Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:07

И.Каримов В.Путин ўзидан ўрнак олиши тарафдори


Москвага расмий сафар қилган Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов мухбирлар билан мулоқот чоғида россиялик ҳамкасби Владимир Путиннинг учинчи муддатга президент бўлиб қолиши тарафдори экани ҳақида баёнот берди.

“Мен ҳар доим Владимир Владимирович ўзининг номзодини учинчи муддатга қўйиши ташаббуси тарафдори бўлганман, хусусан, бундай ташаббусни ўзим ҳам айтганман. Албатта, бугун бу ҳақда гапиришга кеч бўлди. Бундай вариант амалга ошиши мумкин эди ва бу ҳақда ҳеч ким пушаймон қилмаслигига ишончим комил”,- деди Ўзбекистон раҳбари.

И.Каримовнинг ўзи ўтган йилнинг 23 декабрида Ўзбекистон конституцияси талабларига зид равишда учинчи марта президент этиб сайланиб олган. Бунда Ўзбекистонда мутлақ ҳокимият эгаси бўлган И.Каримов на конституцияга ўзгартиш киритди, на мамлакатнинг бош қонунини нега бузаётганини изоҳлади.

“Энди эса (И.Каримов) В.Путинни ҳам ўз мамлакати конституциявий тузумига тажоввуз қилишга ундаб, кулгига сабаб бўляпти”,- дейди ўзбекистонлик мустақил кузатувчи ва собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев.

“Свобода” радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Виталий Портников И.Каримовнинг “бугунги вазиятда бу вариант ҳаммага тўғри келар эди”, деб ўзининг қонунларни писанд қилмайдиган “беадаб” сиёсатчи эканини яна бир бор намойиш қилганини айтади.

“Ислом Каримов Россияда мавжуд сиёсий воқеаликка тўғри баҳо берди, менимча. Президент Путиннинг конституцияни ўзгартирмагани ва учинчи марта президентликка бормагани ўзи учун сиёсий хато бўлди. У конституцияни бузмади ва таъбир жоиз бўлса, Россиянинг Европада жойлашган давлат, деб аталишига лойиқ йўл тутди. Президент Каримов эса Марказий Осиёдаги бошқа ҳамкасблари сингари мамлакатда чексиз ҳокимиятга эга экани, ҳар қандай қонунга тупуриб, истаганча ҳокимиятда қолиши мумкинлигини ошкора намойиш қилди. Лекин Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ, Россияда сиёсий элитанинг В.Путинни ҳокимият қолдириш истагидан кўра, мавжуд институционал муаммолар устунроқ келганини кўрдик”,- деди В.Портников.

Унинг фикрича, Ўзбекистон президентининг Москвадаги баёноти қонунсизлик ва қонунга беписандлик қилиш маъносида президентликда қолиш унинг ўзи учун энг тўғри қарор бўлганини яна бир намойиш этишга уринишдир.

И.Каримов В.Путиннинг учунчи президентлик муддати ташаббускорларидан биринчиси эмас. Шу пайтгача В.Путиннинг президентликда қолиши ташаббуси билан Россиядаги баъзи ижодкор интеллигенция вакиллари, “нафақахўрлар уюшмаси” ёки “уй бекалари тўгараги” каби турли гуруҳлар Кремлга очиқ хатлар юборган. Бундан ташқари, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам шунга ўхшаш баёнотларни қилиб улгурган.

Лекин И.Каримовнинг ўзи яқиндагина аксилконституциявий равишда президентлик муддатини узайтириб олган сиёсатчи сифатида бундай баёнотлар қилишда “эҳтиётроқ бўлиши” кераклигини айтади суҳбатдошлар.

Т.Йўлдошев И.Каримов бу сўзларни билмасдан гапириб юборган бўлса керак, деб тахмин қилади.
XS
SM
MD
LG