Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:12

Ўқитувчи ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида


Сирдарë вилоятида 26 йил давомида ўқитувчилик қилган Исроил Ризаев ўша ўтган йиллари билан бугунги даврни қиëслаб, тезроқ ечимини топмаса бўлмайдиган бир қатор муаммолар хусусида сўзлади.

Бу муаммоларнинг энг ëниб тургани мактаб ўқувчиларининг мажбурий меҳнатга жалб этилишидир.

Исроил Ризаев: Ҳукумат ҳозиргача ўқувчилардан текин ишчи кучи сифатида фойдаланиб келяпти. Айниқса, пахта экилганидан кейин ўт ўса бошлаши билан 10-15 кун, ҳатто бир ойларгача мактаблар ëпилиб, ўқувчилар пахта чопиғига олиб кетилади. Кузда эса 15-20 сентябрларда пахта теримига юборилади. Бу терим 2- 2,5 ойларгача чўзилиб кетади.

Озодлик: Агар ўқувчилар баҳорда 1 ой, кузда 2 ой ўқишдан қолса, қолиб кетган дарслари нима ҳисобидан қопланади?

Исроил Ризаев: Бу дарслар қопланмайди. Бу жуда ҳам пухта ўйланган. Пахта даврида бизда 7, 8, 9-синфлар ëпилади. Ўқишлар бошланиши билан мактаб дастуридаги қайси мавзулар ўтилиши белгиланган бўлса, шу мавзулар ўтилади. Яъни ўқилмасдан қолиб кетган дарслар журналларга ëзилмайди. Эртага бу хусусда ҳуқуқшунослар ëки ҳуқуқ ташкилотлари томонидан масала кўтариладиган бўлса, улар ҳуқуқий ҳужжат сифатида журнални кўрсатишади ва бу ўқувчилар ўз хоҳишлари билан пахта теримига чиққанини айтишади. Афсуски, ўқувчилар бу икки ойлик қолиб кетган билимларни олишдан маҳрум.

Озодлик: Ўқувчилар 3 ëки 4 ой ўқиш ўрнига далада юрса, бу қолиб кетган дарс соатлари қопланмаса, мактабни битириб чиқаëтганда уларнинг билим даражаси қанақа бўляпти?

Исроил Ризаев: Юракка оғир ботадиган, долзарб савол. Ҳозирги таълим-тарбия натижалари фақат маънавиятсизликка олиб келяпти. Ўқувчилар мажбурий ўқишдан қолдирилса, қолаверса, пул топиш учун ўқишдан қолиб, ҳаммоллик қилса, булар қанақа қилиб маънавиятни тушунсин, маърифатни тушунсин? Ҳозир биз шунақа аҳволга келиб қолдик.

Озодлик: Шу аҳвол ўзгариши мумкинми? Мумкин бўлса қачон?

Исроил Ризаев: Умидли дунë, дейишади. Биз зиëлилар шу 2008 йилдан умид қилиб турибмиз. Мана, Олий Мажлисда болалар меҳнатини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қолаверса, ўзбек пахтасини халқаро миқëсда бойкот қилишгани ҳам бир босим. Қани бу йил болалар тўлиқ мактабда ўқиса! Зиëлилар қатламининг ҳам ижтимоий аҳволи яхшиланса! Президент ваъда қилганидек, ойликларни 2,5 баробар оширса, мардикорлик қилиб юрган ўқитувчилар мактабларга қайтса, ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG