Линклар

Ислом Каримов янги муддатга президент этиб сайланганига бир ойдан ошди. Шу муддат ичида президент ўз сайловолди дастурида эълон қилган тамойилларнинг бажарилишига ҳеч бўлмаганда шаъма қилувчи бир белги бердими?

И.Каримов президент сайлови арафасида эълон қилган сайловолди дастурида мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказилишига умид уйғотувчи бир қатор тамойилларни ирод этган эди. Улардан бири Андижон воқеаларидан сўнг ёмонлашган Ўзбекистон–Ғарб алоқаларини тиклаш ваъдасидир.

Шунингдек, И.Каримов ўзининг навбатдаги президентлик муддати давомида нодавлат ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари борасида ҳам бир қатор ижобий жараёнлар амалга оширилиши ҳақида эълон қилган эди.

У янги муддатга президентлик вазифасини бажаришга киришганидан бери ўтган муддатда бу ваъдаларини бажариш йўлида бирор қадам қўйдими?

Ўзбекистонлик собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев бу саволга жавоб берар экан, И.Каримов ўз тақдиридан хавотирга туша бошлаган сиёсий элитанинг нуфузли қисми ўтказаётган қаттиқ ички босим остида Ғарб билан номига бўлса ҳам яқинлашув йўлларини излаётган бўлиши мумкинлигини айтди.

“Ўзбекистон ташқи сиëсати кўп векторли бўлади, яъни қаттиқ ички босим остида Ғарб билан ҳам алоқаларни ривожлантириш сиëсати олиб бориляпти. Бу борада қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни яқин орада чиқаришса керак, деган умидлар ҳам бор. Бу И.Каримов демократ бўлади, демократик мамлакатлар билан сидқидилдан ишончли ҳамкорликда сиëсат юрғизади, дейишга ҳозирча ҳеч қанақа асос йўқ. Ҳозирча бу шунчаки сиëсий ўйин. Бунинг қандай натижа беришини кейинроқ кўрамиз”,- дейди Т.Йўлдошев.

Ўз исмини айтишни истамаган тошкентлик сиёсатшунос Ўзбекистонда тез кунларда демократик ўзгаришлар тўлқини кўрина бошлашини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, 14 йил давомида ўзбек парламентига раислик қилган Эркин Халиловнинг ишдан олиниши ва устидан жиноят иши очилиши мамлакатда кутилаётган ўзгаришлар шаббодасидан даракдир.

“Яна узоғи билан икки ҳафтадан кейин демократик ўзгаришлар тўлқини Вазирлар Маҳкамасида ҳам кўрина бошлайди. Катта ўзгаришлар бўлиши кутиляпти, лекин мен бу ҳақда ҳозир очиқ айта олмайман. Лекин ўзгаришлар ижобий томонга бўлади”,- деди тошкентлик сиёсатшунос.

Тошпўлат Йўлдошев эса бу ўзгаришлар кадрларни алмаштиришдангина иборат бўлиб қолиши, бундан мақсад Ўзбекистон иқтисодини олға силжитишга уриниш эканини таъкидлади.

“Кадрлар ўзгариши давлат тизимида бошқарув услуби ўзгаришига олиб келмайди. Чунки давлат тизими ҳақиқатда И.Каримовнинг шахсий табиати ва хоҳишига мосланган. Бошқарув услуби эса диктатура. Шунинг учун шу пайтгача диктатор бўлиб келган Каримовни энди демократ бўлади, дейиш ҳеч ақлга сиғмайдиган ва шароитга тўғри келмайдиган гап”,- деди Т.Йўлдошев.

1991 йилда Ўзбекистон парламентининг ҳозирда собиқ депутати Шуҳратбек Нусратов Олий Мажлис минбаридан туриб мана бундай башорат қилган эди:

“Бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар, бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар, айниқса, бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади”.

Бу сўзлар айтилганидан 17 йил ўтгач, И.Каримов шу йил 16 январида қасамёд қабул қилар экан, 1991 йилдан бери асло ўзгармаганини билдирди.

“Мен бугун шу минбардан туриб, чин қалбимдан сизларга юзингизга, кўзингизга қараб айтмоқчиман: мен 1991 йилда қандай бўлган бўлсам, шундай қолдим”,- деганди президент ўзининг навбатдаги қасамёдида.
XS
SM
MD
LG