Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:59

ЎИҲ раҳбарларидан бири экани гумонланаётган шахс қўлга тушди


Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Ўш вилоятининг Ўзган шаҳрида Ўзбекистон исломий ҳаракати лидерларидан бири экани гумонланаётган Абдулхай Йўлдошев қўлга олинганини маълум қилди.

ИИВ матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, А.Йўлдошев устидан 2006 йил июлда жиноят иши очилган. Ўшандан бери у қидирувда бўлган.

Айтиб ўтиш жоизки, 2006 йил июлида Жалолобод шаҳрида номаълум қуролли гуруҳ ва милиция ходимлари ўртасида отишма бўлиб ўтган, гуруҳнинг айрим аъзолари қочишга улгурган эди. Ўшанда қирғиз милицияси бу гуруҳ аъзолари ЎИҲ вакиллари бўлиши мумкинлигини билдирганди. Шунингдек, Ўзган шаҳридаги қисқа отишмадан сўнг ҳам милиция ЎИҲга аъзоликда айбланган 12 кишини қўлга олган эди.

А.Йўлдошев Қирғизистон ҳудудида мана шундай ташкилотларга асос солганликда айбланмоқда.

Ўш вилояти милицияси расмийси Жениш Аширбоев бундан аввалги йилларда ЎИҲ аъзолари аста-секинлик билан Қирғизистон ҳудудига кириб келаётгани ҳақида маълумотлар олинганини билдирди.

“Биз уларни кузатиб бордик ва уюшган ҳолда қўлга олдик. Бугунги кунда Қирғизистон ҳудудида ЎИҲ аъзолари сони қанча экани номаълум”,- деди Ж.Аширбоев.

Маълумотларга кўра, А.Йўлдошев Қирғизистон Жиноят кодексининг 12 моддаси билан айбланаётир. Улар орасида конституциявий тузумни куч билан ағдаришга даъват, милиция ходимини ўлдириш, мамлакат ҳудудида ЎИҲ ва “Ҳизб ут-таҳрир” ячейкаларини ташкил этиш каби моддалар ҳам бор.

Бироқ “Ҳизб ут-таҳрир” аъзоларидан бири Дилёр Жумабоев ҳизбчилар ЎИҲ билан алоқа ва ҳамкорлик қилмаслигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ЎИҲ лидерларидан бири сифатида гумонланиб қўлга олинган шахсни “Ҳизб ут-таҳрир” билан боғлашдан ягона мақсад “экстремизм, терроризм ҳақида ваҳима кўтариб, бир ёқлардан пул олиш”дир.

Ўш ва Жалолобод вилоятларида ЎИҲ аъзолари қўлга олинаётгани, отишмалар ҳақидаги хабарлар аҳолининг айрим қатлами орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон махсус хизматлари ҳамкорликдаги ҳаракатларини кучайтириши керак, деган фикр шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари эса ҳар қандай террорчилик ва айирмачилик ҳаракатларига қарши қирғиз махсус хизматлари мустақил тарзда курашмоғи зарурлигини таъкидлаётир.

“Ўзбекистон махсус кучлари билан ҳамкорлик Қирғизистонда ҳам давлат томонидан диндорларга қарши турли ноқонуний ҳаракатлар содир этилишига асос яратиши мумкин”,- дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова.
XS
SM
MD
LG