Линклар

Тележурналистлар очлик эълон қилди


Хондамир Бишкек шаҳрида бир гуруҳ журналистлар Миллий телерадиокорпорация биноси олдида норозилик акциясини бошлади. Улар МТРК бош директори Мелис Эшимқановнинг ишдан кетишини талаб қилмоқда.

Акция лидери Бейшенбек Бекешов унинг ҳаммаслаклари М.Эшимқановнинг компания ичида юритаётган сиёсатидан норози эканини билдирди. Улар ўз раҳбарларини принципсизликда, қонунлар ва инсон қадрини оёқости қилишда айбламоқда.

Акция фаолларидан бири Азима Расулова ҳамкасблари эълон қилган муддатсиз очлик сабаблари ҳақида гапириб: “Эшимқанов раҳбарликка тайинлангандан буён ўтган уч ой мобайнида ислоҳотлар ўтказиш баҳонасида ҳуқуқий бошбошдоқлик бошланиб кетди. Даставвал Эшимқанов барча кўрсатувларни ёпди, буни телевидение дастурларини янгилаш зарурати билан изоҳлади. Ўшанда у ҳеч ким ишдан бўшатилмаслигини, ҳеч кимга босим ўтказилмаслигини айтганди. Аввалига жамоа унинг бу ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Биз ҳақиқатан ҳам унга ишонгандик ва янги дастур лойиҳаларини ишлаб чиқа бошлагандик. Лекин мухолифатнинг ноябрь ва апрель намойишларида фаол ишлаган телевидение ходимларига тазйиқ ўтказила бошланди. Бизнинг дастурларимиз тасдиқланмади ва эфирдан олиб ташланди”, - деди.

Унинг айтишича, куни-кеча телерадиокорпорация бош директори ўринбосари Бейшенбек Бекешовнинг ишдан бўшатилиши уларнинг сабр косасини тўлдириб юборган.

Таъкидлаш жоизки, норозилик акцияси иштирокчиларининг аксарияти телерадиокорпорацияга “Март инқилоби”дан кейин келган. Улар М.Эшимқанов Миллий телерадиокорпорацияга яна Асқар Ақаев давридаги кадрларни қайтариш билан шуғулланаётганини билдирди.

МТРК бош директори М.Эшимқановнинг ўзи эса бу каби норозиликларга қарамай, телерадиокорпорацияда ислоҳотлар давом эттирилишини айтди.

“Ислоҳотлар ўтказиш ҳеч қачон осон бўлган эмас. Қаршиликлар бўлади. 1500 киши ишлаган жамоада ҳаммага бирдек ёқиш қийин. Кўрсатувларнинг кўпи фақат Эшимқановнинг истаги билангина эмас, бадиий кенгаш қарори билан ёпиляпти. Аввал бу ерда яйраб-яшнаб ишлаб юрган кишилар кўпи нонидан айрилиб қоляпти. Албатта, бу норозилик келтириб чиқаради”,- деди М.Эшимқанов.

Айни пайтда Қирғизистон Интернет сайтларида “Эшимқанов раҳбариятга ёқмай қолгани учун ҳукумат томонидан унинг мухолифларига команда берилди”, деган тахминлар ҳам айтилди. Аммо мазкур тахминни М.Эшимқановнинг ўзи ҳам, унинг мухолифлари ҳам асосли ҳисобламади.

“Ҳукумат томонидан ҳеч қанақа буюртма берилгани йўқ. Бу шунчаки ижодий жамоанинг йиғилиб қолган дардлари, холос”,- деди акция иштирокчиси А.Расулова.

Норозилик акцияси иштирокчилари М.Эшимқанов раҳбарликдан кетгунига қадар очлик тадбирини давом эттирмоқчи.
XS
SM
MD
LG