Линклар

Рус нашрлари И.Каримовнинг Москвага сафари ҳақида


Россиянинг бир қатор нуфузли нашрлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Москвага расмий ташрифини турли ракурсларда ёритишга ҳаракат қилди.

“Известия” газетаси И.Каримовнинг Москва сафари баҳонасида Гулнора Каримова отасининг ўрнини эгаллайдими, деган саволга жавоб қидиради.

“Гулнора Каримова маданият билан шуғулланади” сарлавҳали мақолада, жумладан, бундай дейилган:

“Каримов тахти ортида турган мамлакатнинг соядаги лидерлари бошқарув тушовини унинг ёш вориси қўлига топшириб қўймаса керак. Чунки француз ёки испан тилида қўшиқ айтиш билан мамлакатни бошқариш ўртасида катта фарқ бор”.

“Коммерсант” газетаси Ўзбекистон президентининг Москва сафари мақсадини атрофлича таҳлил қилишга уринган.

“Музокаралар асосий мавзуи газ масаласи бўлади. Мавжуд маълумотларга кўра, ўз қўшнилари Туркманистон ва Қозоғистон каби Ислом Каримов ҳам ўзбек гази ва Ўзбекистон орқали ўтадиган туркман гази транзити нархини кўтаришни талаб қилади”,- деб ёзди “Коммерсант”.

Нашрнинг “Газпром”га таяниб хабар беришича, 2008 йил биринчи ярмигача Россия ўзбек газини 130 доллардан сотиб олади. Шу йилнинг иккинчи ярмидан эса газ учун Ўзбекистонга 160 доллардан ҳақ тўланади.

“Коммерсант” газетаси президентлар 2009 йил учун газ нархи борасида ўзаро бир битимга келиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилар экан: “Чунки 2009 йилда ўзбек гази баҳоси камида 195 долларни ташкил этиши эҳтимолдан узоқ эмас”, деб ёзади.

Бу нуфузли газета мақоласида бошқа қизиқарли маълумотлар ҳам бор:

“Ўзбекистон томони Ислом Каримовнинг айни сафарига давлат ташрифи мақоми берилишини талаб қилган, яъни Ўзбекистон раҳбарига Москвада имкони бор барча эҳтиром кўрсатилиши керак эди. Бироқ Россия томони халқаро протоколга кўра, президент бирор мамлакатга давлат ташрифи билан бир марта бориши мумкинлигини эслатди. Аммо шунга қарамай, жаноб Каримов қандайдир мўъжиза туфайли икки марта - 1998 ва 2001 йиллари Москвага давлат ташрифи билан келишга мушарраф бўлган. Натижада Кремль Тошкентни бу ташрифга расмий мақом берилишига кўндирган”.

“Газета” нашри эса Ўзбекистон-Россия иқтисодий алоқалари тўғрисидаги маълумотларга урғу берган.

Бу нашрнинг ёзишича, Ўзбекистонда Россия сармояси ётқизилган 527 корхона мавжуд. Ўзбекистонда Россиянинг 139 компанияси фаолият кўрсатади. 2007 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айланмаси 48 фоиз ўсган ва 4 миллиард 200 миллион долларни ташкил этган.

Россия президенти Владимир Путин эса 6 февраль куни ўтган матбуот анжуманида бошқа рақамларни келтирди.

Унинг айтишича, Россия-Ўзбекистон товар айрбошлаш ҳажми 37 фоиз ўсган ва 3 миллиард долларга яқинлашиб қолган.

“Прайм ТАСС” ахборот агентлиги эса Ўзбекистон президентининг Москва сафари пайтида Россия ҳукумати Бирлашган авиасозлик корпорацияси ва Тошкент авиация заводи интеграцияси тўғрисидаги битимни имзолаш ҳақида қарор қабул қилганини билдирди. Мазкур ҳужжатга кўра, Россия бош вазири биринчи ўринбосари Сергей Иванов ўзбек томони билан музокаралар ўтказади ҳамда битимни имзолайди.

“Маркетинг ва Консалтинг” ахборот агентлиги Ислом Каримовнинг Москва ташрифини ўзбек президенти бошлаган янги сиёсий ўйиннинг бир қисми сифатида баҳолайди.

Агентликнинг ёзишича, айни пайтда И.Каримов Россия билан сиёсий-иқтисодий ҳамкор эканини кўз-кўз қилишдан манфаатдор.

“Кремль сиёсатининг ўзбек мотиви” сарлавҳали мақолада, жумладан, мана бундай дейилади:

“Кремлнинг Марказий Осиё сиёсатида яқин ўртада туб ўзгариши кутилмайди. Бироқ Ўзбекистон билан ҳамкорлик борасида абсолют ишонч йўқ. Ислом Каримовнинг ҳокимиятда экани дўстлик ва иттифоқчиликнинг мустаҳкам кафолати бўла олмайди, чунки ўзбек раҳбари сўнги йиллар давомида ўз тамойилларини бир неча марта ўзгартирган”.

Шунга қарамай, “Маркетинг ва Консалтинг”нинг ёзишича, Россия АҚШдан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда ҳокимият алмашинувидан манфаатдор эмас.
XS
SM
MD
LG