Линклар

logo-print

ЕИ мулоқот йўлини танлаб бўлган

  • Фаррух Юсуфий

Европа Иттифоқи ичида Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда мулоқот қилиш маъқулми ёхуд бу режимлар билан жазо санкциялари тилида гаплашиш керакми, деган баҳс авж олмоқда.

Ўтган ҳафтада Брюсселда Европа парламентида ўтган баҳсда ҳуқуқ ҳимоячилари стратегик аҳамиятга эга бўлган минтақа давлатлари билан мулоқот қилишни афзал кўрган Европа расмийларига қарши чиқди. Иккала томон ҳам ЕИ аллақачон мулоқот йўли, ёки ҳуқуқ ҳимоячилари талқинида, Марказий Осиё режимлари кўнглини олиш учун у ердаги аянчли инсон ҳуқуқлари вазиятига кўз юмиш йўлини танлаганини тан олди.

ЕИ расмийлари минтақадаги энг репрессив режимлар бўлмиш Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари билан муносабатларни яхшилашга астойдил ҳаракат қилаётгани ЕИ аллақачон мулоқот йўлини танлагани тасдиғидир.

Қозоғистон ва Тожикистон масаласида ҳам ЕИ у ердаги қонун устиворлигидан четга чиқиш муаммоларига кўз юмиб келади. Ёки фуқаролик жамияти қуриш масаласида муаммолар бўлган Қирғизистон минтақада ЕИни энг кам қизиқтирган мамлакатдир.

Европа парламентидаги социалист кучлар ва яшиллар 31 январь куни ташкил этган анжуманда сўз олган Европа комиссияси мулозими Гуннар Виганд иттифоқнинг инсон ҳуқуқлари ўта аянчли аҳволда бўлган бу режимлар билан мулоқот йўлини танлаганини изоҳлаб: “Инсон ҳуқуқлари масаласи давлат ҳокимияти ва қонун устуворлиги масалалари билан биргаликда старегиямизда кўрсатилган бешта устивор соҳадан бирини ташкил қилишини алоҳида қайд этмоқчиман. Тўғри, инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқот барча масалаларни ҳал этмайди, албатта. Биз масалага турли воситалар билан ёндашяпмиз, лекин ана шундай мулоқотнинг ўрнатилиши ҳам ўта муҳимдир, чунки бу мулоқот доирасида халқаро меъёрларга ҳурмат кўрсатилишини талаб қилишингиз мумкин”,- деди.

ЕИ расмийлари таъкидича, мулоқотдан кўзланган мақсадлар келажакка қаратилгандир. Ўтказилаётган мулоқот инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланишида қандай самара беришини вақт кўрсатади.

Еврокомиссия мулозими Гуннар Виганд очиқ қарама-қаршиликка бориш, хусусан, қаттиқ жазо санкциялари қўллаш ғояси самарасиз эканини айтади.

Бунинг бир неча сабаби бор, дейди у, биринчидан, ЕИ Марказий Осиё ҳукуматларига ўз ҳукмини ўтказа олмайди, бошқа томондан эса бу режимлар билан муносабатда бўлмасликнинг имкони йўқ, аксинча, халқаро майдондаги вазият улар билан алоқа қилишни тақозо этади.

ЕИ Марказий Осиёнинг энг йирик савдо ҳамкорларидан ҳисобланади. Тузилманинг минтақадаги ролини камайтириш эса у ерда Россия ва Хитойнинг таъсири ошишига олиб келади.

Гуннар Виганд санкциялар сиёсатни ўзгартиришнинг самарасиз воситасидир, деган фикрни ҳам илгари суради. У ЕИ ўз тарихида тўрт давлатга – Жанубий Африка Республикаси, Зимбабве, Мьянма ва Ўзбекистонга қарши санкция қўллаганини эслатди. Бу санкциялардан эришилган самара сезиларли бўлмаган.

Европарламентдаги муҳокамаларда сўз олган ҳуқуқ ҳимоячилари ва минтақашунослар ЕИнинг Марказий Осиё режимларига нисбатан тутган позициясини қаттиқ танқид остига олди.

Маркази Брюсселда жойлашган Европа сиёсатини ўрганиш маркази таҳлилчиси Нейл Мелвин ЕИнинг Марказий Осиё режимларига нисбатан юритган сиёсати минтақа табиий бойликларига кўз олайтирган Россия ва Хитойнинг позициясига уйқаш эканини таъкидлади.

“Биз, яъни Европа Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларимизда у ердаги режимларнинг кўнглини олишга ҳаракат қилаётган йирик давлатлар юритаётганидан фарқли сиёсатни олиб бормоғимиз даркор. Минтақадаги мавжуд вазиятда биз ўз қадриятларимизга асосланган ва бу ўлкалар халқларига яхши келажак таклиф эта оладиган сиёсатнинг кучли томонларини кўрсата олишимиз керак”,- деди Нейл Мелвин.

Таҳлилчи ЕИнинг Марказий Осиё режимлари билан мулоқоти ҳозирча инсон ҳуқуқлари борасида бирор сезиларли натижа бермаганини таъкидлади. У, шунингдек, репрессив режимлар билан мулоқот қилиш Европанинг ўз қадриятларини ҳам хавф остига қўйишидан огоҳлантирди.

Еврокомиссия вакили Гуннар Виганд минтақашуноснинг бу хавотирларига жавобан ЕИ низомидаги муайян қоидалар фақат ҳукуматлар билан алоқа қилишни тақозо этишини эслатди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари эса ЕИ сиёсатчиларини Г.Виганд келтиргани каби важлар воситасида инсон ҳуқуқлари масаласидан воз кечишга уринаётганликда айблади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Андреа Берг ЕИнинг бу минтақада юритаётган ҳар қандай сиёсатида инсон ҳуқуқларига оид меъёрлар бўлиши лозимлигини айтди. У ЕИ расмийларининг бу режимлардан инсон ҳуқуқларини яхшилашни талаб қилиш уларнинг Россия ва Хитойга юзланишига олиб келиши ҳақидаги баҳоналари куракда турмаслигини билдирди.

“Бу ўта соддадилликдир. Марказий Осиё давлатлари ЕИ билан алоқа қилишдан манфаатдордир. Бу режимларнинг ўз ташқи сиёсати ва ҳамкорликда мувозанат сақлашга ақли етади. Бундан ташқари, муносабатда бўлиш ва ўзаро шартларни қўйиш ягона мақсад, деб кўрилмаслиги лозим, балки бу икки омил бир-бирини тўлдирувчи ва ҳаракатга келтирувчи кучдир. Инсон ҳуқуқларига оид биз таклиф этаётган шартларнинг қўйилиши улардан кўзланган аниқ натижаларга эришишни кафолатлайди”,- деди А.Берг.

Унинг таъкидлашича, шартлар қўйилишини ана шундай талқин қилиш ЕИнинг Марказий Осиёдаги асосий стратегик мақсади минтақанинг табиий бойликларидир, деган танқидларга жавоб ва Европанинг инсонлар ҳаётига ҳам қизиқиши бор, деганлар учун аргумент бўла олади.
XS
SM
MD
LG