Линклар

logo-print

Фақат президент биладиган жавоб

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2007 йил кунларига бағишланган мажлисда “мамлакат, авваламбор, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити ва сифати босқичма-босқич яхшиланиб бораётгани”ни билдирди.

“2001 йилда меҳнатга лаёқатли аҳолининг ўртача иш ҳақи кун кечириш учун минимум даражада зарур бўлган маблағнинг 99 фоизини ташкил этган бўлса, 2007 йилда бу кўрсаткич 3 баробардан кўпроқ ошди. Таъкидлашим керакки, бу рақам МДҲ мамлакатлари ўртасида юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади”,- деди президент.

Мана бу эса президентнинг таъкидига андижонлик оддий бир мактаб ўқитувчиси Олимжон аканинг муносабати: “Президент орзуларимизни гапирди-да. Реал ҳаётда мутлақо бундай эмас. Биз учун эмас бу гаплар. Оддий ўзбекистонликлар реал ҳаёт қандай эканини ўзи билади...”

Президент нимани гапиргани-ю, ўқитувчи унинг гапига нега ишонмаётгани сабабини тушуниш учун, аввало, кун кечириш минимуми нималигини тушуниб олиш лозим.

“Кун кечириш минимуми инсоннинг нормал кун кечириши учун энг зарурий маҳсулотлар савати – истеъмол савати ҳамда уй-жой, коммунал тўловлар ва бошқа зарурий тўловлардир”,- дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Демак, ўзбекистонликнинг ўртача бир ойлик маоши минимал эҳтиёж даражасида бир ой емак-ичмак, кийим-кечак учун, коммунал хизматлар учун тўловларни, бошқа зарурий тўловларни амалга ошириш учун кетадиган сарф-харажатни 3 марта қоплайди, деяпти президент.

“Кўпчилик давлатларда кун кечириш минимуми қонун билан белгилаб қўйилган,- дейди Камолиддин Раббимов. - Бироқ Ўзбекистонда бу ҳақда конституцияда айтилади-ю, ўтган 17 йил ичида бу борада қонун қабул қилингани йўқ. Ваҳоланки, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида, хусусан, Россияда бундай қонун мавжуд”.

Хўш, агар кун кечириш минимуми тўғрисида қонун қабул қилинмаган бўлса, яъни ўша минимум неча пул туриши белгиланмаган бўлса, унда президент нимага асосланиб айтди бояги гапни?

Бу саволга фақатгина президентнинг ўзи жавоб бера олиши мумкин. У киши кун кечириш минимуми, истеъмол савати, деганда нимани назарда тутаётганини битта ўзи билади.
XS
SM
MD
LG