Линклар

Олтинбек Сарсенбоев ўлдирилганига икки йил тўлди


Қозоғистондаги таниқли мухолифатчи Олтинбек Сарсенбоев ўлдириб кетилганидан бери икки йил ўтганига қарамай, унинг яқинлари ва тарафдорлари бу қотилликнинг расмий версиясига ишонмай келаётир.

Собиқ ахборот ва маданият вазири, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби, дипломат ва сиёсий ҳаракат ҳамраиси О.Сарсенбоев, унинг тансоқчиси ва ҳайдовчисининг жасадлари 2006 йил 11 февралда Олмаота вилоятидан топилган эди. Катта шов-шувга сабаб бўлган мазкур қотилликдан уч ой аввал яна бир таниқли мухолифатчи, Олмаотанинг собиқ ҳокими Замонбек Нуркадилов ўз уйидан жасадида 3 ўқ билан топилганди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари З.Нуркадилов ўз жонига қасд қилганини, О.Сарсенбоев ўлимига эса унинг Сенат ходимлари билан шахсий келишмовчилиги сабаб бўлганини маълум қилганди.

Шунга қарамай, бугунги кунда кўпчилик қозоғистонликлар, хусусан, жамоат арбоблари унинг ўлими сиёсий қотиллик бўлиб, у юқоридан, хусусан, ҳукумат томонидан берилган топшириқ эканини айтмоқда.

О.Сарсенбоевнинг яқин дўстларидан бири, Қозоғистон журналистлари академияси президенти Розлана Таукина мамлакат мустақиллигининг илк кунлариданоқ президент Нурсултон Назарбоевнинг энг яқин маслаҳатчиси ва ўнг қўли бўлган О.Сарсенбоевнинг ваҳшиёна ўлдирилишига олиб келган омилларни унинг мухолифатга ўтган кунидан қидириш кераклигини айтади.

“О.Сарсенбоев кучли идеолог эди. Қозоғистон мустақиллигининг илк кунлариданоқ аксар ҳолларда О.Сарсенбоев ғояларидан илҳомланган Н.Назарбоев ўзини кўпчиликка ҳақиқий демократ қилиб кўрсата олган. О.Сарсенбоевнинг мухолифатга ўтиб кетгани ҳукуматни жиддий ўйлантирган. Чунки Н.Назарбоевнинг О.Сарсенбоев туфайли амалга оширган ишлари чиппакка чиқиши мумкин эди. Н.Назарбоев ўз оппоненти ғояларига қарши чиқа олмасди”,- дейди Р.Таукина.

Умри сўнггида амалдаги ҳукумат ва президент оила аъзоларини қаттиқ танқид қилгани эса О.Сарсенбоевнинг ҳаётидан хавфсирашга кучли асос берар эди.

“Биз ўша пайтда унинг ҳаётига бўлган хавф қайси тарафдан келаётганини билганмиз,- дейди О.Сарсенбоевнинг укаси Рисбек Сарсенбоев. - Яқинлари ва ҳатто оддий кишилар ҳам Олтинбекнинг ҳаётига хавф туғилганини сезиб, уни асрашимиз кераклигини айтган эди. Олтинбекнинг ҳар сафар амалдаги ҳукумат ва президент оиласини қаттиқ танқид қилгани унинг ҳаётига бўлган хавфнинг тобора кучайиб бораётганини англатар эди. Уни кўп маротаба огоҳлантиришган”.

Н.Назарбоевнинг қочқинликдаги собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев ўзининг сўнгги интервьюларидан бирида О.Сарсенбоевнинг сиёсий ўлими ортида қайнотаси ҳам турганига ишора қилиб, бу ҳақда ўзи ёзаётган “Ўғрибоши қайнота” китобида батафсил тўхталиб ўтишини билдирган эди. Кўпчилик буни Р.Алиевнинг навбатдаги сафсатаси ёки расмий Остона билан савдолашиш ўйинини бошлаганидан дарак, дея баҳолаганди.

Аммо мустақил журналист Сергей Дуванов бошқача фикрда.

“Ҳозир Р.Алиев О.Сарсенбоев ўлими борасида ё фактларни ўртага ташлаши, ёки уларни қандайдир йўллар билан ўйлаб топиши керак. Чунки ўз обрўсини сақлаб қолишни истаса, китобида сиёсий қотиллик тафсилотларини фош этиши керак. Менимча, Р.Алиев Қозоғистон махсус хизматида ишлаган пайтида сиёсий қотилликлар ҳақида фактлар тўплашга бемалол улгурган”,- дейди Сергей Дуванов.
XS
SM
MD
LG