Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:09

Юсуф Жуманинг адвокатига ҳам босимлар бўляпти


Ҳибсда сақланаётган бухоролик диссидент шоир Юсуф Жуманинг адвокати Руҳиддин Комилов ўзининг профессионал фаолиятига тўсқинлик бўлаётгани ҳақида шикоят қилмоқда.

Уч ҳафта давом этган уринишлардан сўнг Р.Комиловга ўз ҳимояси остидаги Юсуф Жума билан учрашишга рухсат берилди. 7 февраль куни бўлган учрашув давомида Юсуф Жума қамоқхонада унга руҳий ва жисмоний босим ўтказилаётгани ҳақида адвокатига ёзма равишда шикоят қилган. Аммо қамоқхона нозирлари шоирнинг бу шикоятномасини адвокат қўлидан тортиб олган ва унга таҳдид қилган.

“Мени беш-олтитаси шартта ушлаб, бошқа хонага олиб кириб, ўша тушунтиришниям, Юсуф Жуманинг шикоятномасини ҳам олиб қўйди. Кундалик дафтаримни ҳам олиб қўйишди. Ярим соат ушлаб туришди”,- деди адвокат.

Р.Комиловнинг айтишича, қамоқхона нозирлари шу йўл билан унинг адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилган. Унга дўқ-пўписалар, таҳдидлар бўлган. Нозирлар бир вақтнинг ўзида кимгадир ҳисобот ҳам бериб турган.

Юсуф Жуманинг ўғли Алишер буни дадасининг қийноққа солиниши ҳақидаги хабарнинг ташқарига чиқиши олдини олишга уриниш ҳисоблайди.

“Р.Комилов қўлидаги ҳужжатларнинг тортиб олиниши, унинг адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилиниши ва руҳий босим ўтказилиши Ўзбекистондаги диктатура режимининг қанчалар жирканч аҳволга келиб қолганини англатади”,- деди ҳозир Қозоғистонда қочқинликда юрган Алишер.

Ўтган ҳафтада озодликка чиқарилган андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддинов “Озодлик” билан суҳбатда қамоқхонада қийноқлар қўлланилмаслиги ҳақида айтган эди.

Алишер Жумаев бунга ишонмаслиги, дадаси ва укалари қамоқда қийноққа солинаётганини билдирди ва дадаси бу ҳақда ҳатто адвокатга шикоят ёзиб берганини қўшимча қилди.

Ҳукуматни танқид этувчи шеърлари билан танилган Юсуф Жума ўтган йил декабрда Бухорода оилавий норозилик пикетини ўтказиши ортидан бир неча кун ўтиб ҳибсга олинган эди. Юсуф Жума ўғли Машрабнинг ноҳақ ҳибсга олингани, маҳаллий телевидениеда оиласига қарши мазмундаги кўрсатувлар уюштирилаётганига қарши норозилик амалиёти ўтказганини билдирган эди. Ҳозир шоир ва унинг икки ўғли қамоқда. Турмуш ўртоғига ва қизига жиноят иши очилган. Юсуф Жуманинг озодликдаги оила аъзолари таъқиблардан қочиб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.

Алишер Жумаев дадасининг қамалишини унинг диссидент фалияти билан боғлиқ ҳисоблайди.

“Дадам диктатор Каримов тахтга келганидан бошлаб унга қарши курашиб келди. Ана шунинг учун ҳам қамалди”,- дейди Алишер.

ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари ва демократик вазиятни яхшилашига умид қилиб, ўтган йили бу давлатга нисбатан Андижондаги қирғиндан сўнг жорий этилган санкцияларни юмшатган ва виза тақиқини вақтинча тўхтатган эди. Яқинда ҳуқуқ ҳимоячиларидан бештасининг қамоқдан озод этилиши ана шу сиёсат натижаси ўлароқ кўрилмоқда. Жорий йил апрель ойида қайта кўриб чиқиладиган санкцияларнинг кейинги тақдири Юсуф Жума иши ривожига боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо Алишер ундай ҳисобламайди.

“Йўлдан қайтардим, етарли жазосини бердим, деб билган одамларнигина озод қиляпти. Ўзига кераклиларини чиқаряпти. Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Солиҳнинг икки укасини чиқаришни истамайди. Дадамни ҳам чиқармаса керак. Икки одамни озод қилиб, бирига қўйилган шартли жазони олиб ташлаб, бир оиладан учта одамни қамаб қўйиши Ўзбекистондаги диктатура сиёсати ўзгармаганидан далолат беради. Халқаро ташкилотлар Каримовга нисбатан қаттиқ позицияда туриши керак. ЕИ ҳам, АҚШ ҳам енгил тарафга қарамаслиги керак. Лекин, афсуски, улар буни хоҳламайди”,- дейди Алишер.

“Бирлик” халқ ҳаракати фаолларидан бўлган Юсуф Жума 2001 йилда ҳам қатор шеърлари учун Бухоро вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси томонидан ҳибсга олинган ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланиб, олти ойга қамалган эди. Ўшанда халқаро босимлар туфайли Юсуф Жума озодликка чиқарилганди.
XS
SM
MD
LG