Линклар

“Супер сешанба” номзодлар масаласига тўлиқ ойдинлик киритмади

  • Ҳасанжон

АҚШнинг 24 штатида мамлакат президенти сайловига номзод танлаш жараёнида республикачилардан Жон Маккейнинг мавқеи кучайди. Демократлардан Ҳиллари Клинтон ва Барак Обама ўртасида эса қарийб тенг кураш бормоқда.

Кўпчилик “супер сешанба”дан кейин республикачилар ва демократларнинг сайловдаги номзодлари аниқ бўлишини башорат қилганди. Бироқ Оқ уй соҳиблигига номзод бўлиш учун 5 февраль кунги саралаш жараёнлари ҳар доимгидек кутилмаган натижалар билан якунланди.

Республикачи сенатор Жон Маккейн 24 штатда ўтказилган саралаш жараёнидан кейин ўз партияси номидан президентликка асосий даъвогар бўлишга умид қилган эди. Бироқ унинг рақиби Митт Ромни олти штатда ғалабага эришгандан сўнгЖон Маккейн курашни яна давом эттиришига тўғри келади.

Демократ сенатор Ҳиллари Клинтон аҳолиси кўп бўлган Нью-Йорк ва Калифорния каби катта штатларда сайловчиларнинг энг кўп овозини олишга муваффақ бўлди. Калифорния аҳолисининг аксарини ташкил этган испан тиллилар вакилларининг кўпчилиги Ҳ.Клинтон учун овоз берди.

Унинг рақиби сенатор Барак Обама эса Ҳ.Клинтонга қараганда кўпроқ штатда ютиб чиқди. Б.Обамага, асосан, келиб чиқиши африкалик бўлган америкаликлар ҳамда маълумоти юқори бўлган сайловчилар овоз берди.

Жорий йил ёзда республикачилар ва демократлар ўз партияларидан президентликка ким ягона номзод бўлиши масаласида якуний хулосага келади. Унгача номзодлар ҳар бир штатда ўтказиладиган саралаш жараёнида ғолиб чиқишга интилиши керак. Ким кўп қўллашга сазовор бўлса, унинг ўз партиясидан ягона номзод бўлиш имконияти шунча ошади.

“Супер сешанба”да республикачилардан Жон Маккейн асосий рақиби Мит Ромнига нисбатан қарийб икки баробар кўп делегат овозини олган. Демократлар орасида эса Ҳ.Клинтон 700дан ортиқ, Б.Обама эса 600дан ортиқ делегатнинг овозини тўплашга муваффақ бўлди. 2 мингдан ортиқ делегат овозини олган даъвогар ўз партиясидан президентликка номзод бўлиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Таҳлилчилар март ва апрель ойларида ҳам Огайо, Техас ва Пенсилвания каби аҳолиси кўп штатларда сиёсий кураш давом этишини башорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG