Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:59

Бозоргул Бекжонова: “Беш боламни йиғлатиб қўйганларга Худонинг ўзи жазо берсин”


“Озодлик” радиоси Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган сиёсий маҳбусларнинг турмуш ўртоқлари билан ўтказаётган туркум суҳбатларнинг бу галги меҳмони Рашид Бекжоннинг рафиқаси Бозоргул Бекжонова.

1958 йили Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида туғилган Рашид Бекжон 1999 йилнинг февралида, Тошкентдаги кетма-кет портлашлардан саноқли кунлар ўтиб қамоққа олингунга қадар фермерлик билан шуғулланган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва яқинларининг билдиришича, машинасига наркотик моддалар ва ўқ-дори ташлаб қўйилиб, сохта айблар билан қамоққа олинган Рашид Бекжон кўп ўтмай Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз каби оғир жиноятларда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ҳозир Навоийдаги 64/46-жазони ўташ муассасасида сақланмоқда. Рашид Бекжонни сўнгги марта ноябрь ойида бориб кўрган турмуш ўртоғи Бозоргул опа билан суҳбат номи Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар рўйхати тепасида қолаëтган бу тутқун ҳол-аҳволини сўрашдан бошланди.

Бозоргул Бекжонова: Аҳволи яхши, ëмон эмас. Кўзлари ожиз бўлган.

Озодлик: Кўрмаяптиларми?

Бозоргул Бекжонова: Яхши кўрмайди.

Озодлик: Рашид акани қачон олиб кетишди?

Бозоргул Бекжонова: 1999 йил 26 февраль куни Тошкентда ушлаб олиб кетишди.

Озодлик: Нима билан ушлашган?

Бозоргул Бекжонова: Нима билан ушлашганини билмайман.

Озодлик: Рашид акага қўйилган айблар нима эди?

Бозоргул Бекжонова: Мен қайсилари эканини билмайман, лекин 10 ëки 12 модда бўйича ҳибсга олишган.

Озодлик: Неча йил беришди?

Бозоргул Бекжонова: 12 йил беришди. Энди 9 йили ўтди.

Озодлик: Қамоқда яна айблар қўйиб, муддатини узайтиришмадими?

Бозоргул Бекжонова: Ўтган йил сентябрь ойида айб қўйишган. Ëстиғининг ичига пичоқ солиб қўйишган. 2 ойми, 4 ойми изоляторда сақланган. Ўғлим билан борган эдим, киргани рухсат беришмади.

Озодлик: Муддатини узайтиришдими?

Бозоргул Бекжонова: Йўқ, узайтиришмади. Лекин ўтган йили мустақиллик арафасида амнистияга туширмаслик учун айб қўйиб изоляторда сақлашган.

Озодлик: Рашид Бекжоннинг биргина айби Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлгани айтилади. Сиз бунга нима дейсиз?

Бозоргул Бекжонова: Тўғри, шунақа. Ўзи оддий бир фермер бўлсак.

Озодлик: Сиëсат билан қизиққанини ҳеч сезганмисиз?

Бозоргул Бекжонова: Йўқ, у сиëсатга аралашмаган.

Озодлик: Мана, 9 йилдан бери қамоқхонага қатнайсиз. Шу йиллар ичида Рашид акага бўлган муносабат ўзгардими?

Бозоргул Бекжонова: Ҳали ўзгариш бўлганича йўқ.

Озодлик: Қийноқлар, ëмон муносабатлар ҳақида сизга айтиб бердиларми?

Бозоргул Бекжонова: Йўқ, у унақа гапларни айтмайди.

Озодлик: Сиз кўрганингиздан кейин қандай хулосага келасиз?

Бозоргул Бекжонова: Кўргандан кейин сиқилиб, хомуш бўлиб қайтамиз.

Сиëсий маҳбус Рашид Бекжоннинг турмуш ўртоғи, беш фарзанднинг онаси, 45 ёшли Бозоргул опа билан суҳбат давоми унинг ўзига, аниқроғи, изтиробга тўла кунларига бурилди.

Бозоргул Бекжонова: Ҳаëтимиз оғир.

Озодлик: Бола-чақани қандай боқяпсиз?

Бозоргул Бекжонова: Ўзимизнинг боғимизда деҳқончилик қилиб кун кўряпмиз. Ҳозир газ йўқ, электр йўқ. Бизга ҳеч қаердан ëрдам йўқ.

Озодлик: Сизларнинг аҳволингиз билан халқаро ташкилотлар ҳеч қизиқдими? Бирон марта эшигингизни қоқиб келиб аҳволингиз қандай, деб сўраганини эслайсизми?

Бозоргул Бекжонова: Йўқ, унақа одамлар келгани йўқ.

Озодлик: Рашид аканинг айбсизлигини исботлаш учун у ëқ,бу ëққа бордингизларми?

Бозоргул Бекжонова: Энди югурганимиз билан фойдаси бўлмаяпти.

Озодлик: Мана, болаларингиз катта бўлибди. Сизга ëрдам беришяптими?

Бозоргул Бекжонова: Худога шукур, қараб ўтиришгани йўқ. Ҳаммамиз боғда ишлаймиз. Бизга ҳеч қаерда ишлашга рухсат берилмайди. Ҳаммамиз ишсизмиз. Деҳқончиликдан бошқа ишимиз йўқ.

Озодлик: Сизларга қўшниларнинг муносабати қанақа?

Бозоргул Бекжонова: Айримлариники яхши, айримлариники яхши эмас. Орқамиздан гапиришади. Кирди-чиқди унчаликмас лекин.

Озодлик: Болаларингизга мактабда муносабат қанақа?

Бозоргул Бекжонова: Болаларимга мактабда муносабат яхши.

Озодлик: 9 йилдан бери қандай умид билан яшаяпсиз?

Бозоргул Бекжонова: Умидларим кўп. Эрим чиқиб келади, деган умидда яшаяпман.

Озодлик: Қийналиб кетган пайтингизда юпанчни қаердан оласиз?

Бозоргул Бекжонова: Болаларим билан гаплашиб таскин топаман. Худога шукур, болаларим мени унчалик қийнамайди.

Озодлик: Йиғлаб тонг оттирган кечаларингиз ҳам кўп бўлган бўлса керак?

Бозоргул Бекжонова: Албатта. Болаларим овутишади. Худодан илтижо қиламиз.

Озодлик: Амнистияга ҳеч мурожаат қилмадингизларми?

Бозоргул Бекжонова: Йўқ, қилмадик. Амнистияга тушар, деб кутиб ўтирдик.

Озодлик: Қамоқ муддати тугагандан кейин чиқиб келишига умидингиз борми?

Бозоргул Бекжонова: Умидим бор. Ҳар кун умид билан яшайман. Болаларим билан қамоқдан чиқишини ҳар кун Худодан сўраймиз.

Озодлик: Хўжайинингизнинг тақдирини ҳал қиладиган одамларга айтадиган гапингиз борми?

Бозоргул Бекжонова: У одамларга нима дейишим керак? Худо бор-ку. Менинг 5 боламни шунақа йиғлатиб қўйибди. Худонинг ўзи уларга жазосини берсин.
XS
SM
MD
LG