Линклар

logo-print

АҚШнинг умиди ошяпти, мухолифатда эса умид кам

  • Ҳурмат Бобожон

Шу кунларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан беш нафари озодликка чиққанидан АҚШнинг умидлари ошмоқда. Бу ҳақда “Озодлик” радиосига АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси билдирди.

АҚШ элчихонаси мамлакатдаги сўнгги амниястиялардан руҳлангани, Ўзбекистонни яккалаб қўйиш уринишларидан фарқли Тошкент ҳукумати билан мулоқотга киришиш ва халқаро миқёсда қизиқиш кўрсатиш ижобий натижаларга етаклаши мумкинлигини таъкидлади. Ушбу баёнот АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги Андижон воқеаларидан кейин совуган муносабатлар илиши мумкинлигига бир ишора сифатида кўрилаётир.

АҚШ элчихонасининг бу баёноти Ўзбекистонда сўнгги 10 кун ичида беш инсон ҳуқуқ ҳимоячисининг озод этилиши ортидан янгради. “Ҳьюман райтс уотч” ҳам Ўзбекистонда озод этишлар давомий бўлишидан умидвор эканини айтган, Ўзбекистонда қисқа вақт ичида беш ҳуқуқ ҳимоячининг озод этилиши Тошкент ҳукуматига нисбатан давомий халқаро босимлар самараси эканини билдирганди. АҚШ элчихонаси эса Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот ҳаракатлари ижобий натижаларга етаклаши мумкинлигига умид қилаётир.

Ўзбекистон мухолифатининг эса бу борадаги қараши ўзгача.

“Яхшиликка умид қилинаётгани жуда яхши,- дейди “Бирлик” партияси раҳбарларидан бири Исмоил Дадажон. - Лекин мен бир нарсадан қўрқаманки, Америка ҳукумати яна икки томонлама сиёсатга, иккиюзламачи сиёсатга қўл уриб, Ўзбекистон ҳукумати қилаётган ишларга кўз юммаса эди, деган хавф бор. Айнан шундай хавфни Европадан ҳам кутиш мумкин”.

И.Дадажон кўнглининг бир бурчида Ўзбекистон раҳбари ўзининг охирги президентлик муддатида яхшиланишлар сари қадамлар ташлар, деган умидлар ҳам борлигини айтади.

“Албатта, Ислом Каримов ўзининг охирги президентлик даврида бирор яхшиликка қадам қўяр, деган умиддамиз. Лекин ЕИнинг Ўзбекистонга жорий этилган санкцияларни кўриб чиқиш масаласи ҳам Ўзбекистондаги вазиятга таъсир қилади, деб ўйлайман. Агар Европа санкцияларни бекор қилиш учун маълум қадамларни қўйса, балки Ўзбекистон Европа томонга ҳам бирор қадам қўйиши мумкин. Лекин масаланинг иккинчи томони, Европа санкцияларни бекор қилганидан кейин Ўзбекистон ҳукумати яна эски усулларни қўллаб, тазйиқларни, қатағонларни бошламаса, деган хавф бор”,- дейди Исмоил Дадажон.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов Ўзбекистонда бир маҳбуснинг озод этилиши ўша маҳбус оиласи учун катта ютуқ экани, бундан Ўзбекистондаги умумий вазият яхшиланишини кутиш хомхаёллик эканини айтади.

“Икки-уч маҳбуснинг озод этилиши каби бунақа ҳодисалар аввал ҳам бўлган, 1994-95 йилларда ҳам бўлган, ундан кейин ҳам бўлган. Ҳукумат бирор қадам қўйишни савдо қилади. Қайсидир инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг озод этилиши сўраладиган бўлса, ўрнига ниманидир ундиришга ҳаракат қилади. Ҳамма вақт шунақа бўлиб келган, аммо умумий вазият ўзгаришсиз қоляпти”, - дейди Отаназар Орипов.

Исмоил Дадажон эса ЕИ ва АҚШ Ўзбекистон билан мулоқот истаётган экан, бундай мулоқот демократик тамойиллар асосида бўлиши кераклигини таъкидлади.

“Албатта, уларнинг миллий манфаатлари инсон ҳуқуқлари ёки демократиядан анча юқори тураётганини биз кўриб турибмиз. Буни Европа мисолида ҳам, Америка мисолида ҳам кўриб турибмиз. Американи Ўзбекистоннинг минтақадаги жойлашуви қизиқтираётган бўлса, Европани табиий бойликлар қизиқтиряпти, бу шубҳасиз. Шунга қараб Европа ва Америка ҳар доимгидек Ўзбекистондаги демократия ва инсон ҳуқуқлари оёқости қилинишига кўз юммаса, яхши бўлар эди. Конкрет талаблар қўйиб, Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ва демократияни ҳурмат қилишга чақиришса, бу бошқа гап”,- дейди Исмоил Дадажон.
XS
SM
MD
LG