Линклар

Аёлларни ўз юртида ҳам жинсий эксплуатацияга мажбурлаш кўпаймоқда


Мутахассислар Қозоғистонда фуқаролар, аксар ҳолларда хотин-қизларнинг нафақат хориж давлатларида, балки ўз юртида ҳам одам савдоси қурбонига айланиши хавфи борлигини таъкидламоқда.

Халқаро миграция ташкилотининг одам савдосига қарши кураш дастурлари мувофиқлаштирувчиси Екатерина Бадикованинг айтишича, қозоғистонлик хотин-қизлар кўп ҳолларда Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Исроил каби давлатларга юборилади. Аммо сўнгги пайтларда Қозоғистонда қўшни давлатлар, хусусан, Россия ва Ўзбекистондан келган хотин-қизлар жинсий эксплуатацияга мажбурланиши ҳолатига ҳам дуч келинмоқда.

“Кўпинча ўзбекистонликлар кейинчалик БААга юборилиш учун бу ерга олиб келинади. Уларнинг айнан Қозоғистонда жинсий эксплуатация қилиниш учун келтирилиши ҳам кўп учрайди”,- дейди Е.Бадикова.

Қозоғистондаги Аёлларни қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Алина Орлова эса сўнги йиллар давомида Қозоғистондан аёлларни жинсий эксплуатация учун хориж давлатларига юбориш қўшни Ўзбекистондагига нисбатан анча камайганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, бу мамлакат иқтисодида содир бўлган ўсиш, яъни қозоғистонлик аёлларнинг ўз юртида ҳам пул ишлаб топа олиш имконияти ошгани натижасидир.

Ҳозир Қозоғистонда қочқинликда яшаётган, отаси Юсуф Жума ва икки укаси ҳибсда сақланаётган Алишер Жумаев Бухоро вилоятида одам савдосига қарши кураш билан шуғулланган “Саҳройи шерлар” нодавлат ташкилотига раҳбарлик қилган. У Бухоро вилоятидан хотин-қизлар алдов йўли билан хорижга олиб чиқилишини айтади.

“Қизларга сизларни Англия, Америка каби давлатларга ўқиш учун олиб кетамиз, Бухоронинг ўзидан учасиз, ноқонуний бўлганида бу ердан учмаган бўлардик, деб ваъда қилишади. Гўёки имтиҳон уюштиришиб, имтиҳонга келган қизлар ичидан келишганлари танлаб олинади”,- дейди А.Жумаев.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ўзида ҳам қизларни жинсий эксплуатацияга мажбурлаш иллати урчимоқда. Масалан, Бухорода қизларни бой сайёҳларга қўшиб бериш кўп учрайди.
XS
SM
MD
LG