Линклар

logo-print

Путин ёнда турганда Медведов эсга келадими...


Нуфузли рус газеталарининг айримлари Москвага сафар қилган Ислом Каримов Россия президентлигига асосий номзод Дмитрий Медведевни назар-писанд қилмаганига эътибор қаратди.

“Ислом Каримов Владимир Путиннинг ворисни қўлламади”. Бу “Коммерсант” газетаси чиқарган хулоса.

Мақолада ёзилишича, Россия томони И.Каримовнинг 2009 йил учун газ нархи масаласини кўтаришини кутган. “Бу мавзу тўғрисида гапиришга Каримовда хоҳиш бўлмаган”.

Ўзбек раҳбари В.Путин унинг учинчи муддат президент бўлиб қолиш тўғрисидаги таклифини нега қабул қилмагани билан қизиққан.

“Ўзбек президенти ўз мамлакати фуқароларини Владимир Путин унинг таклифини икки қила олмаслигига ишонтириб қўйган эди. Энди эса Ислом Каримов Владимир Путин унинг таклифини нега эътиборга олмагани борасида ишончли сабаб топиб, ўзини оқлаши лозим эди.

-
Бугун бу ҳақда гапириш кечга ўхшайди,- деди Ислом Каримов.- Лекин мен бу масалани кўтарганимдан афсусланмайман. Агар таклифим қабул қилинганида, ҳеч ким афсус қилмаслигига ишончим комил эди.

Ислом Каримов гўёки Россия президентлигига номзод Дмитрий Медведев унинг учун мутлақо йўқдай ёки уни Владимир Путин вориси сифатида тан олмайдиган оҳангда гапирди. Ислом Каримов учун Владимир Путиннинг вориси Владимир Путиннинг ўзидир”,- деб ёзади “Коммерсант”.

“Новая известия” ва “Время новостей” газеталари ҳам айни мана шу мавзуга эътибор қаратган.

“Российская газета” В.Путин ва И.Каримовнинг иқтисодий ҳамкорлик кўлами тўғрисида эълон қилган рақамлари ўзаро зид келаётганига эътибор қаратади. Владимир Путин Ўзбекистон билан товар айланмаси 37 фоиз ўсиб, 3 миллиард долларга яқинлашиб қолгананини айтган. Бироқ бу рақам И.Каримов томонидан рад этилган. Бу борада “Российская газета” мана бундай ёзади:

“Ўзбекистон президенти ундаги маълумотга кўра, товар айрбошлаш 4 миллиард 300 миллион долларга етганини таъкидлади. Бу раддия дарров ҳазилнамо шарҳга сабаб бўлди. Гўё ўзбек мигрантлари Россияда 1 миллиард 300 миллион доллар кўпроқ пул топаётир ва маблағ Россия ҳукумати назоратидан четда қолаётир”.

Ўзбекистон расмий матбуотида эса президентлар ирод этган рақамлар ўзаро зид экани тўғрисида гапирилмайди. “Ахборот” кўрсатувида асос сифатида Ислом Каримов айтган рақамлар келтирилади.

“Известия” газетасида таъкидланишича, Москва расмийлари И.Каримов газ нархи масаласини муҳокамага киритишига умид қилган эди.

“Лекин бу умид президентлар учрашувидаги асосий масалага айланмади”, -деб ёзади “Известия”.

Россия матбуоти хабарларига кўра, Ўзбекистон 2009 йилда Россияга газни 195 доллардан сотиши мумкин. Бу ҳозирданоқ рус газ саноати вакилларини ташвишланишга мажбур қилмоқда.

Россия матбуотида ёзилишича, Ислом Каримовнинг Москва сафари чоғида имзоланган энг муҳим ҳужжат авиасозлик соҳасидаги интеграция тўғрисидаги шартнома бўлди. Унга кўра, йил охиригача Россия Бирлашган авиасозлик компанияси Тошкентдаги авиазаводнинг 50 фоиз ва қўшимча битта акциясига эгалик қилади.

“Труд” газетаси эса Ўзбекистоннинг Россия экспортидаги ўрни ҳақида маълумотларга тўхталиб: “Ўзбекистон Россияга экспорт қилинадиган газининг 80 фоизини, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 50 фоизини, пахтанинг 10 фоизини экспорт қилади. Россия Ўзбекистондан 67 мингта Daewoo автомашинасини сотиб олган”.

“Труд” маълумотига кўра, 2007 йилда Россияга Ўзбекистондан 500 минг мардикор келган.
XS
SM
MD
LG