Линклар

Қотил тақирбошлар тўдаси қўлга олинди


Москвада қирқдан ортиқ одамни ўлдирганликда ва ўлдиришга ҳаракат қилганликда айбланиб, миллатчи ёшлар, яъни скинхед - тақирбошларнинг учта ҳаракати аъзолари қўлга олинди.

“Миллатчи гуруҳлар кўпайиб бораётганига шу кунгача кўз юмиб келган пойтахт милицияси ниҳоят скинхедлар томонидан содир этилган жиноятлар, ирқий хусусиятга эга эканини тан олди”, - деб ёзди “Фарғона.ру” ахборот агентлиги.

Москва шаҳри ички ишлар бош бошқармаси расмийси рус матбуотига берган интервьюсида “бу гуруҳлар содир этган жиноятларнинг барчаси миллий, ирқий, диний нафрат асосига қурилган”ини айтган. Қўлга олинган скинхедлар томонидан Ўзбекистон, Хитой, Тожикистон каби Осиё давлатлари фуқаролари ўта ваҳшийлик билан ўлдирилган. Улар ўлдирган одамлар жасадида йигирматадан тўқсонтагача пичоқ излари борлиги аниқланган.

Москвадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Укки” ташкилоти Россиядаги миллатчи гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан тадқиқот ўтказган. Бу тадқиқот натижалари жуда ташвишланарлидир.

“Россияда зўравонлик барқарор тарзда ўсаётгани кузатилмоқда. Жабрланганлар сони 2006 йилга солиштирганда 13 фоиз кўпайган”,- деди ташкилот расмийси Галина Кожевникова.

“Укки” ташкилоти тадқиқотида қайд этилишича, 2007 йилда Россияда тақирбошлар рус миллатига мансуб бўлмаган 573 кишини майиб-мажруҳ қилган, 57 кишини ўлдирган. Янги йилдаги натижалар эса бундан ҳам даҳшатлироқ.

“Бу йилнинг шу кунига қадар 64 марта ҳужум уюштирилган. Бу ҳужумларда 69 киши ўлдирилган. Неонацистлар одамларни калтаклаш учун эмас, ўлдириш учун кўчага чиқмоқда”, - деди Галина Кожевникова.

Москвада яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев скинхедлардан жабр кўраётганларнинг сезиларли қисми ўзбеклар эканини билдирди.

“Ўлган ëки қаттиқ тан жароҳати олган ўзбеклар жабр кўраëтганларнинг тахминан 10-12 фоизини ташкил қилади. Афсуски, бугунгача Россия ҳукумати тақирбошлар билан курашмади. Лекин жамоатчилик фикри ва жуда кўп инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу масалани жиддий кўтаргандан сўнг Россия ҳукумати жамоатчилик фикрини қондириш мақсадида бугун айрим судлар ўтказяпти”, – деди Баҳром Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, Россия махсус тузилмаларининг миллатчи гуруҳларга қарши режали тарзда кураш олиб бориши кузатилмаган. Кўп ҳолатларда эса миллий нафрат асосида содир этилган жиноятлар тергов ва судда оддий безорилик сифатида талқин этилмоқда. Буни неонацистларга билдирилаётган хайрихоҳлик сифатида баҳоласа бўлади. Тақирбошларнинг камдан-кам бўлса-да, миллий, ирқий нафрат асосида жиноят содир этишда айбланиши эса Россия ҳуқуқ ҳимоячиларининг улкан ҳаракатлари натижасидир.

“Бу якка ҳолат, деб тушунаман, чунки Ўрта Осиë халқларига нисбатан тазйиқ ҳамиша яққол кўриниб туради. Булар жамоатчилик фикрини, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари талабларини қондириш мақсадида ўзини курашаётганга ўхшаб кўрсатяпти. Албатта, бу жамоатчилик фикри, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳаракатларидан далолат беради”,- деди Б.Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG