Линклар

Умидлар оқланадими, ваъдалар бажариладими?

  • Фаррух Юсуфий

Ислом Каримов яна етти йилга президент этиб сайлангандан сўнг Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатларни яхшилашга уринаётгани мамлакатдан ҳайдалган халқаро ташкилотлар фаолияти тикланишига умидлар уйғотмоқда.

Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан юзлаб халқаро ташкилотлар ҳайдалди. Мамлакатда қолган халқаро ташкилотларнинг сўнггиси – “Ҳьюман райтс уотч” ходимлари аккредитацияси бекор қилинди.

“Тошкентдаги ваколатхонамиз расман рўйхатдан ўтган. Бу Ўзбекистон ҳукуматига халқаро ҳамжамиятга бизни мамлакатдан ҳайдамаганини кўрсатиш имконини беради. Лекин бошқа томондан, улар фаолиятимизни давом эттира олмаслигимиз учун турли маъмурий тўсиқлар қўйган, хусусан, ходимларимизнинг аккредитацияси тортиб олинган. Аккредитациясиз эса ишимизни давом эттира олмаймиз. Яқинда Тошкентга янги вакилимиз бориши керак, унга аккердитация берилиши ҳозирча номаълум. Бунга умид қилишдан бошқа чорамиз йўқ”,- дейди ҲРУ вакиласи Алисон Гилл.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланиши, жумладан, ҳайдалган халқаро ташкилотлар фаолияти тикланишига умидлар И.Каримов ўзининг президентлик ваколатлари яна етти йилга узайтирганидан аввал қилган чиқишидан кейин пайдо бўлди.

“Ўзбекистон ўзининг ташқи сиëсатида барча яқин ва узоқ қўшнилар, шу жумладан, АҚШ ва Европа билан ҳам ўзаро манфаатли ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини олиб боришнинг доимий тарафдори ва бу йўлдан биз ҳеч қачон қайтмаймиз”,- деган эди И.Каримов Ўзбекистон конституциясининг 15 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда.

Унинг бу сўзлари Ғарбга юборилган аниқ мужда бўлди ва у аниқ нишонга тегди.

Президент сайловини нодемократик, дея танқид қилган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО ва Европа Иттифоқи каби халқаро тузилмалар И.Каримовни қайта сайлангани билан табриклагани нишон тўғри олинганининг тасдиғи бўлди.

23 декабрь сайловидан кейин И.Каримов билан шахсан учрашиб, уни табриклаган ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел ҳам “Озодлик” билан суҳбатда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланиши билан боғлиқ жараён ривожланишига умид қилишини айтди.

“Хусусан, - дейди Пьер Моррел, - халқаро ташкилотлар, жумладан, ҲРУнинг Ўзбекистондаги фаолиятини тиклаш масаласи мамлакат ҳукумати билан олиб бораётган мулоқотимиз кун тартибидадир. Биз ҲРУ билан боғлиқ вазиятни кузатмоқдамиз. Масалан, бугун Европа комиссияси вакиллари Тошкентда Ўзбекистон расмийлари билан учрашмоқда. Бу учрашув ҳамкорлик қўмитаси доирасида ўтказилмоқда ва сиз кўтарган масала ҳам муҳокама марказида бўлади. Ҳозирча мен тафсилотларни ошкор қила олмайман, лекин ҳамкорлик қўмитаси учрашувлари вазирлар даражасида ўтказилаётганини айтишим мумкин”.

Пьер Морелнинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Умида Ниёзовага белгиланган шартли жазо амнистияга кўра бекор қилингани, ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёрнинг қамоқдан озод этилишида икки томон олиб бораётган айни мулоқотнинг ҳиссаси бор.

ҲРУ вакиласи Алисон Гилл эса Тошкент режими қилган бу мурувват 23 декабрь сайловидан кейин Ғарбдан Оқсаройга келган табрикларнинг самараси бўлса, ажаб эмас, деган фикрда.

“Менимча, Ўзбекистон ҳукумати бу билан инсон ҳуқуқлари борасида мулоқот қилиш мумкинлигини халқаро ҳамжамиятга кўз-кўз қилмоқчи кўринади. Биз Ихтиёрнинг озод қилиниши, Умидадан шартли жазо олиб ташланганидан жуда хурсандмиз ва бу қарорни олқишлаймиз. Лекин Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш уринишлари самимий эканига ишонишимиз учун жараён шу йўсинда давом этиши, хусусан, қолган сиёсий маҳбуслар ҳам озод этилиши, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг Ўзбекистондаги фаолияти тикланишини кутамиз. Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ниятлари самимий бўлса, буни амалда кўрсатсин, агар унинг яширадиган сири бўлмаса, халқаро ташкилотларни мамлакатдан ҳайдашга не ҳожат”,- дейди Алисон Гилл.

И.Каримовнинг ўзи ҳам Конституция куни муносабати билан чиқишида ўз ишлари билан халқаро ҳамжамиятни қойил қолдиражагини ваъда қилган эди.

“Мен бир вақтлар айтган эдим, ҳозир ҳам шуни айтишга тўғри келади: “Бизга ишонмаган, бизга ҳали-бери бошқа кўз билан қарайдиган баъзи сиëсатчилар ëки шу позицияда турганларни доғда қолдирамиз, десак нима дейсизлар”,- деган эди И.Каримов маросим қатнашчиларига қарата.

Ислом Каримов унга “бошқача кўз билан қараганлар”ни қандай ишлари билан доғда қолдиришини эса яқин кунлар кўрсатади.
XS
SM
MD
LG