги тўғрисида гапирган эди.

“Бугун мен шу юксак минбардан туриб, узоқ ва яқин қўшниларимизнинг ҳавасини тортаëтган жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаëтган маҳалла оқсоқоллари ва фаолларини меҳнатини, айниқса, маҳалла аҳли ва аëллар ўртасида катта иш олиб бораëтган маслаҳатчиларнинг фаолиятини алоҳида эътироф этиш ва уларга чин қалбимдан ташаккур билдиришни ўзимнинг бурчим, деб биламан”,- деган эди И.Каримов.

Н.Отаева оналарга нафақа бериш ваколатининг маҳаллага ўтказилиши маҳалла қўмитаси нуфузини оширишга хизмат қиладигандек кўринса ҳам аслида И.Каримов томонидан берилган ваъдаларни юмшатишга қаратилган ҳаракат эканини айтади.

“У кўп нарсаларни ваъда қилган. Нега энди фарзандларимиз куз ва қишнинг дастлабки кунлари пахта далаларига жалб қилинди? Қиш аёзида эса ҳукумат мактабдаги маиший-ижтимоий шароитни ҳал қилиб бера олмагани учун фарзандларимиз ўқиш ўрнига уйда ўтирибди. Каримов Ёшлар йилида ёшларга эътибор қаратилишини ваъда қилган эди-ку. Шу ҳолатнинг ўзиёқ И.Каримов ўз ваъдаларининг устидан чиқа олмаслигини ва уларни бажаришни бошқа шахслар зиммасига юклаётганини кўрсатиб турибди”,- деди Н.Отаева.
XS
SM
MD
LG