Линклар

“Пресс-ўз.инфо” АҚШ ташкилотини Қозоғистонда ҳам тинч қўймади


Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” сайти АҚШ Миллий демократик институтининг Жанубий Қозоғистондаги филиали рўйхатдан ўтмаган ҳолда ноқонуний фаолият юритаётгани, ўзбекистонлик 4 марта судланган адвокат хизматидан фойдалангани ҳақида ёзди.

Жанубий Қозоғистон адлия департаменти вакили Асилбек Тўрабековнинг “Озодлик” билан суҳбатда айтишича, МДИ юридик шахс сифатида АҚШда рўйхатдан ўтган. Олмаотада эса бу институтнинг ваколатхонаси рўйхатга олинган. Олмаота ваколатхонасининг ўзи бош офис бўлмагани боис, у Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида ўз филиалларини оча олмайди. Буни АҚШдаги бош офис амалга ошириши керак. Бироқ МДИнинг АҚШдаги бош офиси ҳужжатларида Олмаотадаги ваколатхона бутун Қозоғистон ҳудудида фаолият юритиш ҳуқуқига эгалиги айтилган. Шунинг учун Жанубий Қозоғистондаги филиални адлияда рўйхатдан ўтказиш шарт эмас.

Маълум бўлишича, “Пресс-ўз.инфо”да МДИнинг филиали сифатида айтилган муассаса “Демократияни ривожлантириш ахборот маркази”, дея номланади ва МДИнинг Олмаотадаги ваколатхонаси мувофиқлаштирадиган лойиҳа доирасида фаолият юритади. Яъни у ҳеч қанақа филиал эмас.

“Пресс-ўз.инфо” сайтидаги ахборот муаллифи номаълум экани, номаълум манбага таяниб мақола тайёрлагани, бунинг устига Ўзбекистонда 4 марта судлангани айтилган адвокат шахсига алоҳида эътибор қаратгани материалнинг холислигига бироз шубҳа уйғотади. Айтиш керакки, аноним муаллиф ўша адвокатнинг исм-шарифини ҳам келтирмаган.

“Озодлик” мухбири “Press-uz.info”да тилга олинган ўзбекистонлик адвокат Акоп Петросян эканини аниқлади. Адвокат ўзаро суҳбат давомида илгари чиндан ҳам судланганини яширмади. Аммо жазога тортилгани сабабларини изоҳлаган адвокат бировга туҳмат қилишдан воз кечгани ва бир пайтлар бой одамлардан бири бўлгани боис, шундай можароларга тортилганини билдирди. У озодликка чиққанидан сўнг ўзига етказилган маънавий зарар тўлиқ қопланганини ҳам қўшимча қилди.

“Мен Ўзбекистонда энг кўп сийланган ва етакчи адвокатлардан бири эдим. Анчагина мол-мулким, яхшигина алоқаларим бўлган. Бир куни кўчада мени 20га яқин қуролланган одам ўраб олиб, Ўзбекистон ички ишлар вазири мен билан ОАВга берган интервьюларим юзасидан гаплашмоқчи бўлганини айтди. Кейинчалик Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов мен билан суҳбатлашиб, ҳукумат сиёсатига аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди”,- дейди адвокат.

Акоп Петросяннинг сўзларига кўра, барча кулфатлар у Қозоғистон давлат рақамига эга бўлган автомашиналар Ўзбекистонга кириб келгандан сўнг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳайдовчиларга бўлган қонунбузарликлари юзасидан шуғулланишга тушганидан сўнг бошланган.

“Мен қозоғистонликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, элчихона, Ташқи ишлар вазирлиги каби органларга мурожаат қилганман. ОАВга бу борада интервьюлар берганман. Ҳатто МХХ ва ИИВ бу ҳаракатларимни тўхтатишимни қаттиқ талаб қилганида ҳам қозоғистонликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этганман. Ҳукуматнинг менга босими ўша пайтда – 1994 йилда бошланган. “Press-uz.info” сайтида мен ҳақимда келтирилган маълумот Ўзбекистон ҳукуматининг менга ўтказаётган босими ҳали ҳам давом этаётганидан далолат”,- деди Акоп Петросян.
XS
SM
MD
LG