Линклар

Москвага расмий ташриф билан келган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 6 февраль куни Кремлда россиялик ҳамкасби Владимир Путин томонидан қабул қилинди.

Музокаралар кун тартибидан, расмий хабарларга кўра, икки томонлама стратегик лойиҳаларнинг амалга оширилишига оид муҳим ҳужжатларни имзолаш ва Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизлик масалалари ўрин олган.

И.Каримовни қабул қилган В.Путин ўз меҳмонининг президентликка қайта сайланганидан кейин дастлаб айнан Москвага сафар қилгани муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

“Бу биз учун муносабатларимиз сўнгги йиллардаги каби ривожланишидан дарак беради. Сўнгги йиллар эса икки томонлама муносабатлар учун ёмон бўлмади. Ўтган йилда ўзаро товар айрбошлаш ҳажми 37 фоиз ўсиб, қарийб уч миллиард АҚШ долларини ташкил этгани бунинг тасдиғидир”,- деди Кремль раҳбари.

Ўз навбатида, И.Каримов мезбоннинг фикрини тасдиқлаб, Ўзбекистоннинг Россия билан алоқаларини юқори баҳолашини таъкидлади.

“Ҳақиқатан бу ташриф мамалакатларимиз ўртасида мавжуд муносабатларга урғу беради. Шунингдек, бу ташриф Ўзбекистоннинг Россияга бўлган катта ҳурматига алоҳида урғу беради”,- деди Ислом Каримов.

Расмий хабарларда Оқсарой хўжайинига икки кунлик Москва сафарида Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва мудофаа вазири Руслан Мирзаев ҳамроҳлик қилаётгани мазкур ташрифнинг аҳмиятини ошириши ҳам қайд этилади.

Москвадаги МДҲ институти Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин “Озодлик” билан суҳбатда И.Каримовнинг президентлик муддати узайтирилгандан кейин биринчи расмий сафари Москвага тўғри келганининг рамзий аҳамияти кўпроқлигини таъкидлади.

“Биринчи навбатда, бу кейинги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсати Россияга йўналтирилгани узоқ муддатли эканини тасдиқлайди. Сўнгги пайтларда Ғарб билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар қайта жонланаётгани ҳақида гапирилаётган бўлса-да, Ўзбекистон билан Ғарб муносабатларини Андижон воқеаларидан аввалги ҳолига қайтариш қийин бўлади, менимча. Ҳарқалай, Каримов ҳокимиятда қолар экан, Ўзбекистон ташқи сиёсати, асосан, Россияга қаратилади ва бу ташрифнинг асосий мақсади ҳам буни намойиш этишдан иборат”,- дейди А.Грозин.

Кремлдаги учрашувдан кейин В.Путин ҳамкасби билан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар иттифоқчилик талабларига жавоб бериши ҳақида якдил фикрга келганини қайд этди. И.Каримов ҳам учрашувда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга келишиб олганини қўшимча қилди.

“Россия президенти билан юзма-юз учрашув икки томоннинг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига қаратилган кўп қиррали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади”,- деди И.Каримов.

Бироқ расмий хабарларда стратегик лойиҳалар, хусусан, икки давлатдан ташқари Қозоғистон ва Туркманистон ҳам иштирок этаётган Ўрта Осиё-Марказ газ қувурини такомиллаштириш лойиҳаси бўйича қандай келишувларга эришилгани ҳақида бирор нарса дейилмади.

Айни ҳолат ҳам Тошкент ва Москванинг иттифоқчилик муносабатлари икки президент айтаётганчалик идеал эмаслигини кўрсатишини таъкидлади Андрей Грозин.

“Ўзаро манфаатлар кесишган нуқталарда икки томон ўртасида якдиллик бор, албатта. Буларга, асосан, “Газпром” ва “Лукойл” каби ширкатларнинг Ўзбекистон ҳукумати билан келишувларини мисол қилиш мумкин. Бундан ташқари, ҳарбий соҳадаги ҳамкорликда ҳам муроса бор, дейиш мумкин. Лекин одатда жамоатчиликка ошкор қилинмайдиган келишмовчиликлар ҳам талайгина, бунга Тошкент авиация заводи атрофидаги муаммолар, икки томоннинг минтақадаги гидроэнергетик ривожланиш борасидаги келишмовчиликлари, қолаверса, Ўзбекистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги мақомига оид кўплаб бошқа зиддиятларни мисол қилиш мумкин”,- дейди А.Грозин.

Унинг сўзларига кўра, кейинги пайтларда Тошкентнинг Ғарбга мулозамат қила бошлагани муносабатлар самимиятига путур етказмай қўймайди. Ўзаро манфаатлар ҳақида гапирганда эса И.Каримов учун бугун Москва билан алоқаларда миллий манфаатлардан кўра, шахсий манфаатлар устунроқдир.

“Бу инсон табиатига хосдир. Мен И.Каримов Ўзбекистон миллий манфаатларини бутунлай унутган сиёсатчи, демоқчимасан. Лекин у Россия билан алоқаларда, биринчи навбатда, ўзи ва оиласи манфаатларини ўйлайди. Чунки, нима бўлганда ҳам, И.Каримов ҳам Ғарб, ҳам Россия учун куни битиб бораётган сиёсатчидир. Менимча, ўзининг навбатдаги етти йиллик президентлик муддатини И.Каримов Россияда кузатилаётган жараёнлар сингари ўзига ворис тайёрлаш масаласига бағишлайди. Ўз ташқи сиёсатини Россияга қаратиш эса унга Ўзбекистон ички сиёсатида амалга оширалажак бу жараёнларда қўл келади”,- деди Андрей Грозин.
XS
SM
MD
LG