Линклар

Рақс учун мусиқа танланяптими?

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов чоршанба куни Россияга сафар қилади. Бу И.Каримовнинг президентликка қайта сайланганидан бери амалга ошираётган илк хориж сафаридир.

Ислом Каримов Россияга оёғини қўятуриб, қўлини Ғарбга узатмоқда. Тошкент раҳбарининг чоршанба куни Россия қилажак расмий ташрифини кузатувчилар ана шундай таърифлаётир.

“Ўзбекистон анъанавий, яъни Ғарб ва Россия ўртасидаги муносабатларини мувозанатлашга қаратилган ташқи сиёсатини давом эттирмоқчи, афтидан”, - дейди Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институти таҳлилчиси Юрий Фёдоров.

Кремлдаги учрашув чоғида Ислом Каримов россиялик ҳамкасби Владимир Путинга Ўзбекистон-Россия муносабатлари ҳақида кўп илиқ гапларни айтар. Аммо И.Каримов хаёлида Ғарб билан узилиб қолган алоқаларни тиклаш ғояси турса, ажаб эмас. Ўзбекистон президентининг сўнгги баёноти оҳанги ва бир қатор ҳуқуқ ҳимоячиларининг озодликка чиқарилиши у ердаги ҳукумат Ғарб томон ён босаётгани белгиси ўлароқ қабул қилинмоқда.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик алоқалари 2005 йилда Андижонда юз берган қонли ҳодисалар ортидан узилган эди. Ўшанда Вашингтон Ўзбекистон ҳукумати кучларининг Андижонда, асосан, қуролсиз намойишчиларни ўққа тутишини танқид остига олиб, халқаро текширув ўтказишни талаб қилганди. Бунинг натижасида АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари совуқлашди. Ўзбекистон раҳбари ўзини Россия қучоғига отди. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон Россиянинг муҳим иттифоқчисига айланди.

Аммо, Юрий Фёдоров фикрича, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ҳеч қачон самимий бўлмаган.

“Албатта, Москва Тошкентнинг иттифоқчиси сифатида ўзини намоён этмоқда. Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва МДҲ доирасидаги бошқа тузилмаларга қайтиши, буларнинг ҳаммасини Москва ўз ташқи сиёсатидаги муҳим ютуқ ҳисоблайди. Россия бундан буён ҳам И.Каримовни қўллаб-қувватлашга тайёр. Лекин Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ҳеч қачон самимий бўлмаган. Стратегик жиҳатдан Москванинг И.Каримовга ишончи йўқ. Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йил давомидаги ўзгарувчан ташқи сиёсати боис, Россия Каримовни ишончли ҳамкор ҳисобламайди. Тошкент ҳам, ўз навбатида, Андижон воқеаларидан кейин Ғарб билан юзага келган мураккабликлар боис, Россия қучоғига ўзини отишга мажбур бўлган эди”,- дейди Юрий Фёдоров.

Энди Андижондаги қонли воқеалардан уч йил ўтиб, Тошкент раҳбари Ғарб билан алоқаларни қайта тиклаш истагида эканини кўрсата бошлади. Ўз навбатида, Ғарб давлатларининг мартабали расмийлари ҳам сўнгги пайтларда Ўзбекистонга серқатнов бўлиб қолган. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби аксилконституциявий ва асл танлов имкони берилмаган сайлов йўли билан президентликка учинчи муддатга қайта сайланган И.Каримовга табрик хати жўнатди.

“Ғарб Ўзбекистон билан муносабатларни аввалги ҳолига қайтаришни хоҳлаяпти, Тошкентни бурчакка олишни эмас. Ғарб Тошкент учун эшикларни очиқ қолдиришни истайди. Яъни Ғарб Ўзбекистонга биз сиз билан муносабатларни қайта йўлга қўйиш масаласини мухокама этишни хоҳлаймиз, буни эвазига Андижондаги каби воқеалар бошқа такрорланмаслигини ва Ғарб билан муносабатлар мувозанатли бўлишини хоҳлаймиз, демоқда”,- дейди Фёдоров.

Жиззахлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёрнинг қамоқдан уйига қайтиши, тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Умида Ниёзовага белгиланган шартли жазо бекор қилиниши, Андижон воқеалари гувоҳи, ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов озод этилиши Тошкентнинг Ғарб қўйган талабларга ижобий жавоб белгиси сифатида кўрилмоқда.

“Менимча, бу ҳаммаси бир-бири билан чамбарчас боғланган. Ғарбнинг инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш талабларига жавобан Тошкент ҳам рамзий бўлса-да, Ғарб томон қандайдир қадамларни ташламоқда”,- дейди Юрий Фёдоров.
XS
SM
MD
LG