Линклар

Қутлибека: “Ватан менинг ичимда шу ҳур санжоғи билан”

  • Абдулла Искандар

“Давр менинг тақдиримда” дастурининг бугунги қаҳрамони таниқли ўзбек шоираси Қутлибека Раҳимбоева.

Эркнинг жон сувидан ҳовучлаб олиб,
Ҳар битта ўзбекка сепгим келади.
Ўзбеклигим учун ўзгалар қолиб,
Ҳатто ўзимни ҳам ўпгим келади.

Қутлибека Раҳимбоева назарида, кечган йилларнинг залвори оғир.

“Биз йиллар давомида истиқлолни кутганмиз. Агар 1980 йилларда онгимда, тафаккуримда уйғониш бошланган бўлса, мен истиқлолга, мустақилликка ташналик билан келганман. Бу давр ҳаëтимда янги саҳифа, деб айта оламан. Ҳар ҳолда Ўзбекистон менинг ватаним, мен ўзбекистонликман, деб айтишнинг ўзиëқ мен учун катта бахт”,- дейди Қутлибека.

Қутлибека Раҳимбоева 1952 йилда Хоразм вилоятининг Туркманистонга туташ қисмидаги қишлоқда туғилди.

“Мен оддий қишлоқнинг зиëли оиласида туғилиб ўсганман. Болалигим 1960, 1970 йиллардаги болаларникига ўхшаб олдин ўқиш, кейин дала ишлари билан ўтган. Болалик деганда кўз олдимга биринчи бўлиб оилам келади. Онам ўқитувчи бўлиб, жуда ҳам китобни яхши кўрадиган аëл эди. Отам эрта вафот этгани учун болалигимнинг асосий овунчоқлари китоблар бўлган. Ватанпарварлик, ҳарбий мавзуларда ëзилган китобларни жуда ҳам яхши кўрар эдим. Маҳаллада ўғил болалар кўплиги учун кўпроқ ўғил болалар билан ўртоқ эдим”,- деб хотирлайди Қутлибека.

Қутлибеканинг онаси қатағон йиллари Украинада сургунда бўлган, ҳаëтнинг аччиқ-чучугини тотган бир аëл эди. Қутлибеканинг ватан тўғрисидаги илк тасаввурини онасининг сургун ҳикоялари шакллантирди.

“Болалигим деганда кўпроқ онам эсимга келади, чунки онам 1930 йилларда Украинага сургун қилинган. Кейин уруш арафасида қайтиб келган. Онам менга Украинада кечган ҳаëт йилларини гапириб берарди. Ватан тушунчаси, унинг қадрига етиш, ватан қандай бўлса, уни шундайлигича қабул қилиш, оғриғидан оғриниш, яхши кунлари учун ҳаракат қилиш туйғулари балки болалигимдан қолган бўлса керак”,- дейди Қутлибека.

Чексиз қумликлар ëқасидаги қишлоқда ўсган Қутлибека яшил чинорлар шаҳри Фарғонага ўқишга борди.

“Онамнинг аммаси тақдир тақозоси билан Фарғонага бориб қолган ва оилали бўлиб, у ерда ўрнашиб қолган. Шунинг учун уйдагилар мени борганингда кутиб оладиган одам бор, ўқишга киргунингча турадиган жой бор, деб Фарғонага юборган. Мендан олдин у ерда холаларим ўқиган. Ўзи одат бор-ку, бир жойга талабалар қайси қишлоқдан бориб ўрнашса, қолганлари ҳам ўшаларнинг орқасидан бораверади”,- дейди Қутлибека.

1979 йилда шоиранинг “Юрагимда кўрганларим “номли илк шеърий тўплами босмадан чиқди.

“Мен шоира бўламан, деб ҳеч ҳам ўйламаганман ва ҳозир ҳам ўзимни мукаммал шоира аташга ҳақ-ҳуқуқим йўқ. Шеъриятга кириб келиш 7-8-синфларда бошланган. Фарғона педагогика институтида ўқиб юрган пайтимда ҳам мен шеъриятга жиддий эътибор бермаганман. Тадқиқотчи ëки адабиëтшунос бўламан, деб ўйлар эдим. Тақдир тақозоси билан шеъриятга кириб қолдим”,- дейди Қутлибека.

Қулибека ўз юрагининг мутаржими бўлиб юрган бир пайт, яъни ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўзбек зиëлилари зеҳниятида уйғониш даври эди.

“Бу даврларга мен ўз онгимнинг уйғониш фасли, деб қарайман. Тошкентга келгунимга қадар шўро ҳукуматининг бу қадар қип-қизил алдоқчи эканини ҳис қилмаган эдим. 1980 йилларда Ғ.Ғулом номидаги адабиëт ва санъат нашриëтида ишлаганман. Бу ерда ўша даврнинг энг илғор ëзувчи ва шоирлари ишлар эди. Мен ўша ерда биринчи марта миллатнинг миллат бўлиб шаклланиши учун, дунë майдонида тик оëққа туриши учун ўзи мустақил яшаши кераклиги ҳақидаги фикр амалга ошиши мумкинлиги ҳақида ўйлай бошладим. Олдин бу нарса мумкин эмас, деб ўйлар эдим”,- дейди Қутлибека.

Қутлибека Горбачев ҳуррияти, дея тарихга кирган йилларни ҳаëтидаги энг ëруғ йиллар сифатида эслайди: “Ўзбекистонда мустақиллик учун бўлган ишонч 1980 йилларда бошланган ва 1989, 1990 йилларда ўзининг авж палласига чиққан. Бу йиллар мустақил бўлишимиз мумкин, деган ишонч билан яшаган йилларим бўлгани учун ҳам ҳаëтимдаги энг ëруғ йиллар, деб ўйлайман”.

Қутлибека совет пайтидаëқ “Мустақил Ўзбекистон байроғи юрагимдадир”, дея шеърлар ëзди. Туркий “санжоқ” калимасининг байроқ эканини ўша пайтда биров билди, биров билмади.

Ватан менинг ичимда шу ҳур санжоғи билан, ундаги доғи билан,
Ватан менинг ичимда шу ҳур санжоғи билан, унда титроғи билан.
Миллат менинг ичимда шикаста ҳақиқати, шундай алдови билан,
Миллат менинг ичимда, ичида ëмон қўрқинч ва ëмон ëви билан.

Совет даврида мустақиллика қарши бўлган, Ленин ва коммунизмни алқаб шеърлар ëзган атоқли шоирлар бугунга келиб мустақилллик қаҳрамонлари унвонларни уялмасдан костюмлари ëқасига тақиб юрибди. Қутлибека эса мустақилликни орзу қилиб, совет пайтида шеърлар ëзганини писанда қилмайди. Қутлибека назарида ўзбек номи энг улуғ унвондир

Бугун Қутлибека Раҳимбоева Ўзбекистондаги “Саодат” журналида ишламоқда.

“Совуқдан кичрайиб қолган қуëшни, иситгим келади бағримга босиб” деган сатрлар муаллифи “Саодат” журналининг бошқа ходимлари билан таҳририятнинг биргина иситилган хонасида ўтирибди. Бошқа хоналар совуқлигини айтади Қутлибека.

“Мен бошқача руҳдаги одамман. Эл нима еса еб, нима кўрса кўриб юрибман. Мен миллатни бутунлигича қабул қилишни истайман. Майли, бу миллатнинг айби бордир, камчилиги етарлидир. Аммо ҳеч ким оëғини яраси борлиги учун кесиб ташламайди-ку. Бу миллатнинг ичида бойи бор, камбағали бор, шафқатсизи бор. Лекин бу менинг миллатим. Мен уни ҳеч қайси миллатга алмаштирмайман. Бу элнинг яхшисини ëмони билан қўшиб севаман. Ўзликни англаш йиллар давомида амалга ошадиган нарса. Дарров халққа уни ур, уни тош билан ур, бунга қарши исëн қил, деб бўлмайди. Бу секинлик билан амалга ошадиган жараëн. Шунинг учун мен халқнинг яхшисини кўпайтириб, ëмонидан қутилишга ҳаракат қиламан. Гапни қанчалик ковласанг, таги шунчалик очилиб кетаверади. Оила сирини айтаверсанг, гап кўпайиб кетаверади. Орқангни очма, ўз айбингни ўзинг тузат, дейишади-ку. Мен шу принципга амал қиламан. Шахсан ўзим бировнинг айбини топиш, бировнинг орқасини ковлаб юриш каби ëмон одатлардан йироқман. Тўғри, ҳар бир миллатнинг ўзига яраша ëмон томонлари бор. Мен ҳамма нарсага очиқ кўз билан қарайман. Миллатдаги бунақа ëмон урф-одатларни кескинлик билан, инқилоб билан ўзгартириб бўлмайди. Бу нарсани ëш авлодга тўғри тарбия бериш, маърифатга етаклаш орқали ўзгартириш мумкин ”,- дейди Қутлибека.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда шоир Омон Матжон ëзганидек “сохта сумбатлар сийлов топиб, зиëлилар пойгакдан жой олмоқда”. Қутлибека назарида шоирлик бир қисматдир.

“Айрилиқ қисмат, деб билингани каби шоирлик ҳам бир қисмат. Бу кўнгил билан, юрак билан боғлиқ. Шоирлик ҳар доим дардлари билан, қувончлари билан доимо баландда. Уни кимлардир ë пастга туширади, ë баландга кўтаради. Мен шоирликни жамиятга қолип қилиб тиқиштириш тарафдори эмасман”,- дейди Қутлибека.

Шоира Қутлибека Раҳимбоева Ўзбекистон ташқарисида юрган миллионлаб ўзбек мардикорлари она тилларини унутмасинлар, дея истак билдирди.

Қадрдон қушларнинг куйин унутинг,
Бахмал майсаларнинг бўйин унутинг,
Она тилингизни унутманг фақат,
Мен сенинг болангман, деб айта олмайди,
Оғрисанг чорангман, деб айта олмайди.

Кейинги 16 йилда бошдан кечирганларингизни болаларингизга раво кўрармидингиз, деб сўраймиз Қутлибекадан.

“Нима учун раво кўрмас эканман? Қулликдан қутилиб, мустақилликка чиққан бўлсак. Нима, энди мен уларга 1980 йилдан олдинги ҳаëтни раво кўришим керакми? Тўғри, қийинчилик бор. Мустақилликнинг дастлабки даврида ҳар қандай давлат қийинчиликни бошдан кечирган. Менинг болаларим ҳам қийинчиликни кўрсагина бир нарсанинг қадрига етиши мумкин. Мен ëки болаларим гуллаб яшнаган даврни кўра олмас, лекин невараларим 50, 100 йилдан шу даврларни кўради-ку”,- дейди Қутлибека.
XS
SM
MD
LG