Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:52

Чегарада қонунбузарликлар кўпаймоқда


Сўнгги пайтларда ўзбек-қозоқ чегарасида хўжалик товарлари ва рангли металлнинг контрабанда йўли билан олиб ўтилиши, наркотрафик ҳамда нолегал миграция билан боғлиқ ҳолатлар кўпайди.

Жанубий Қозоғистон ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Қоракўзованинг “Озодлик”ка айтишича, яқинда ҳам Қозоғистонга гиёҳвандлик моддалари етказиб берувчи канал аниқланган.

“Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч туманида ўтказилган тезкор текширув вақтида Тошкент-Олмаота йўлида Ўзбекистоннинг икки фуқароси қўлга олинди. Уларнинг бири гиёҳвандлик моддасининг эгаси, иккинчиси эса наркофурушдир. Аниқланишича, улар доимий равишда Ўзбекистондан Қозоғистонга героин етказиб туриш билан шуғулланиб келган. Бу сафар улар 5 килограмм героин билан қўлга тушди”,- деди С.Қоракўзова.

Унинг сўзларига кўра, бу ўзбекистонликларнинг Қозоғистонга катта миқдорда гиёҳвандлик моддалари, хусусан, героин олиб ўтиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. Ҳозир ҳуқуқ-тартибот идоралари ўзбек-қозоқ чегарасининг Жанубий Қозоғистондаги қисмига эътиборни кучайтирган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара бошқармаси матбуот котиби Лариса Дмитрюк эса Ўзбекистондан Қозоғистонга келаётган нолегал мигрантлар ҳам кўп учраётганини билдирди.

“Жорий йилнинг 7 февраль куни чегарачилар Ўзбекистоннинг 7 фуқаросини қўлга олди. Чегарани пиёда кесиб ўтган ўзбекистонликлар Қозоғистонга шахсий иш бўйича келаётганини айтган. Аммо икки давлат ўртасида визасиз тизим мавжудлиги ҳисобга олинса, уларнинг чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уруниши тушунарсиз. Аввалги йиллари ҳам ўзбекистонликларнинг қўшни давлат чегарасидан ноқонуний тарзда ўтиш ҳолатлари кўп бўлган”,- деди Лариса Дмитрюк.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаев ўзбек-қозоқ чегараси нафақат Қозоғистонни, балки Россияни ҳам Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан боғлаб турувчи муҳим транзит йўналиш эканини таъкидлади.

“Шу боис, ўзбек-қозоқ чегараси катта миқдордаги пуллар, товарлар ва албатта, одамлар оқими ўтадиган зиддиятлар ўчоғи бўлиб қолаверади. Бу чегарадаги муаммоларга барҳам бериш учун, аввало, Ўзбекистонда иқтисодий тараққиёт механизмларини йўлга қўйиш даркор. Шундагина Ўзбекистондаги ортиқча меҳнат ресурслари оқимининг Қозоғистонга экспорт қилиниши ва тирикчилик мақсадида наркофурушликка қўл ураётганлар сони камайиши мумкин. Иккинчидан, ўзбек-қозоқ чегарасидаги вазиятнинг қаттиқ назоратга олиниши ҳам содир бўлаётган қонунбузарликлар сони камайишига олиб келади”,- деди Эдуард Полетаев.
XS
SM
MD
LG