Линклар

К.Райс: “Афғонистондаги уруш узоқ давом этади”

  • Сарвар Усмон

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ва Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Милибэнд кутилмаганда Афғонистонга сафар қилди. Айни пайтда НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Литва пойтахти Виьнюсда йиғилди.

К.Райс ва Д.Милибэнд фикрича, Афғонистонни “Толибон” жангариларидан халос этиш йўлида Шимолий Атлантика альянси “реал синов билан юзма-юз” келиб турибди.

АҚШ давлат котиби Кобул сафари олдидан 6 февраль куни Лондонда чиқиш қилар экан, НАТОга аъзо давлатлар жамоатчилиги альянснинг Афғонистондаги фаолияти тинчликни сақлаб туриш миссияси эмас, балки узоқ муддатли муҳораба эканини тушуниши кераклигини билдирди.

К.Райснинг бу фикри АҚШ ва Буюк Британиянинг толибларга қарши кураш учун НАТОга қўшимча кучлар ажратиш тўғрисидаги талаблари кучаяётган бир пайтда янгради.

Д.Милибэнд эса Кобул сафари олдидан қилган чиқиши чоғида ҳамкасби К.Райснинг баёнотини қўллаб-қувватлаб, Лондон Вашингтоннинг ташвишларига шерик эканини таъкидлади.

“Биз ўтган бир неча ҳафта давомида Афғонистонга қаратилган эътиборни олқишлаймиз. У ердаги синовлар анча жиддийдир. Ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар жиддий бўлгани учун ҳам биз у ердамиз. Ҳар иккала давлат Афғонистондаги юмушнинг узоқ муддатли эканини билган ҳолда ўзини бу ишга сафарбар қилмоқда”,- деди Д.Милибэнд.

К.Райс ва Д.Милибэнд 7 февраль куни Қандаҳор шаҳри атрофларида бўлиб, вазият билан шахсан танишди. Кобулга қайтгач, уларнинг президент Ҳомид Карзай билан учрашуви режалаштирилган. Сўзлашувлар чоғида Буюк Британия-Афғонистон муносабатларида пайдо бўлган совуқликка берҳам берилиши тахмин қилинмоқда.

Ҳ.Карзай Британия ҳарбийларини мамлакат жанубида зўравонлик қилганликда ва натижада минтақадаги вазият беқарорлигини кучайтирганликда айблаган эди.

АҚШ ва Буюк Британиянинг олий даражали дипломатлари сафар давомида Афғонистон томонини мамлакат ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларини яхшилашга ёрдам кўрсатажакликларига ишонтирмоқчи, деган фикрни билдирмоқда кузатувчилар. Зеро, айнан мана шу соҳалар такомиллашуви “Толибон”га бериладиган кучли зарбалардан биридир.

“Афғонистонда ғалаба қозониш, уни мустақил фаолият юрита оладиган замонавий давлатга айлантириш, террорчилар макони бўлган жойни келгусида улар дунё бўйлаб тарқала олмайдиган, шаҳарларимизга, халқларимизга янги ҳужумлар режалаштирилмайдиган жойга айлантириш биз олиб бораётган жангнинг мазмунидир ва бу жанг оғир бўлади ва узоқ давом этади”,- деди К.Райс.

НАТО мудофаа вазирларининг Вильнюсдаги икки кунлик йиғилишида эса альянснинг Афғонистон ва Косово олдидаги мажбуриятлари муҳокама қилинади.

Мудофаа вазирлари, шунингдек, НАТОнинг Бухарестда ўтажак олий даражадаги учрашувига тайёргарлик масалаларини ҳам муҳокама қилади.
XS
SM
MD
LG