Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

Ўзбек шоирлари шеърлари Лондонда нашр қилинди


Лондонда 17 ўзбек шоирининг шеърларидан ташкил топган китоб ва овозли дисклар чиқарилди. Бу китобга таниқли ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг қўшиқлари ҳам овозли диск тарзида илова қилинди.

Бу лойиҳа анъанавий китоблардан фарқ этади. Унда тирик овознинг ҳозир, шу ерда хитоб этиши муҳим. Чунки бу овоз қай бир ҳофиз ëки шоирга тегишли бўлмасин, унинг аëвсиз сўзлари ҳозирги ҳаëт ва ҳозирги борлиқ ҳақидадир. Бу шеър ва ашулаларнинг аксари мазкур борлиқни ва Ўзбекистоннинг бугунги воқеотини қабул қилмайди, унга қарши чиқади. Қаршилик мавзулари шеърларнинг ўзидан аëн. Табиийки, бу каби ҳисларнинг бугунги Ўзбекистонда чоп этилиши у ëқда турсин, ифодаланиши ҳам хатарнокдир. Бироқ барибир озодлик, эрк оҳанглари тошлар остидан униб чиқадиган навниҳолдек муқаррарлигини айтади лойиҳа ташкилотчиларидан бири Шоҳида Ëқуб.

“Бу лойиҳанинг асосий мақсади ўзбек диссидент шоирларини маънавий тарафдан қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон шоирлари озодлик, репрессиялар ҳақида ҳам ëзади, деб кўрсатмоқ эди”,- дейди Шоҳида Ёқуб.

Икки қисмдан иборат бу жонли китоб - СDнинг биринчи жилди машҳур ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг ўтли хонишларидан ташкил топган. Иккинчи жилддан эса ўз юртида аксар тақиқланган турфа шоирларнинг ижтимоий шеърлари ўрин олган. Китобдаги мушоирани марҳум шоир Рауф Парфининг биз тирикларга хитоби бошлаб беради.

Эй сен, она халқим, лойларга ботдим,
Пилла ҳаловатнинг ғилофидан чиқ.
Тириклар ëндирманг эски маъвони,
Сувларга бостирманг, тириклик битар.
Ҳавони қизғонманг, озод ҳавони,
Мендан рози бўлинг, тириклар,
Дўст-ëр, бир чимдим меҳрингиз олиб кетарман.

Лондондаги китобга сўзбоши ëзган ëзувчи Ҳамид Исмоилов сўзларига кўра, Чўлпон ва Фитратларнинг руҳий давомчиси Муҳаммад Солиҳнинг шеърлари ҳам китобдан ўрин олган.

Шундай ватанинг бўлатуриб,
Сен гуллар ҳақида куйлайсан.
Онангнинг ҳам кўзëшини сен
Шабнам дея ўйлайсан.

Шундай ватанинг бўлатуриб,
Коинот ҳақида сўзлайсан.
Тошга уриш керак бўлган бошни
Гулчамбар учун шайлайсан.

Шундай ватанинг бўлатуриб,
Қурол йўқ қўлингда.
Шундай ватанинг бўлатуриб,
Қўрқасан ўлимдан.

Қарғалган миллатнинг келажаги тул,
Дарëлари қуриб, чирир ерлари.
Қарғалган миллатнинг болалари қул,
Аëллари тумсо, бепушт эрлари.

Қарғалган миллатнинг қозиси фосиқ,
Олими савдогар, илм сотиб яшар.
Шоирлари эса ақлдан озиб,
Душмандан мукофот олмоққа шошар.

Китобни нашрга ҳозирлаган Ҳамид Исмоил бу шоирларнинг шеърлари Ўзбекистонда чоп этилиши хатарнок эканини ëзганидан бир ой ўтиб шоир Юсуф Жуманинг қамоққа олинишини ўйламаган ҳам эди. Юсуф Жуманинг китобдан ўрин олган шеърлари долзарблиги билан киши диққатини тортади.

“Бир жанозада йиғилган оломон Ўзбекистондаги қимматчилик, ноҳақлик, қирғинбарот ҳақида гапирдилар. Кимдир “булардан бечора Каримовнинг хабари йўқ”, деди. Оломон буни тасдиқлади - “тўғри”.

Қора халқнинг йўқдир нони,
Боласининг шакари йўқ.
Афсус, бундан юрт султони¸
Каримовнинг хабари йўқ.

Тўралари нафсга навкар,
Ҳақ деган бир навкари йўқ.
Шоҳга қийин, шоҳ бехабар,
Каримовнинг хабари йўқ.

Бу тупроқнинг ўт олмаган,
Бир қишлоқ, бир шаҳари йўқ.
Бир курси йўқ ит олмаган,
Каримовнинг хабари йўқ.

Наҳот тутас улус тузи,
Наҳот кўкнинг сарвари йўқ.
Шоҳ шоҳликка сайлар ўзин,
Каримовнинг хабари йўқ.

Юсуф Жума ўтган йил охирида Тошкентда ҳибсга олинди. Лондонда чоп этилган китобга “Озодлик оҳанглари”, деб ном берилган. 2006 йилда айтган қўшиғи учун 3 йил шартли жазога ҳукм қилинган Дадахон Ҳасан нидолари бу китоб мазмунини белгилайди.

“Ўзбекнинг қотил ва қотиллари томонидан ўққа тутилиб, қирғин қилинган, қони оқизилган гуноҳсиз халқимизни шўрванинг бетидаги кир кўпикка, ўтга ураëтган ўрдак болаларига ўхшатган баъзи ялоқ шоир ва маддоҳлар ўзларини аллақачон ўпка сили касаллигига чалиниб, сўнгги нафасини олаëтган беморнинг кўкрагидаги сасиган балғам эканини билармикинлар?”

Аслида “диссидент” сўзининг луғавий маъноси “кўнмаган, норози”, кенгроқ маънода эса “сиëсат ва тузумга фаол тарзда қарши чиққан шахс”ни англатади. Агар шеърият тарихига назар солсак, аксар шоирларнинг зулмкорларга қарши мисралар ëзганига гувоҳ бўламиз. Оқсарой дастурхонидан емак ейишдан ҳазар қилган ва ўзининг исëнкор фикрини Тошкентда туриб қўрқмасдан айтаëтган шоира Гулчеҳра Нуруллаеванинг шеърлари китобдан алоҳида ўрин олган.

Кўравериб бўлди хаëлларим талх,
Одамхўр, фирибгар, юҳо касларни.
Сўрамай ҳаддим йўқ, онажоним халқ,
Қачон туғақолдинг бундай пастларни?!

Қачон туғақолдинг отабезори,
Онабезорилар сулоласини.
Ҳароми кимсалар макри, озори,
Юртнинг булғади-ку зилоласини.

Шу боис бизлардан юз бурмиш барор,
Шу боис Ҳуррият очмагай талъат.
Шикаста Ватаннинг корига ярар,
Алплар ўстирмаган аëлга лаънат!

Дилором Исҳоқова ҳам Тошкентда яшаб ҳам ижод, ҳам сиëсат билан шуғулланаëтган диссидент шоиралардан бири.

Мен сизга сингилман, мен сизга қизман,
Мен сизни азобда туққан онангиз.
370 та ўт ичра қолдим,
Қай бирида ëнай мен парвонангиз.

Бизга йўқ кечирим, бизга йўқ тўзим,
Ëнмоқда ўзбекнинг туққан онаси.
Бизга йўқ кечирим, бизга йўқ тўзим,
Ëнмоқда ўзбекнинг туққан боласи.

Шунингдек, Ўзбекистондан сўнгги йилларда чиқиб кетган шоирлар шеърлари ҳам бу китобдан муносиб ўрин олган.

Туганди куй, туганди тоқат,
Кетдим охир жонимдан тўйиб. (Ëдгор Обид)

Баëқ саëқ бўлса ҳолимиз ëмон,
Баëқ булут каби кўкда дайдиса.
Саҳролар устига шаҳарлар қўниб,
Шаҳарлар устини босар саҳролар. (Мақсуд Бекжон)

Уйғонган шаҳиддир, уйғонган ғозий¸
Уйғонмаган халқнинг отмасин тонги. (Марзия)

Қаро либос кийди далалар,
Қандай келди, қайдан келди кеч,
Сезишмасдан қолди, болалар. (Абдувоҳид Ҳайит)

Бир буюк қатлгоҳ эди бу майдон,
Қатл оний эди,Ўлим ҳақ эди!
Гарчи ноҳақ эмас эди оломон... (Паҳлавон Содиқ)

Эгилган бу елка эса
Мўмин мусулмондир
Яхши насронийдир
Олижаноб буддавий
Меҳрибон ҳинду. (Хайрулло Файз)

Қонга ботди бугун Андижон,
Ҳақ излаган халқим қирилди. (Матлуба Азаматова)

Мен ватанга қайта олмайман,
Қайтайлик дер ўғлим ўксиниб. (Юсуф Расул)

Ман илоҳий май истарам,
Қақнус тила ғам истарам.
Қароқлари нам истарам,
Бер Аллоҳим боз истарам. (Саодат Пўлканова)

Борармишман бўшлиққа қараб,
Келар эмиш қўрқув изимдан.
Босиб келар эмиш кун сайин,
Босиб келар эмиш кун сайин...
Сўнгра ваҳм зулумот билан
Бошлар эмиш бир маккор ўйин.
Кўзларининг соққаси чиққан
Оломонга ўхшармиш қўрқув.
Бутун Турон эмиш занжирбанд,
Бутун юртни элитмиш уйқу. (Қудрат Бобожон)

Китобда шеърларнинг русча ва инглизча таржималари ҳам берилган. Шеърларни ўзбекчадан инглизчага Буюк Британия Пен клуби аъзоси, инглиз шоири Ричард Маккейн таржима қилган. Китоб ва унга илова қилинган овозли дисклар Очиқ жамият институти - Сорос жамғармаси томонидан чоп қилинди. Бир вақтлар Сорос жамғармасининг Тошкентдаги бўлими Рауф Парфи шеърий китобини чоп қилишга қарор қилган ва бу ғоя Сорос жамғармасининг Тошкентда ëпилиши туфайли амалга ошмай қолган эди. Шоир Рауф Парфининг ўзи бу ҳақда ўша пайтда мана буларни айтган эди:

“Сорос жамғармаси менинг дўстим ва ажойиб инсон Карим Баҳриев муҳаррирлигида китобимни тайëрлади. Китоб 600 саҳифадан иборат сайланма эди. Китобнинг корректурасини ўқиб берганимдан кейин кўп ўтмай Сорос жамғармаси бутунлай ëпилди. Демак, мен ўзи бир иши юришмайдиган инсон эканман. Қаерга китобимни олиб борсам, чиқаëтган жойида чиқмай қолади”.

Шоир Рауф Парфининг ўлимидан кейингина бу лойиҳа амалга ошди.
XS
SM
MD
LG