Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:27

Сайлов арафасида зўравонлик кучаймоқда


Яқинда Покистон шимоли-ғарбида 35 киши умрига зомин бўлган иккита террорчилик ҳаракатининг содир этилиши парламент сайлови арафасида мамлакат аҳолисининг хавфсизлиги таҳдид остида қолаётгани сифатида баҳоланмоқда.

9 февраль куни худкуш 30 одамнинг умрига завол бўлган, 50дан ортиқ одамни яралаган эди. Иккинчи террорчилик ҳаракати оқибатида етти киши ҳалок бўлди. Ҳар иккала зўравонлик номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари пайтида содир этилган.

Бу террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ҳозиргача ҳеч қандай қуролли гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ. Бироқ ҳукумат бу зўравонликларда “Толибон”нинг Покистондаги қолдиқлари ва “Ал-Қоида” гуруҳини айбламоқда.

“Авоми миллий” партияси вакили Зоҳид Хоннинг айтишича, ҳар қандай зўравонликларга қарамай, унинг партияси сайловда фаол қатнашади.

“Биз сайловда иштирок этамиз, чунки биз зўравонсизлик фалсафасининг тарафдоримиз. Биз зўравонликлар бўлажак сайловга тўсқинлик қилиш мақсадида ўтказилаётганини биламиз. Бу ҳокимиятни ўзлаштириб олмоқчи бўлаётганлар манфаатидадир. Шунинг учун ҳам биз уларнинг ниятлари амалга ошишига халақит бермоқ мақсадида сайловда қатнашамиз”,- деди Зоҳид Хон.

Учрашувлар пайтида зўравонлик ҳолатларининг содир этилаётгани туфайли сиёсий кучлар кенг миқёсда оммавий сайловолди тарғиботи олиб бориш хоҳишини чеклашга мажбур бўлмоқда.

“Беназир Бҳуттога уюштирилган суиқасд мамлакатнинг асосий сиёсий лидерларига нисбатан ҳам суиқасдлар ўтказилиши мумкинлигидан дарак бўлди. Покистон шимоли-ғарбидаги террорчилик ҳаракатлари эса мамлакатдаги сиёсий қатъиятсизликни кучайтирди”,- дейди покистонлик таҳлилчи Зоҳид Ҳусайн.

Лондонлик таҳлилчи Шоҳид Саъдуллоҳнинг айтишича, парламент сайлови арафасида зўравонликнинг кучайиши овоз бериш жараёнини таҳдид остида қолдиради.

“Сайловолди тарғиботи жуда суст ўтказилди. Бу эса овоз бериш жараёнида жуда оз сайловчи қатнашишига сабаб бўлиши мумкин. Аввалги сайловда сайловчиларнинг 26 фоизи овоз берган, деган маълумотлар бор. Афсуски, сайловчилар иштироки қанча кам бўлса, сайловнинг адолатли ўтганига ишонч ҳам шунча кам бўлади”,- деди Шоҳид Саъдуллоҳ.

Айни пайтда ҳукумат сайлов жараёни хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўра бошлаганини эълон қилмоқда. Жумладан, Покистон ички ишлар вазири Ҳомид Навоз 12 февралдан бошлаб махсус кучлар мамлакат ҳудудини кучайтирилган тартибда назорат қилишга ўтганини билдирди.

Бироқ кузатувчилар овоз бериш жараёни ўтадиган 18 февралгача яна зўравонликлар такрорланишидан хавотир билдирмоқда.

Кузатувчилар таъкидича, яна бир зўравонлик сайлов кечиктирилишига туртки бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Бу эса Покистон жамиятидаги беқарорликка ядро бомбаси каби таъсир кўрсатиши мумкин.
XS
SM
MD
LG