Линклар

Туркманистоннинг сайланганига 1 йил тўлган президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов мамлакатнинг марҳум раҳбари Сапармурод Ниёзовдан фарқли ўлароқ, секин-асталик билан бўлса-да, очиқ жамиятлар билан ҳамкорлик қилишга етакламоқда.

Туркманбоши Сапармурод Ниёзов ўлимидан сўнг президент лавозимини эгаллаган Қ.Бердимуҳаммедов бир йил оралиғида бир қанча ижобий қарорлар қабул қилди. С.Ниёзов миллатнинг маънавий отаси, туркман янги тарихи яратувчиси унвонларига даъвогарлик қилганди. У ҳафта кунлари ва ойлар номларини қариндошлари исмлари билан алмаштирган, балет, опера, циркни тақиқлаган, пенсияни бекор қилган, маориф ва соғлиқни сақлаш тизимларини ўрта аср вазиятига тушириб қўйган эди.

Қ.Бердимуҳаммедов бир йил ичида ўн йиллик маориф тизимини қайта тиклашга, тиббиётни жонлантиришга, пенсиялар яна қайта берила бошланишини таъминлашга муваффақ бўлди.

Бу жараён Туркманистонда “Уйғонишнинг катта даври”, деб атала бошланди.

“Айни пайтда Туркманистон ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйди. Матбуотимиз бу жараённи “Уйғонишнинг катта даври”, деб баҳолади. Шундай экан, биз ўзимиз учун иқтисод ва бошқа соҳалар ривожида муҳим бўлган тамойилларни ҳал этиб олмоғимиз лозим”,- деди Қ.Бердимуҳаммедов.

Туркманистон президентининг таъкидлашича, ҳозирги кундаги энг муҳим тамойил маорифни қайта тиклашдир.

Ҳозир республика 600 та мактабга эҳтиёж сезмоқда. Қ.Бердимуҳаммедов қисқа вақт ичида етишмаган 600 та мактабни қуриш ва бунинг учун 4 миллиард доллар ажратишга кўрсатма берди.

Очиқ жамият институтининг Туркманистондаги собиқ вакиласи Эрика Дэйлэй сўзларига кўра, мамлакатда айрим ўзгаришлар бўлмоқда, лекин уларнинг ижобий ёки салбий ўзгаришлар эканини айтишга эрта.

“Аммо олинаётган кўплаб маълумотларга кўра, Туркманистонда жуда заиф, ўта мўрт бўлса ҳам енгилроқ ва эркинроқ нафас олиш имконияти пайдо бўлаётир”,- деди Эрика Дэйлэй.

Туркманистон президентининг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳаракати ҳам эътиборни тортади. Масалан, у бир йил ичида Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Эрон президентлари, АҚШ ва Хитой делегациялари билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, Қ.Бердимуҳаммедов Сапармурод Ниёзов қилмаган ишларни амалга ошириб, БМТ, НАТО, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишларида иштирок этди.

Шунга қарамай, Қ.Бердимуҳаммедовнинг халқаро ҳамжамият билан алоқаларни мустаҳкамлаш уринишлари унинг демократик тамойилларга таянишидан далолат ҳам эмасдир. У Туркманбоши сингари мухолифатга нисбатан сиёсатни ўзгартирмади. Туркман мухолифати ҳамон таъқиб қилинмоқда ва қувғинликда фаолият юритаётир.

Туркман мухолифати вакили Нурмуҳаммад Ханамов Қ.Бердимуҳаммедовни мухолифат билан ҳамкорликка даъват этади.

“Биз Қ.Бердимуҳаммедов президентлигига қарши эмасмиз. У ваъдаларининг устидан чиқишини, турмуш даражаси юқорилашини, Туркманистон демократик давлатга айланишини истаймиз. Шунингдек, сиёсий маҳбуслар озод этилиши шартлиги асосий талабимиздир”,- деди Н.Ханамов.

Сиёсатчилар орасида Қ.Бердимуҳаммедов нефть ва газга бой ўлка раҳбари сифатида дунё ҳамжамиятининг фаол аъзосига айланади, деган умид бор эди. Бироқ кейинги даврда туркман президенти умидли қарорлар қабул қилишга ҳали шошаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG