Линклар

Сирдарё ИЭС акциялари Россияга сотилади


Россиянинг “Интер РАО” ширкати Ўзбекистондаги Сирдарё иссиқлик электр станциясининг 48 фоиз акциясини сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Россия матбуоти хабар тарқатди.

Компания вакили Нурузбаев “Интер РАО”ни постсовет ва унга қўшни давлатлар бозорларидаги барча объектлар қизиқтириши, Сирдарё ИЭС ҳам шулар жумласидан эканини билдирди.

“Айни пайтда бу борада Ўзбекистон томони билан музокаралар бошланган. Ҳозирча музокаралар қандай натижа билан якунланишини айтиш қийин”,- деди Нурузбаев.

Сирдарё ИЭС Марказий Осиёдаги энг йириклардан биридир. Унда ўнта энергоблок бўлиб, умумий қуввати уч минг мегаваттга тенг. Ўзбекистон электр энергиясининг ўттиз фоизи Сирдарё ИЭСда ишлаб чиқарилади.

“Станцияни лойиҳа параметрларига мувофиқлаштириш, белгиланган қувватдан фойдаланиш коэффицентини ошириш ҳақида сўз бораётир. “Интер РАО” бу мақсад учун беш йил ичида Сирдарё ИЭС модернизацияси учун 170 миллион доллар атрофида маблағ ётқизмоқчи”,- деди Нурузбаев.

Айни пайтда Россиянинг “Газпром”, “Лукойл” ва МТС каби йирик ширкатлари ўзбек диёрида турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Интер РАО” Россиянинг Ўзбекистонга кириб келаётган тўртинчи йирик ширкати бўлади. Бу ширкат Қирғизистон ва Қозоғистон билан ҳамкорликда Бишкек яқинидаги “Қамбарота-1” ва “Қамбарота-2” ГЭСлари қурилиши лойиҳасининг асосий сармоядорларидан биридир.

Айрим кузатувчилар фикрича, расмий Тошкент “Интер РАО”нинг ўзбек бозорига кириб келишини қувватлаши мумкин. Негаки, Ўзбекистон ҳукумати Россия билан ўзаро савдо ҳажмини ўтган йилгига нисбатан бир миллиард долларга кўпайтирмоқчи.

Яқинда Ўзбекистон бош вазири матбуот котиби Шерзод Қудратхўжаев Россия билан ўтказилган давлатлараро муҳокамалар тўғрисида ахборот бериб: “Россия-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ҳукуматлараро кенгашида икки давлат ўртасидаги алоқа кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда. 2007 йилда Россия билан товар айрбошлаш ҳажми 4 миллиард доллар бўлган. 2008 йилда эса уни 5 миллиардга етказиш режалаштирилган”,- деган эди.

Расмий маълумотларга кўра,Ўзбекистонда Россия сармоялари асосида ишловчи 430 корхона мавжуд. Бундан ташқари, Россиянинг 80 ширкати ҳам Ўзбекистонда фаолият кўрсатмоқда. Россияда эса ўзбек капитали иштирокидаги корхоналар сони 280 тага етган.
XS
SM
MD
LG