Линклар

logo-print

“Супер сешанба” кўп масалага ойдинлик киритади

  • Ҳасанжон

5 февраль куни АҚШнинг 24 штатида Республикачилар ва Демократик партиянинг съездлари бўлиб ўтади. Уларда мазкур партиялардан президент сайловида ким иштирок этиши масаласи ҳал бўлади.

АҚШ президенлигина ноябрь ойида ўтказиладиган сайловда қатнашадиган номзодларни саралаш жараёни бир неча ойдан бери давом этмоқда. Республикачилар ва Демократик партия аъзоларининг “супер сешанба”, деб аталаётган 5 февраль кунги 24 штатда бўладиган йиғилишларида президент сайловида беллашадиган икки даъвогар аниқ бўлиши тахмин қилинмоқда. Ҳозирча республикачилардан ҳам, демократлардан ҳам иккитадан шахс президентликка асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда.

Сўров натижаларига кўра, Аризона штатидан сенатор, Вьетнам уруши фахрийси Жон Маккейн асосий рақиби, йирик тадбиркор Митт Ромнидан ўзиб кетган.

Таҳлилчилар йиғилишлар натижасини олдиндан айтиш қийинлигини билдирмоқда. Дастлаб ахборот воситалари Жон Маккейннинг имконияти катта эмаслиги ҳақида маълумотлар тарқатди. Бироқ ҳозир у партиянинг президентликка муқаррар номзоди сифатида қаралмоқда.

Демократлардан номзод бўлиш учун кураш, асосан, сенаторлар Ҳиллари Клинтон ва Барак Обама ўртасида бормоқда. Кузатувчилар ҳозир Ҳ.Клинтон ва Б.Обамани қўллаб-қувватловчилар сони деярли тенг, деган фикрда. Сўнгги кунларда улар қатор штатларда бўлиб фуқароларга ўз сайловолди дастурларини баён қилди.

Ҳ.Клинтон учрашувлар пайтида саралаш жараёни ҳал қилувчи паллага кирганини таъкидлади.

“Бу сайлов жараёнидаги бурилиш нуқтасидир. Айрим кишилар ўз номзодини қўйиш баробарида навбатдаги сайлов ҳақида ўйлайди. Мен келгуси авлод ҳақида ўйлаяпман. Чунки мен халққа хизмат қилувчиларгина шундай қилиши керак, деб ҳисоблайман. Биз натижасидан ҳамма баҳраманд бўладиган ишларни амалга ошириш ниятидамиз. Биз бу мамлакат буюк мамлакат бўлиб қолиши учун зарурий чоралар кўриш ниятидамиз ..”, – дея баёнот берди Ҳиллари Клинтон.

Барак Обаманинг сайловолди дастури ҳам Ҳ.Клинтонникига ўхшайди. Бу икки сенатор барча америкаликлар соғлиқни сақлаш суғуртасига эга бўлишини, шунингдек, АҚШ қўшинларининг Ироқдан 12 ой ичида олиб чиқилишини хоҳлайди.

60 ёшли Ҳиллари Клинтон АҚШ тарихида президентликка жиддий даъвогарлик қилаётган биринчи аёлдир.

Сайлов жараёнида чарақлаган юлдуз каби пайдо бўлган 46 ёшли сенатор Барака Обама эса президент сайловида биринчи марта овоз берадиган ёшлар орасида машҳур бўлиб бормоқда. Танқидчилар Обама мамлакатни бошқариш учун етарли тажрибага эга эмаслигини қайд этаётир. Улар шижоатлилик масаласида Обамани Жон Кеннеди билан таққосламоқда.

“Супер сешанба” арафасида “Озодлик” радиоси ўтказган сўров натижаларига кўра, сўралганларнинг аксари АҚШ иқтисодиёти хусусида ташвиш билдирган. 44 ёшли Энтони исмли фуқаро Ҳ.Клинтонни қўллаб-қувватламоқчи экани, чунки унинг турмуш ўртоғи Билл Клинтон АҚШ президенти бўлган даврда мамлакат иқтисоди барқарор бўлганини айтди.

35 ёшли Дейл эса Жон Маккейн номзодини қўллаб-қувватлаш ниятида эканини, чунки унинг сайловолди дастурида миллий хавфсизлик асосий масала эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG