Линклар

logo-print

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатини мутаносиблаштиряпти...ми?

  • Сарвар Усмон

Европа комиссиясининг ташқи алоқалар комиссарлиги вакиллари 4 февраль куни Ўзбекистонга сафар қилиб, Европа Иттифоқи – Ўзбекистон ҳамкорлик қўшма комиссияси ҳамраиси Элёр Ғаниев билан учрашди.

Аввалроқ АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони адмирал Уильям Фэллон Ўзбекистонга сафар қилган эди. Шу кунларда бир неча ҳуқуқ ҳимоячиси амнистия асосида озоддликка чиқарилди.

Бу воқеаларни Ўзбекистон – Ғарб муносабатлари илий бошлагани ифодаси, деб қабул қилиш мумкинми?

АҚШда яшаётган мустақил таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов бу саволга “мумкин”, деб жавоб берди.

“Назаримда, АҚШ – Ўзбекистон муносабатлари секинлик билан бўлса-да, юмшаяпти. Юмшашнинг натижаларидан бири сифатида бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари, жумладан, Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг озодликка чиқарилишини кўриш мумкин”,- деди А.Пўлатов.

Москвалик сиёсий шарҳловчи Санобар Шерматова фикрича, Ўзбекистон кейинги пайтларда кўп векторли сиёсат юритишга уринмоқда. Нафақат Москва билан, балки Пекин ва Япония билан алоқалар ўрнатишга ҳаракат қиляпти. Ғарбда эса энг яқин ҳамкор сифатида Германияни танлаган. Европа Иттифоқининг махсус вакили Пьер Морел ҳамда адмирал У.Фэллоннинг Тошкентга сўнгги сафарлари эса Ғарб йўналишида ҳам қандайдир янги ўзгаришлар юз бериш эҳтимолидан даракдир. Ғарб, айниқса, АҚШ билан муносабатлар совуқ нуқтадан илиқлик томон ўзгариши мумкин.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам бу фикрларга қўшилиб, кейинги пайтларда Ўзбекистон Ғарб билан муносабатларини нормаллаштириш ҳисобига ўзининг ташқи сиёсатини мутаносиблаштирмоқчи эканини билдирди.

“Кейинги пайтларда, менимча, Ислом Каримов ўзининг геосиёсий қарашларини қайта кўриб чиқмоқда. Шу пайтгача у бирор-бир геосиёсий ориентация билан яқинлашган пайтда бошқалардан максимал узоқлашар, масалан, Вашингтонга яқинлашса, Вашингтоннинг барча оппонентларини қоралар, Москвага яқин бўлса, Москванинг барча оппонентларини қоралар, яъни бир ёқламалик кузатилар эди. Назаримда, Каримовнинг мана шу услуби ўзгаряпти ва у Қозоғистонда ўзининг самарасини берган кўп векторли геосиёсий йўлни аста-секин амалга оширишга ҳаракат қиляпти”,- деди К.Раббимов.

Абдуманноб Пўлатовда шу пайтгача билдирилган фикрларнинг деярли такрори бор, лекин у Ўзбекистон – Ғарб ва хусусан, Ўзбекистон – АҚШ муносабатларининг 2002 йилдаги ҳолатига қайтишига ишонмайди.

“Назаримда, И.Каримов ҳатто Андижон фожеасидан кейин ҳам бутунлай бир йўналишдаги ташқи сиёсатни истамаган, лекин АҚШга, Ғарбга сизларсиз ҳам аравамни торта оламан, деб ўзини кўрсатиш учун тўнини тескари кийиб олганди ва ўша вақтда Россия ва Хитой билан яқинлашди. Чунки Ўзбекистон таяниши, ёрдам олиши керак эди. Иқтисодий ривожланиш, хавфсизликни таъминлаш учун. Лекин бугунги келиб, аста–секинлик билан ҳамма нарса жойига тушяпти. Лекин АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари 2002 йилги ҳолига қайтмайди энди”,- деди А.Пўлатов.
XS
SM
MD
LG