Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:09

Можароли қонун лойиҳаси биринчи муҳокамадан ўтди


Туркия парламенти 6 февраль кунги мажлисида муслималарнинг университетларга рўмол ўраб келишига жорий этилган тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокамадан ўтказди ва уни овозга қўйди.

Янги қонун лойиҳасини миллат вакилларининг учдан иккиси маъқуллади. Ҳужжат парламентнинг шанба кунги мажлисида охирги – иккинчи марта муҳокама қилинади.

Янги қонун Туркия парламентидаги жойларнинг ярмидан кўпини эгаллаб, амалдаги ҳукуматни тузган “Адолат ва тараққиёт” партияси ташаббусидир.

Бу партия исломий қадриятларни ҳурматлаши билан танилган.

Туркиянинг дунёвий давлат бўлиб қолиши тарафдорлари эса қабул қилиниши кутилаётган қонун давлат ва диннинг айрилиги принципига путур етказади, деган хавотирда.

“Адолат ва тараққиёт” партияси мазкур конституциявий қонунни мухолифатдаги “Миллий ҳаракат” партияси билан биргаликда таклиф қилмоқда. Бироқ парламентдаги яна бир куч – Республика халқ партияси конституцияга киритилиши кутилаётган бу ўзгаришга қаршидир.

“Адолат ва тараққиёт” партияси ва унинг назорати остидаги амалдаги ҳукумат фикрича, янги қонун хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлайди. Мухолифат эса бу турк жамиятини исломлаштиришга олиб боришидан хавотирда.

Ҳукумат мухолифат билан мунозарага киришар экан, ижтимоий сўров натижаларига ишора қилиб, жамоатчиликнинг учдан икки қисми рўмол тақиқини бекор қилиш тарафдори, демак, таклиф қилинаётган қонун демократик қадамдир, демоқда.

Бош қароргоҳи Берлинда жойлашган, Жануби-шарқий Европа ва Туркия масалалари билан шуғулланувчи тадқиқот маркази (European Stability Initiative) директори Жералд Кнаус “Озодлик” билан суҳбатда тобора кўпроқ туркияликлар рўмол тақиқи қисман бекор қилиниши тарафдори бўлаётганини билдирди.

Унинг айтишича, бундай позиция кейинги йилларда тобора кучаймоқда, чунки “Адолат ва тараққиёт” партияси кўпчиликни бу чоранинг радикал эмаслигига ишонтира олди.

Муслималарнинг рўмоли 1980 йилларда, университетларда қизлар сони кўпайган даврда муаммога айланган эди. 1990 йилларнинг охирига келиб, рўмол университетларда кўплаб можаролар сабабига айланди. Чунки ҳарбийлар назорати остидаги Олий таълим кенгаши босими остида ўқув юртлари раҳбарияти рўмолда келган толибаларни ўқишдан ҳайдай бошлади. Натижада кўчага бошяланг чиқишни истамаган қизлар университетларда ўқишдан воз кеча бошлади, баъзилари эса бош вазир Эрдўғоннинг қизларига ўхшаб чет мамлакатларда ўқий бошлади.

Лекин, дейди Ж.Кнаус, баъзи ректорлар секин-аста тақиққа риоя қилмай қўйди ва вазият янада чигаллаша борди.

Судлов ҳокимияти, тадбиркорлар ташкилотлари, илм аҳли вакиллари рўмол тақиқини бекор қилувчи янги қонун лойиҳасига қарши эканини билдирди. Ҳарбийлар эса мунозарага киришмагани, лекин вазиятни синчковлик билан кузатиб турганини писанда қилиб қўйди.

Туркия республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг Анқарадаги мавзолейи олдида 2 февраль куни тўпланган ўн минглаб одам рўмол тақиқининг бекор қилинишидан норозилик билдирди.

“Биз фарзандларимизнинг ислом давлатида эмас, Отатурк республикасида ўсишини истаймиз. Бу ерда тўпланишимиз сабаби шудир”,- деди митинг қатнашчиси бўлган бир аёл.

Ҳукумат таклиф этаётган қонун лойиҳасида рўмол ўраш эркинлиги университет толибаларигагина берилади. Тақиқ эса ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларида, жумладан, давлат идораларида қолаверади.
XS
SM
MD
LG