Линклар

Сербия Косово мустақиллигини тан олмайди

  • Ҳасанжон

Сербия президенти Борис Тадич ўз мамлакати Косово мустақиллигини тан олмаслигини билдирди. Мюнхен халқаро анжумани арафасида сўзлаган Б.Тадич Европа Иттифоқи ва АҚШни Косово мустақиллигини қўллаб-қувватламасликка чақирди.

“Барчамиз шошмашошарлик билан эмас, балки жуда эҳтиёткорлик билан қарор қабул қилишимиз лозим. Мен сизга бунинг хавфли жиҳатлари хусусида огоҳ бўлишимиз ва барчамиз учун умумий бўлган стратегик масалаларни жиддий қабул қилишимиз керак, деяпман”, – деди Сербия президенти.

Косово раҳбарлари 17 ёки 18 февраль куни ўлка мустақиллигини эълон қилиши ҳақида хабар тарқалгандан сўнг Сербия раҳбари шундай баёнот берди.

7 февраль куни Косово пойтахти Приштинадаги чиқишида бош вазир Ҳошим Тачи вилоят ўз мустақиллигини эълон қилишга тайёр эканини таъкидлади.

“Косово мустақиллиги ҳал бўлган масала. Ҳамма бизга тайёргарлик ишлари тугатилиши кераклигини таклиф қилди. Косово ҳукумати ва бизнинг барча ташкилотлар бу ишларни муваффақиятли тугатаётганига гувоҳи бўлиб турибсиз”, – дея баёнот берди Ҳошим Тачи.

АҚШ ва ЕИ Косово мустақиллигини қўллаб-қувватламоқда.

Сербия президенти Борис Тадич Косово мустақиллигини эълон қилиши узоқ вақтдан бери ечимини топмай келаётган минтақавий можаролар қайта авж олиши ва янгилари бошланишига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Сербиянинг ЕИдан яккалаб қўйилишига қарши эканини қайд этган Б.Тадич ЕИнинг Косоводаги ҳозирлиги кучайишини қўллаб-қууватлашини билдирди.

“Биз ЕИнинг Ғарбий Болқонда, жумладан, бизнинг жанубий вилоятимиз бўлган Косовода ўз фаолиятини кенгайтириш йўлидаги уринишларини принципда қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Б.Тадич.
ЕИ ташқи ишлар вазирларининг 18 февраль кунги йиғилишида ЕИнинг қонунчилик ва ҳуқуқ-тартибот бўйича 1800 кишилик миссиясини Косовога жўнатиш ҳақида қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Шу кунларда Сербиянинг ЕИ билан муносабатлари кескин ёмонлашди. 7 февраль куни Брюсселда Сербия бош вазири Воислав Коштуница ЕИ билан ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолаш таклифини рад этди. В.Коштуница буни Косова эвазига берилган таклиф, дея баҳолади.
XS
SM
MD
LG