Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:44

Н.Назарбоев мамлакат демократик тараққиётдан чекинаётганига ишонмайди


Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев парламент палаталарининг қўшма мажлисида йиллик мурожаат билан чиқиб, ҳукумат стратегиясининг асосий тамойилларига тўхталди.

Бу йилги мурожаатида Н.Назарбоев ҳукумат стратегияси мамлакатнинг дунёдаги 50 та энг рақобатбардош давлат рўйхатидан ўрин олиши ва жамият модернизацияси ҳамда иқтисоднинг инновацион равнақига қаратилганини алоҳида таъкидлади.

Бу гал ҳам президент ўтган йили тилга олган муаммо, яъни ерлар талон-тарож қилинаётганига эътибор қаратди.

Унинг айтишича, ҳукумат текшируви натижасида пойтахт Остона ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари марказларидаги ер участкалари жуда арзон нархда ва аксар ҳолларда ҳукумат амалдорлари томонидан сотиб олингани аниқланган.

“Ер участкаларини арзон баҳога сотиб олганлар орасида ҳукуматнинг кўплаб амалдорлари ҳам бор. Улар ё ўз хоҳишига кўра ерларни давлатга қайтариб беради, ёки бу иш билан ҳуқуқ-тартибот идоралари шуғулланишига тўғри келади”,- деди Н.Назарбоев.

Аммо мухолифатдаги сиёсатчи Жармахон Туёқбой президентнинг амалдорларга қаратилган огоҳлантиришида жиддий маъно кўрмаётир.

“Ҳозир амалдорлар ҳамма ҳудудларда ерларни талон-тарож қилмоқда. Президент ўтган йилги мурожаатида ҳам бу ҳақда гапирган эди. Аммо унинг огоҳлантиришлари ерда қолиб кетмоқда”,- дейди мухолифатчи.

Н.Назарбоевнинг Солиқ кодексида ҳам баъзи камчиликлар борлиги ҳақидаги сўзлари эса ҳукумат мамлакатдаги корчалонларни ҳам қаттиқ назорат қилишни режалаштираётганига ишорага ўхшайди.

“Агар одам 4 миллион долларга 3 қаватли уй қуриб, қимматбаҳо “Мерседес” сотиб олаётган бўлса, ўшанга яраша солиқ ҳам тўласин”,- деди президент.

2010 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш ҳуқуқини қўлга киритгани Қозоғистоннинг энг катта ютуқларидан бири эканини таъкидлаган президент сўнгги пайтларда мамлакатда демократик механизмлар ишламаётгани, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги қўпол равишда бузилаётгани ҳақидаги танқидларга ҳам муносабат билдириб: “Биз жамиятни демократлаштириш, озодлик ва инсон ҳуқуқлари борасида ҳеч кимдан ортда қолганимиз йўқ. Бу гаплар ўз бошини ейдиган одамларнинг сўзлари”,- деди.

Мухолифатдаги аксар сиёсатчилар, хусусан, “Овул” партияси раҳбари Ғани Қалиев фикрича, бу йилги халққа мурожаатида ҳам президент тайин бир гап айтгани йўқ.

“Ҳозир, аввало, одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш керак. Уларнинг ижтимоий вазиятини яхшилаш даркор. Ечилиши шарт бўлган энг зарур муаммо шу”,- дейди сиёсатчи.

Президент эса ўз мурожаатида келаси йилги бюджетда ҳам ижтимоий харажатлар қисқартирилмаслигини маълум қилди. Пенсия 25 фоиз, ижтимоий нафақалар 9 фоиз ўсиши ва давлат идоралари ишчи-хизматчиларига йиллик фоизи 4 фоиздан ошмайдиган ипотека кредити берилишини ваъда қилган президент булар оддий қозоғистонликлар ижтимоий аҳволи анча яхшиланишига олиб келишини билдирди.
XS
SM
MD
LG