Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:57

Муҳайё Фахруддинова: “Ёруғ кунларни кутяпмиз”


Ўзбекистонда бир неча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Европа Иттифоқи сўрови асосида қамоқдан озод этилгани айтилаётган бўлса-да, ҳали қамоқхоналарда халқаро тузилмалар рўйхатига кирмаган маҳбуслар қолиб кетмоқда.

Улар 90-йиллар ўрталаридан то яқинларга қадар Каримов режими қаҳрига учраб, узоқ йиллик оғир жазоларга ҳукм этилган сиëсий маҳбуслардир. Мухолифатдаги “Эрк” ва “Бирлик” партиялари фаоллари, таниқли диний уламолардан таркиб топган бу рўйхатнинг тоши оғир.

“Озодлик” радиоси унутилаëзган бу эътиқод тутқунлари тақдирига уларнинг аҳли аëллари билан суҳбатлар асносида қайтмоқда. Бу галги суҳбат таниқли имом Руҳиддин Фахруддиновнинг тутқунликдаги ҳаëтига қаратилган.

Р.Фахруддинов 1998 йилда очилган жиноят иши асосида қидирувга берилган ва ўшанда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган эди. Узоқ йиллик таъқиблардан кейин 2005 йил ноябрда у Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан Ўзбекистонга ўғирлаб кетилди ва 2006 йил сентябрда конституциявий тузумга тажовуз қилганлик каби қатор оғир айблар билан 17 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг турмуш ўртоғи Муҳайë Фахруддинова таниқли имомнинг қамоқдаги ҳаëти ҳақида ҳикоя қилади....

Муҳайë Фахруддинова: У ҳозир УЯ/64-қамоқхонада қамоқ муддатини ўтамоқда. Охирги марта олдиларига 27 декабрда кирган эдик.

Озодлик: Шароитлар қанақа экан?

Муҳайë Фахруддинова: Ҳаммага маълумки, қамоқхоналарда қийин бўлади. Ҳамма ер совуқ, иситиш тармоғи йўқ. Борганимизда ҳам 3 кун ўзимиз бирга бўлиб, қийналиб кетдик.

Озодлик: Қанақа қилиб жон сақлашяпти улар?

Муҳайë Фахруддинова: Кейинчалик хавотир олиб хабар олишга яна бордик. Ўшанда иситиш тармоғи бир ишлаб, бир ишламаётганини айтишди.

Озодлик: Уларга бўлган муносабат қанақа?

Муҳайë Фахруддинова: Муносабат ҳамма қатори. Бошида 5 ой ўзларини изоляторда олиб ўтиришди. Кейин ҳамма маҳбусларга қўшиб қўйишди.

Озодлик: Неча кишилик камерада ўтирибдилар?

Муҳайë Фахруддинова: Уларда камера эмас. Уларда барак бўлиб, у ерда 40-50 киши сақланади. Менга муносабат яхши, ҳурмат қилишади, деб айтдилар. Кўринишлари ҳам бошқаларга қараганда, Худога шукур, яхши.

Озодлик: Маълумки, Руҳиддин ака таниқли имом. Айтишларича, исломий эътиқоди учун қамалганларга жуда қийин бўлар экан. Сиз шуни сездингизми?

Муҳайë Фахруддинова: Мен бошқаларга жуда ҳам қаттиқ зулмлар бўлди, деб эшитдим. Битта-иккита танишларимизнинг хўжайинларига жуда қаттиқ азоб беришган. Худога шукур, хўжайинимга бунақа азоб бўлмади.

Озодлик: Қамоқхонада 5 вақт намоз ўқиш имконияти борми?

Муҳайë Фахруддинова: Бор. Бошқалар ўқий олмас экан-у, аммо айнан менинг хўжайинимга индашмас экан.

Озодлик: Сиз хўжайинингизга қўйилган айбларга нима дейсиз? Хўжайинингизни айбдор, деб биласизми?

Муҳайë Фахруддинова: Албатта, йўқ. Бу кўпга келган тўй бўлди. Ўзбекистондаги бутун мусулмонларнинг айби Руҳиддин акамга қўйилган-ку ўзи. Ким ваҳҳобийликда айбланса, бу одамга Руҳиддин акам, албатта, нимадир буюрган, нимадир ўргатган бўлади.

Озодлик: Мана, хўжайинингизга 17 йил берилди. Хўжайинингизнинг ҳукуматга ëқмаган томони нимада, деб ўйлайсиз? 17 йил қамоқ жазоси берилишининг асл сабаби нима?

Муҳайë Фахруддинова: Менимча, эргашувчилари кўплиги бўлса керак.

Озодлик: Руҳиддин аканинг адолатдан умидлари борми? Ëки фақат Аллоҳга таваккал қилиб ўтирибдиларми?

Муҳайë Фахруддинова: Йўқ, умидларини узмаганлар. Яхши кунлар келади, деб умид қиладилар.

Руҳиддин Фахруддиновнинг турмуш ўртоғи Муҳайë Фахруддинова билан суҳбат давоми унинг ўзига, аниқроғи, унинг изтиробга тўла кунларига бурилди. Сиëсий маҳбуснинг аëли ўз ҳасрат ва умидларидан гапиради суҳбат давомида....

Муҳайë Фахруддинова: Ҳозирги аҳволимиз фақат уларга ëрдам бериш, уларнинг ëнига бориш.

Озодлик: Қанақа қилиб қозон қайнатяпсиз?

Муҳайë Фахруддинова: Худога шукур, қайнотам ҳолимиздан хабар олиб турибдилар. Ўзимнинг ота-оналарим бор. Ҳали болаларимнинг ҳаммаси ëш. Олтитаси ҳам мактабга боради.

Озодлик: Дадам қани, деб сўрашадими?

Муҳайë Фахруддинова :Энди катта бўлиб қолишди. Билишади, тушунишади. Дадамнинг олдига қачон борамиз, деб кун санашади. Уларнинг олдида мен ўзимнинг аҳволимдан нолишга Худодан уяламан.

Озодлик: 17 йилнинг неча йили ўтди?

Муҳайë Фахруддинова: Энди икки йили ўтди.

Озодлик: Яна 15 йил шунақа яшашни ўйласангиз ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

Муҳайë Фахруддинова: Энди умидимиз бор. Аллоҳ ўзи нусрат берсин.

Озодлик: Қийналиб кетган пайтингизда нимадан таскин топасиз?

Муҳайë Фахруддинова: Қийналиб кетган пайтимда иймонимга суянаман, Аллоҳга ҳамд айтаман. Бошқа иложим йўқ.

Озодлик: Кўникиб кетдингизми?

Муҳайë Фахруддинова: Йўқ. Фақат кундан-кунга мусибат оғирлигини сезаверар экансиз. Нима олиб борсак қийинчилиги осон бўлар экан, деб туну кун ўйлар экансиз. Шу томони менга жуда ҳам оғир ботди. Мусулмонларда олдин ҳам бунақа ташвиш бўлган, лекин бу ўзингизнинг бошингизга тушмагунча унинг қанчалик оғирлигини ҳис қилмас экансиз.

Озодлик: Энди ғам-ғуссадан ташқари озгина қувончлар ҳам борми?

Муҳайë Фахруддинова: Ойнинг ўн беши ëруғ,ўн беши қоронғу. Бизларда ҳозир фақат қоронғу. Ëруғ кунларни кутяпмиз энди.
XS
SM
MD
LG