Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:42

Гулсара Маҳмудова: Президентга инсоф берсин!


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:nUwEWf8_a74MlM:http://isyonkor.ucoz.ru/_nw/3/26876.jpg “Озодлик” мухбири Ўзбекистондаги режим томонидан кўп йиллардан бери қамоқхоналарда сақланиб келинаётган таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг турмуш ўртоғи Гулсара Маҳмудова билан суҳбатда бўлди.

М.Маҳмудов 1945 йилда Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Боғдон қишлоғида туғилган. Армия сафида хизмат қилгач, машинист бўлиб ишлаган. Воронеж шаҳридаги техник ўқув юртини тугатган. 1972 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбекистон ССР ëзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаган. У “Менинг Боғдоним”, “Боғдон бўриси”, “Бургут қаноти” каби асарлар муаллифи. Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ëрқин сиëсатчилардан бири, қолаверса, совет замонида таъқибга учраган ўзбек миллий озодлик ҳаракати ҳақидаги “Ўлмас қоялар” романи муаллифи.

М.Маҳмудов 1999 йилда Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик, Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик айблари билан 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Ўшандан бери ҳам маҳаллий, ҳам халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистон ҳукуматидан ҳозир 67 ëшга кирган М.Маҳмудовни озод қилишни сўраб келмоқда. Аммо бундай сўровлар ҳозирча сувга отилган тошдек жимжит ва жавобсиз қолмоқда. Шундай бўлса-да, М.Маҳмудовнинг яқинлари, хусусан, турмуш ўртоғи Гулсара опа Ўзбекистонда бошланган инсон ҳуқуқларига нисбатан сал бўлсин юмшаш сиëсатидан умидвор ва у ҳам Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов бегуноҳ қамалган турмуш ўртоғини яқин орада авф этишига умид билан яшамоқда.

Гулсара опа билан суҳбат қамоқдаги Мамадали Маҳмудовнинг ҳол-аҳволини сўрашдан бошланди.

Гулсара Маҳмудова: Ҳалигача касал. Яхши нафас ололмайди. Дори билан нафас олиб турибди.

Озодлик: Қамоқхонада муносабат қанақа экан?

Гулсара Маҳмудова: Ҳозир яхши, дейишяпти. Бошлиқлар ҳам, шароитлар ҳам яхши, деяпти. Ҳар борганимда қамоқдан чиқиш масаласида нима янгилик, нима, менга эътибор беришмаяптими, деб сўрайди. Ким билади нимага чиқармаëтганини?! Амнистия буларни четлаб ўтяпти.

Озодлик: Халқаро ташкилотлардан ва одамлардан Мамадали аканинг аҳволи билан қизиққанлар бўлдими?

Гулсара Маҳмудова: Йўқ. Неча йиллар бўлиб кетди, ҳали ҳеч ким билан учрашмадим. Ҳеч ким келмаяпти.

Озодлик: Ўзингиз ҳам бормаяпсиз?

Гулсара Маҳмудова: Мен кимнинг ëнига бораман?! Борсам, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига бораман. Энди фақат жавоб кутяпмиз. 555 саҳифалик романини ҳам олиб қўйишган.

Озодлик: Нимага?

Гулсара Маҳмудова: Операция пайтида олиб қўйишган. У бу китоб Муқанна тўғрисида, ҳеч нарса йўқ, қадимий роман, деган эди. Қаëққа борсак ҳам чиққандан кейин ўзига берамиз, деб гапни чалғитишяпти.

Озодлик: Қамоқхонага учрашувга борганингизда нимага амнистия қўлланилмаяпти, деб сўрайсизми?

Гулсара Маҳмудова: Йўқ, сўрамайман.Энди у ерда ишлайдиганлар билишмайди-ку.

Озодлик: Ислом Каримов М.Маҳмудовни ўзига душман билгани учун чиқармайди, дейишади баъзилар. Сиз бунга нима дейсиз?

Гулсара Маҳмудова: Йўқ, унақа эмас.Унинг Каримовга ҳеч қанақа душманлиги йўқ. Мени ноҳақдан қамашди, соғлиғим ëмонлашди, шу ëшга чиқиб ҳам ўтиравераманми, ҳеч нарсага алоқам бўлмаса, деб айтади ўзи. Ҳар борганда бизларга айтади шу гапларини.

Озодлик: Амнистияга тушиш ҳақида бирор нарса ëзиб бердиларми?

Гулсара Маҳмудова: Ҳа, хат ëзиб берган. Биз ҳам ëзганмиз. Бизга амнистия буларга тегишли эмас, дегандай қилиб жавоб беришди.

Озодлик: Нега Мамадали акага амнистия беришдан қўрқишади?

Гулсара Маҳмудова: Билмадим. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари ëзяпмиз, фақат жавоб йўқ, дейди. Мана, радиоларда ҳам шу ҳақда айтишяпти. Барибир таъсири бўлмаяпти.

Озодлик: Агар чиқарилмаса, яна неча йил қолди?

Гулсара Маҳмудова: 9 февралда 9 йил бўлади. Демак, яна 5 йил қолди. Амнистия билан аллақачон чиқишлари керак эди. Энди умид қилиб ўтирибмиз. Президентимизга инсоф бериб чиқарар.

Озодлик: Ҳозир президентга нима деган бўлардингиз?

Гулсара Маҳмудова: Ҳурматли президентимиздан турмуш ўртоғим Мамадали Маҳмудовни ҳамма қатори амнистия билан чиқаришни сўрайман. Уйига, бола-чақасининг олдига қайтсин. (Йиғлайди)

Озодлик: Яна қачон кўришга борасиз?

Гулсара Маҳмудова: (Йиғлайди) Билмайман.

Озодлик: Ўзингизнинг аҳволингиз қанақа? Турмушингиз, яшашингиз?

Гулсара Маҳмудова: (Йиғлайди)

Озодлик: Ўзи қанча вақтда кўриб турасиз?

Гулсара Маҳмудова: Охирги марта, менимча, ноябрь ойида кўрган эдим. Икки соатга рухсат беришган. Қизим билан борган эдим. Янги йилдан олдин нарса бериб келганмиз.
XS
SM
MD
LG