Линклар

logo-print

Ўзбекистонда яхшиланиш кузатилаётгани йўқ

  • Замира Шукур

31 январь куни “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти жаҳон давлатларидаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бағишланган янги йиллик ҳисоботини жамоатчилик эътиборига тақдим этди.

“Ниҳоясига етган йил давомида жаҳонда ҳақиқий демократик қадриятлар ва инсон ҳуқуқларига самимий ҳурмат кўрсатиладиган давлатлардан кўра, демократия ва инсон ҳуқуқлари ниқобини кийиб, сиëсий ўйин ўйнаëтган давлатлар сони кўпайди”,- дейилади ҳисоботнинг умумхулосасида.

Нуфузли инсон ҳуқуқлари ташкилоти жаҳон бўйлаб кенг ëйилган бу жараëнни “демократия масхараси”, деб атайди ва Ўзбекистон ҳукуматини ана шу ўйиннинг ҳадисини обдон олганлар қаторига қўшади.

ҲРУнинг Ўзбекистон бўйича етакчи мутахассиси Андреа Берг “Озодлик” билан суҳбатда ўтган йили Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланиши кузатилмаганини билдирди.

“Ўзбекистон ҳукумати дунëдаги энг репрессив ҳукуматлардан бири ва ҳозир мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлардан камида 13 нафари қамоқда қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи аксар халқаро ташкилотлар каби ҲРУ ҳам Ўзбекистонни дунëдаги инсон ҳуқуқлари энг кўп топталаëтган давлатлар қаторига қўшиб келмоқда. Бу мамлакатда на дин эркинлиги, на матбуот эркинлиги бор. Ўнлаб мустақил журналистлар ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ҳукумат таъқибидан қўрқиб, Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлмоқда. Халқаро ноҳукумат ташкилотлар эса Андижон воқеаларидан сўнг бирин-кетин мамлакатдан ҳайдаб чиқарилди”,- дейди Андреа Берг.

Ўзбекистонда расман рўйхатга олинган ягона инсон ҳуқуқлари ташкилоти бўлмиш “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова 2007 йилда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҲРУ ҳисоботида тилга олинганидан ҳам ëмонлашганини қўшимча қилди.

Ўғли Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир” диний ташкилотига аъзоликда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган Ғанижон ака ҳам эътиқод маҳбуслари кўпайиб бораëтгани ва ҳукумат эълон қилаëтган амнистияларнинг бу каби минглаб маҳбусларни атайин четлаб ўтаëтганини билдирди.

ҲРУ ҳисоботининг каттагина қисми инсон ҳуқуқларини топташ бўйича жаҳондаги ëмонлар қаторига қўйилаëтган Ўзбекистон каби ҳукуматлар билан қандай муносабатда бўлиш масаласига бағишланади.

Ташкилот 2005 йилда Андижонда рўй берган қирғин юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга рухсат бермаëтган, ҳам маҳаллий, ҳам хориж фуқаролик жамияти вакилларининг мамлакатда фаолият юрғизишига йўл қўймаëтган Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан демократик ҳамжамият тутаëтган ëндашувни кескин танқид қилиб келмоқда.

Хусусан, Андижон воқеаларидан сўнг Тошкент режимига қарши чекланган санкциялар жорий этган Европа Иттифоқининг бу жазо чораларини ҳеч бир асоссиз юмшатиши ҲРУ ва бошқа халқаро ҳуқуқ ташкилотлари норозилигига сабаб бўлмоқда.

“Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш учун босимни кучайтириш керак. Биз кўпинча ЕИ расмийларидан иттифоқ Ўзбекистон билан мулоқотни сақлаб қолиши лозим, деган баҳоналарни эшитамиз. ҲРУ ҳам мулоқотни қўллаб-қувватлайди, аммо бу жараëнда мулоқотни сақлаб қолишнинг ўзигина бош мақсад бўлмаслиги, аксинча мулоқот инсон ҳуқуқларини яхшилаш йўлида восита бўлмоғи лозим. Афсуски, ҳозирча биз буни кўраëтганимиз йўқ”,- дейди ҲРУ вакиласи Андреа Берг.

“Эзгулик” раиси Васила Иноятова ҳам ЕИ ва АҚШ ҳукуматларининг Тошкентга нисбатан тутаëтган сиëсати Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашга хизмат қилмаëтганини қайд этди.

В.Иноятова каби маҳаллий кузатувчилар, қолаверса, аксар оддий ўзбекистонликларнинг бу каби танқидларидан келиб чиққан ҲРУ ўз ҳисоботида БМТ, ЕИ, ЕХҲТ ва АҚШ каби нуфузли ташкилот ва ҳукуматларни Ўзбекистон режимига нисбатан инсон ҳуқуқларини ҳурматлаш борасида босим ўтказишга қаратилган ягона стратегия ишлаб чиқишга даъват қилади.
XS
SM
MD
LG