Линклар

logo-print

Кўплаб сиёсий маҳбуслар қамоқда қолмоқда

  • Абдулла Искандар

Лондонлик тадқиқотчи Алишер Илҳомов Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб эътиқод маҳбуслари борлиги, аммо улар орасида 30га яқин шахс сиëсий маҳбус сифатида диққат марказида турганини билдирди.

“Булар “Серқуëш Ўзбекистон” коалицияси лидери Санжар Умаров, мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг икки укаси - Муҳаммад ва Рашид Бекжонлар, собиқ депутат Мурод Жўраев, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева, ëзувчи Мамадали Маҳмудов ва яқинда қамоққа олинган шоир Юсуф Жума ва бошқалардир”,- деди А.Илҳомов.

Унинг айтишича, шу кунларда Ўзбекистон ҳукумати бир қанча ҳуқуқ ҳимоячисини қамоқдан чиқарганига қарамай, юқорида номлари тилга олинган сиëсий маҳбуслар озод қилинсагина, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия борасида одим отиляпти, деб айтиш мумкин.

Ўзбекистонлик диссидент шоир ва ҳофиз Дадаҳон Ҳасан ҳам айтган қўшиғи учун шартли жазога ҳукм қилинган иймон асирларидан бири.

“Ўтган куни чақиришиб, бир ҳужжат тайёрлаб келишимни айтишди. Берган қоғозини маҳалладан тасдиқлатиб, характеристика олиб бордим. Бугун назорат инспекциясига бериб келдим. Кейин мени жиноят қидирув бўлимига чақиришди ва у ерда мен билан суҳбат қилишди. Аҳволингиз қанақа, тўйларга боряпсизми, конституциявий тузумга тажовуз қиладиган қўшиқлардан айтмаяпсизми, деб сўрашди. Мен айтмаётганим, бир марта айтиб тавба қилганимни билдирдим. Бу ҳақда тушунтириш хати ёзиб бердим. Кейин участка нозирининг ëнига кириб, унга ҳам тушунтириш хати ëзиб, қўл қўйиб чиқдим. Мен каби 159-модда билан айбланган қамоқдагилар ҳам, шартли қамоқдагилар ҳам амнистияга тушмас экан. Бу энг ëмон модда экан. Менинг шартли қамоғим 3 йилдан кейин тугар экан ва шундан кейин мен умримнинг охиригача назоратда бўлар эканман. Участка нозири мендан ҳар доим хабар олиб турар экан”,- дейди Д.Ҳасан.

ЕИнинг Ўзбекистон билан мулоқоти пайтида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг ҳам қамоқдан озод қилиниши масаласи ўртага қўйилган эди.

Фарғонадаги норасмий “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева 2005 йилнинг 8 декабрида, Ирландияда бўладиган халқаро анжуманга кетиш олдидан Марғилонда ҳибсга олинганди. Турли айблар қўйилиб, 8 йилга қамалган ҳуқуқ ҳимоячиси, Нобель мукофоти номинанти айни дамда Тошкентдаги қамоқхоналардан бирида сақланмоқда.

Сиëсий маҳбус экани айтилаëтган арбоблардан яна бири “Серқуëш Ўзбекистон” коалицияси раҳбари Санжар Умаровдир. С.Умаров ўзбек тадбиркорлари ичида 2005 йил Андижон қирғинидан кейин режимга эътироз билдиришга журъат қилган саноқли кишилардан бири бўлди. Ўзбекистон Бош прокуратураси назарида Санжар Умаров сиëсий маҳбус эмас, балки иқтисодий жиноятлар содир қилган оддий бир жиноятчи.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бош котиби Светлана Ортиқованинг бу гапига Санжар Умаровнинг рафиқаси қўшилмайди.

“Турмуш ўртоғим Ўзбекистондаги вазиятнинг чидаб бўлмас аҳволга келганига исëн қилди ва сиëсий фаолияти учун тазйиққа учради”,- дейди у.

Санжар Умаровнинг рафиқаси ва фарзандлари ҳозир АҚШда яшамоқда.

“Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтаëтган, Ўзбекистон прокуратураси томонидан жиноятчи, деб айтилаëтган ва Ўзбекистон ОАВ “ўзбек халқининг душмани”, дея тамға урганлар аслида халқ қаҳрамонларидир,- дейди ҳофиз Дадахон Ҳасан. - Булар ўзига хавфли билганларни қамоқдан чиқармас экан. Қолган енгил-елпиларни ўзимиз тарбия қиламиз, дейишяпти. Кўпчилиги тавба-тазарру қилмасдан, айнимасдан турибди. Мен буларни ҳеч қачон ўзбек халқининг душмани, демайман. Ўзбекнинг ҳақиқий дўстлари бугун қамоқда”.

Айни пайтда ҳибсда қолаëтган шоир Юсуф Жума шеърлари ҳам Бухоро вилояти прокурорлари тарафидан конституцияга зид, дейилмоқда.

Ўзбекистонлик ëзувчи Олим Отахон бошқача фикрда.

“Прокурор бўладими, бош прокурор бўладими, бекорларни айтибди. Булар оддий, саводсиз, билимсиз, шеъриятдан, санъатдан хабари йўқ инсонлар”,- дейди ёзувчи.
XS
SM
MD
LG