Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:28

НАТО мудофаа вазирлари Вильнюсга йиғилди


НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Литва пойтахти Вильнюсда йиғилди. Икки кун давом этадиган учрашувда ҳарбий раҳбарлар альянснинг Афғонистон ва Косово олдидаги мажбуриятларини муҳокама қилади.

Учрашув мезбони, Литва мудофаа вазири Юозас Олекас “Озодлик” мухбири саволларига жавоб берар экан, учрашув норасмий ўтаётган бўлса-да, унда кўриладиган масалалар ўта муҳимлигини таъкидлаб, бундай деди:

“Биз ташкилотни қайта қуриш билан боғлиқ муаммоларни, янги аъзоларни жалб этиш, Косово ва Афғонистондаги амалиётлар ва бу ерларга қўшимча кучлар юбориш, энергия таъминоти ҳамда хавфсизлик масалаларини муҳокама қиламиз”.

Унинг айтишича, шунингдек, НАТО мудофаа вазирлари ахборот хавфсизлиги масалаларига оид ҳужжат қабул қилмоқчи.

Бу масала, айниқса, НАТО аъзоси Эстонияга қарши амалга оширилган кибернетик ҳужумдан кейин долзарб масалага айланди. Ҳужум Россия ҳудудидан амалга оширилган, деб айтилмоқда.

Вильнюс учрашуви кун тартибидан жой олган асосий масалалардан бири Афғонистон билан боғлиқдир. Шу кунда бу мамлакатда НАТОнинг 43 минг кишилик қўшини мавжуд. Лекин “Толибон”га қарши курашни кучайтириш учун Афғонистонга янги кучлар юбориш чақириқлари янграмоқда. Бироқ бу масалада НАТО аъзолари ўртасида якдиллик ҳозирча кузатилмаяпти.

Бу ҳолат юзасидан ташвиш АҚШ мудофаа вазири Роберт Гэйтснинг АҚШ сенаторлари олдида жорий ҳафтада қилган чиқишида ҳам янгради.

Канада бош вазири Стефан Ҳарпер эса 28 январь кунги чиқишида агар ташкилотнинг бошқа аъзолари Афғонистоннинг нотинч жанубида хизмат қилиш учун қўшимча куч ажратмаса, Канада 2009 йил бошида ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши ҳақида баёнот берганди.

НАТОга аъзо давлатлардан кўпчилигининг Афғонистонда аскари бор ва уларнинг ҳаммаси олдинга қўйилган вазифани бажариш асосий миссияси эканини айтади, фақат Канада, Буюк Британия, Австралия, Нидерландия ва Дания ҳарбийларигина, Роберт Гейтснинг айтишича, фронт чизиғидадир.

Вильнюсдаги учрашувнинг очилиш маросимида сўзга чиққан НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер Афғонистон альянс учун устивор вазифа бўлиб қолаверишини билдирди.

“Халқаро ҳамжамият Афғонистон халқига мамлакатни қайта тиклашга ёрдам бермоқда. Кундалик қийинчиликларга қарамай, олға силжиш бор. Бу ишда НАТО муҳим роль ўйнамоқда ва биз бу ерда фаолиятимизни яхшилаш йўллари муҳокамасини давом эттирамиз”,- деди бош котиб.

Вильнюс учрашувида НАТОнинг Бухарестда ўтажак олий даражадаги учрашувига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинади.
XS
SM
MD
LG